“Twitter” ўзининг мобил интерфейсини янгилади

“Twitter” микроблоглар сервиси мобил телефонлар учун ўзининг сайти интерфейсини янгилади.

Сайтнинг янги интерфейсини ишлаб чиқишда “Twitter”дан оддий мобил телефон орқали фойдаланувчиларнинг манфаатлари ҳисобга олинган бўлиб, у браузерларнинг эски версияларини ҳам қўллаб-қувватлайди, Интернетга эса паст тезлик бўлганда ҳам улана олади.

Эслатиб ўтамиз, “Twitter” охирги марта 2011 йилнинг декабрь ойида ўзининг мобил интерфейсини янгилаган эди. Ўшанда компания яқин кунларда сайтнинг мобил интерфейси ва веб-сайт интерфейси бир хил кўринишга келтирилиши ҳақида айтган эди.

Шу пайтгача оддий мобил телефонлардан mobile.twitter.com сайтига кирганда, сервиснинг эски кўриниши чиқар эди.

Ушбу янгиланишдан сўнг энди “Twitter”нинг оддий мобил фойдаланувчилари ҳам #Discover бўлимидан фойдаланиш имконига эга бўлишди. Шахсий твитлар ҳамда шахсий хабарлар эса “Me” блокида чиқади. Кузатиб бораётганлар, ретвитлар ва янги фолловерлар ҳақидаги маълумотларни @Connect блокида кўриш мумкин.

Бундан бир неча кун аввал “Twitter” ўзининг “iPhone” ва Android-смартфонлари учун чиқарган илова-дастурини ҳам янгилаган эди.

SHARE