“Google”нинг ҳайдовчиси йўқ автомобиллари кўчага чиқди

АҚШнинг Невада штати маъмурияти мамлакатда биринчи бўлиб “Google”нинг автоном бошқариладиган автомобилларини умумий фойдаланиш йўлларига чиқишига рухсат берди.

Бироқ, ҳозирча ушбу автомобиллар кўчага чиққанида унда камида икки киши бўлиши лозим. Қоида бўйича автоном бошқарувга эга автомобилларда бир киши ҳайдовчининг ўрнида ўтириб, автомобил автоматик ҳаракатдан тўхтаганда вазиятни қўлга олиш учун шай бўлиб туриши, иккинчиси эса йўловчи ўриндиғида ўтириб, вазиятни бошқаришга ёрдам бериши лозим.

Автоном бошқарувга эга “Toyota Prius

“Google”нинг автоном бошқарувга эга автомобилларига махсус қизил карточка берилиб, унга чексизлик белгиси туширилади – шундагина уларга умумий фойдаланишдаги йўлларда юришига рухсат берилади. Таҳлилчиларнинг айтишича, чексизлик белгиси “келажак автомобили” деган тушунчани беради.

“Google” ҳозирда бундай автомобиллардан саккизтасини кўчага чиқаришни мўлжалламоқда – олтита “Toyota Prius”, битта “Audi TT” ва битта “Lexus RX450h”.

Ҳозирда Американинг Калифорния, Оклахома, Гавайи ва Флорида штатлари ҳам автоном бошқарувга эга автомобилларга кўчада юришига рухсат бериш ҳақида ўйламоқда.

“Google” келажакда автоконцернлар билан ҳамкорликда бундай автомобилларни оммавий ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, ҳар йили жаҳонда йўл-транспорт ҳодисаларидан 1,2 миллиондан ортиқ одам ҳаётдан кўз юммоқда.

“Google”нинг автоном бошқарувга эга автомобилларига кузатув видеокамераси, радарлар ва йўлдаги бошқа автомобилларни кузатиш учун лазерли масофа ўлчагичлар ҳамда “Google Maps” тизими ўрнатилган.

SHARE