“Google” 9 қатор код учун “Oracle”га жарима тўлайди

“Google” интернет-гиганти Android платформасини ишлаб чиқишда “Oracle” компаниясига тегишли “Java” дастурлаш тилининг 9 қатор кодини кўчиришда айбдор деб топилди.

Эслатиб ўтамиз, “Oracle” 2010 йилнинг август ойида “Google” устидан уни “Java” дастурлаш тилига тегишли патентларни бузганликда айблаб, суд даъвоси очган эди. Ушбу тил “Google” томонидан 2008 йилда ишлаб чиқилган Android платформасининг асосини ташкил этади. Ҳозирда ушбу платформа смартфонлар учун дунёдаги энг машҳур мобил операцион тизим саналади.

Ишга бириктирилган адвокатларнинг сўзларига кўра, “Google” бунинг учун “Oracle”га 150-200 минг доллар атрофидаги жарима пулини тўлаши лозим бўлади. Аммо, “Oracle” суд даъвосини очганда товон пули сифатида бир миллиард доллар маблағ талаб қилган.

Суд жараёнида “Oracle” бош ижрочи директори Ларри Эллисон, “Google” асосчиларидан бири ва унинг ҳозирги кундаги раҳбари Ларри Пейж ҳам иштирок этишган.

“Java” дастурлаш тили 1990 йилларнинг ўрталарида “Sun Microsystems” компанияси томонидан ишлаб чиқилган. “Oracle” эса 2010 йилнинг январ ойида “Sun Microsystems”ни 7,4 миллиард долларга сотиб олганидан сўнг, “Java” устидан ҳам ўз назоратини ўрнатган.

SHARE