Мудом таъзимдамиз, азиз фахрийлар!

Бугун инсоният тарихидаги энг буюк байрамлардан бири, энг катта мотам, энг оғир мусибат сабоғи эди. Негаки, бу уруш Собиқ иттифоқ аҳолисининг 27 миллион нафардан ортиғини ёстиғини қуритди, миллионлаб аёллар бева қолди, миллионлаб фарзандлар етим қолди, миллионлаб кишилар бир умрга ногирон бўлиб қолди.
Бу қабоҳат урушида тарихий ғалабага эришишда Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар ҳам муҳим роль ўйнади. Ўз вақтида 6 миллион нафардан ортиқ аҳолиси бўлган Ўзбекистон фронтга 1,5 миллион нафардан ортиқ ўғлонларини жўнатишга мажбур бўлди.


Ўзбекистон ҳудудига эса Ғарбий СССР ва фронт ҳудудларида жойлашган саноат корхоналари кўчириб келинди, мамлакат том маънода меҳнат фронтига айланди. Тошкент минглаб етим болалар, қариялар, ногиронлар учун бошпана ва нажот масканига айланди. Ўша суронли йилларда ўзбек халқи кўрсатган жасорат, меҳмондўстлик, олижаноблик кўрсатди. Шунинг учун ҳам “Тошкент нон шаҳри”, “Тошкент тинчлик шаҳри” деган улуғ номлар, асарлар, шеърлар, кинолар пайдо бўлди.

Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабага бу йил 67 йил тўлди. Ўзбекистонда ҳам ушбу байрам кенг нишонланди. Тошкент бош майдони — Мустақиллик майдонида жойлашган Мотамсаро она ҳайкали эрталабдан одамлар гавжум бўлди. Даставвал, мамлакат Президенти Ислом Каримов Иккинчи жаҳон урушида жон фидо қилган ватандошларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирган ҳолда, Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбар қўйди.

“Бугун сафимизда эсон-омон, бардам бўлиб, барчамизга маънавий мадад бериб, ибрат бўлаётган уруш қатнашчиларини чин қалбимдан табриклаш, уларга узоқ умр тилаб, ўзимнинг самимий ҳурматимни билдириш менга катта мамнуният бағишлайди”, деди давлат раҳбари. Шунингдек, президент “агар ана шу даҳшатли урушда 1,5 миллион юртдошларимиз қатнашганини, шулардан тахминан 500 минг ватандошимиз ҳалок бўлганини инобатга оладиган бўлсак, Ўзбекистонда ўша пайтдаги хонадонларнинг биронтасини бу фожиа четлаб ўтмагани аён бўлади. Орадан йиллар ўтади, замонлар ўтади, лекин халқимизнинг кўксидаги, қалбидаги мудҳиш уруш азоб-уқубатлари, айрилиқ яраси ҳеч қачон унутилмайди”, деб таъкидлади.

Байрам муносабати билан Ўзбекистондаги дипломатик корпус вакиллари ҳам Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбар қўйиб, барча уруш фахрийларини Хотира ва қадрлаш куни билан муборакбод этди. Чунончи, АҚШ элчихонасининг facebookдаги саҳифаси барчани байрам билан табриклаб, бугунги кундаги тинчликни қадрлашга даъват этди. Элчи жаноблари эса Мотамсаро она ҳайкали пойига АҚШ халқи номидан гулчамбар қўйди.

Шу куни Ўзбекистоннинг барча вилоятлари марказларида Мотамсаро она ҳайкали одамлар зиёрат қилган, ўтмишни хотирлаган, бугунги тинч замон учун шукрона айтган кун бўлди. Тошкентда ҳам кун давомида Хотира майдонидан одамлар аримади, уруш фахрийлари ва қурбонлари шаъни учун ҳарбий салютлар отилди.

Дарҳақиқат, бугун Ўзбекистонда 6600 нафардан ортиқ уруш фахрийлари бор. Бугун уларнинг ҳурматини жойига қўйиш, уларни эъзозлаш, шу Ватан йўлида жон берган уруш қурбонларини мунтазам хотирлаш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.
“Ватандош” газетаси ҳам Ўзбекистон ва хорижда яшаётган барча уруш фахрийларини, уларнинг оила аъзолари ушбу байрам билан чин юракдан қутлайди.

ЎзА суратларидан фойдаланилди.

SHARE