10 майнинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


 

Меҳмонхона қурилишига пул ажратилди

Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси Тошкент шаҳар ҳокимиятига “Hyatt Regency” савдо белгиси остида меҳмонхона қуриш учун 42 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратди. Ушбу маблағлар 12 йил муддатга 3 фоиз ставкасида тақдим қилинган. “РИА Новости”нинг хабар беришича, Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, Тошкент шаҳар ҳокимияти ҳамда “Hyatt International” компанияси ўртасида апрель ойида 113 миллион долларлик меҳмонхона қуриш бўйича шартнома имзоланган эди.
Тошкент марказида бунёд этилиши кўзда тутилаётган мазкур олий даражадаги меҳмонхона 294 номерли бўлиб, 2013 йилнинг охирги чорагида фойдаланишга топширилади. Ушбу лойиҳанинг қолган харажатларини Ўзбекистон давлат бюджети ҳисобидан қопланади.


 

 

30 миллионинчи ўзбекни кутишмоқда

Ўзбекистон аҳолиси сони шу йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра 29,637 миллион нафардан ошиб кетди, деб хабар беради “Газета.ўз” сайти. Йил бошидан аҳолис ўсиш суръати 0,3 фоизни ташкил қилди.
Айни пайтда шаҳарларда истиқомат қиладиган аҳоли сони 15,2 миллион нафарга етиб, мамлакат жами аҳолисининг 51,2 фоизини ташкил қилмоқда. Ўтган давр ичида ҳар минг кишига нисбатан туғилиш кўрсаткичи 17,1 промиллни ташкил қилди. Ўлим кўрсаткичи эса 4,8 промиллдан иборат бўлди.
Биринчи чорак давомида 1600 нафардан ортиқ гўдак нобуд бўлган. Уларнинг 47,2 фоизи перинаталь вақтдаги ҳолатдан, 36,1 фоизи нафас органлари касалликларидан вафот этган.


 

 

Немис исмларига тегманг!

 

Германияда иммигрантлар ўз исмларини анъанавий немис исмларига алмаштиришга ҳаққи йўқ. Weltнинг ёзишича, Гёттинген маъмурий суди шундай қарорга келган. Судьяларнинг фикрича, ўз миллий исмини немис исмига ўзгартириш интеграция жараёнлари учун қилиниши шарт эмас.
Ушбу масаланинг судда кўрилишига Озарбойжондан бўлган оила вакилларининг мурожаати сабаб бўлган. Германияга қочоқ сифатида келган озарбойжонлик эр-хотин ўз исмларини ўзгартиришни сўраб маҳаллий ҳокимият органига мурожаат қилади. Агар ўз исмини алмаштиришмаса, уларга нисбатан дискриминация ҳолатлари сақланиб қолинишини сабаб қилиб кўрсатишган. Суд, шу билан бир қаторда, иш жойларида иммигрантлар исми талаффузи билан боғлиқ дискриминация ҳолатлари учраши мумкинлиги тан олиб, бу муаммо исмда эмас, балки жамият тараққиёти билан боғлиқ, деган қарорга келган.


 

 

Обаманинг қалтис баёноти

АҚШ президенти Барак Обама сайловларга олти ой қолганда жиддий мавзуда ўз муносабатини билдириб ўтди. Президент ABC телерадиокомпаниясига берган интервьюсида АҚШда бир жинсли никоҳларга рухсат берилиши керак, деб баёнот берди.
Reuters ахборот агентлигининг ёзишича, Президент Барак Обама биринчи марта ушбу масалада ўз қарашларини айтиб ўтди. Президент, шунингдек, бу унинг фақатгина шахсий фикри эканлигини ҳамда ушбу масалада қонунчилик штатлар даражасида ҳал этилиши керак, деб қайд этган.
Бундан бир неча кун бурун АҚШ вице-президенти Жо Байден ҳам бир жинсли ниоҳ қуришга қаршилиги йўқлигини айтишган эди. Мутахассисларнинг фикрича, Барак Обаманинг бундай қалтис мавзуда ўз муносабатини билдириши бўлажак сайловлар билан бевосита боғлиқдир. Чунки бундай баёнот либерал қарашдаги сайловчилар ўз сафига қўшиб олишга қаратилгандир.


 

 

Рейтингда пастладик

Халқаро футбол уюшмаси ФИФА терма жамоаларнинг янги рейтинг жадвалини эълон қилди. Унга кўра Вадим Абрамов мураббийлигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси аввалги ўрнидан бир пағона пастлаб, 70-ўринни эгаллаб турибди.
Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизматининг ёзишича, Ўзбекистон бу борада МДҲ ва Осиё мамлакатлари орасида бир ҳилда – 6-ўринда бораётир. Россия (11), Арманистон (47), Украина (50), Эстония (54) ва Беларус (69) терма жамоалари Ўзбекистондан олдинроқда эътироф этилган. Осиё етакчиларидан эса Австралия (21), Япония (30), Жанубий Корея (31), Эрон (52) ва Хитой (66) терма жамоалари ФИФА рейтингида Ўзбекистонни ортда қолдирмоқда. Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2014 IV саралаш босқичида Жанубий Корея ва Эрондан ташқари Қатар ҳамда Ливан мамлакатларига қарши кураш олиб боради. Рақиблардан Қатар 84, Ливан 129-ўриндан жой олган. ФИФА рейтингида 2010 йилги мундиал ярим финалига қадар етиб борган квартет дастлабки тўртта ўринни эгаллаб турибди – Испания, Германия, Уругвай ва Голландия. Кучли ўнталикка шунингдек Португалия, Бразилия, Англия, Хорватия, Аргентина ва Дания терма жамоалари ҳам киритилган.

SHARE