Дунёдаги 10 та энг яхши бош ижрочи директорлар (CEO), Barron’s – 2012

Дунёдаги энг яхши бош ижрочи директорлар (CEO) – улар кимлар? “Barron’s” версиясига кўра, дунёдаги энг яхши раҳбарларнинг аксарияти АҚШда яшайди. Иккинчидан, уларнинг кўпчилиги IT-соҳасидан чиққан.

1. Марк Бениофф – CEO, Salesforce.com, 1999 йилдан бери

Нима учун рўйхатда: булутли компьютер технологияларига йўлни очиб берган

Mарк Бениофф дунёда биринчи бўлиб янгича модадаги технологияларга асосланган бизнес юритишни бошлаган. Тўғри, бошида катта ҳажмдаги маълумотларни алмашиш учун Интернет тезлиги камлик қилган. Бироқ, Бениофф бошқаларга компьютер дастурларидан Интернетда фойдаланиш қанчалик тезкор, арзон ва ишончли эканлигини кўрсатиб қўйди.

Бениофф бошчилигида унинг компанияси булутли сервислар соҳасида етакчига айланди. “Salesforce”нинг йиллик даромади 2,27 миллиард долларга етади. Ҳозирда Бениофф корпоратив сектор учун ижтимоий тармоқ ишлаб чиқишни таклиф қилмоқда. Бу ҳамкасблар ва мижозлар билан мулоқот қилиш учун “Facebook”ка ўхшаган сайт бўлади.

2. Жефф Безос – CEO, Amazon.com, 1994 йилдан бери

Нима учун рўйхатда: онлайн-дўконлар ҳақида тасаввурни бутунлай ўзгартириб юборди

Жефф Безос дотком инқирозидан муваффақиятли чиқа олган ягона бошқарувчидир. Интернет-бозордаги “кўпиклар” ёрилиб кетганидан сўнг, кўпгина компанияларнинг раҳбарияти ўзгариб кетди.

AOL, “eBay”, “Yahoo!” раҳбарлари – Стив Кейс, Пьер Омидьяр ва Жерри Янг истеъфога чиқди. Фақатгина Безос бизнесда қолди.

Унинг раҳбарлиги остида “Amazon” нафақат дунёдаги энг катта онлайн-дўконга айланди, бироқ катта миқдорда фойда ҳам олди. Компания ўзининг “Kindle” электрон китоблар оиласига асос солди, “Amazon Web Services” орқали булутли сервислар соҳасига ҳам кириб борди. “Amazon” ҳозирги кунда бизнес учун бир қатор ечимларни, хусусан онлайн ҳисоб-китоблар учун зўр сервисини ҳам таклиф қилади.

Конвергенция – “Amazon” бизнесининг таянч нуқталаридан биридир. Mасалан, “Kindle” букридери учун электрон китобларни фақатгина “Amazon”нинг дўконидан сотиб олиш мумкин. Эътибор беринг, букридер ҳам, электрон китоб ҳам, уни сотадиган дўкон ҳам “Amazon”га тегишли.

3. Жеффри Бойд – CEO, Priceline.com, 2002 йилдан бери

Нима учун рўйхатда: йўқ бўлиб кетаётган компанияни бозорнинг етакчисига айлантирди

Priceline.com – мижозларга бир қатор сервислар учун чегирмаларни таклиф қиладиган сайт, 90-йиллар охирида пайдо бўлган. Дастлаб, у фақат туристларга мўлжалланган эди.

Сайтда авиачипталарни харид қилиш ва меҳмонхоналардан жой банд қилиш мумкин бўлган. Дотком инқирози пайтида “Priceline”нинг бизнеси янада кенгайди, деярли барча нарса учун, ҳатто ипотека кредитлари учун ҳам чегирмалар таклиф қилина бошланди. Аммо, инқироздан сўнг одамларнинг интернет-сервисларга бўлган ишончи пасайиб кетганди. Ўша пайтда Жефф Бойд “Priceline”ни эски ишлаш моделига қайтара олди.

Ҳозирда компания фақатгина туризм соҳасига асосланган бўлиб, бу бозорда етакчи саналади. Компания ўз даромадининг 80 фоизини Америкадан ташқаридан олади. Асосий бозор – Европа. Бойднинг таъкидлашича, энди Осиё даври келмоқда.

Компаниянинг акциялари мана 5 йилдирки “S&P” индексидан юқорида олди-сотди қилинмоқда.

4. Карлос Брито – CEO, Anheuser-Busch Inbev, 2005 йилдан бери

Нима учун рўйхатда: унинг раҳбарлиги остида дунёдаги энг йирик пиво ишлаб чиқарувчи компания олтин асрни бошдан кечирмоқда

Асли бразилиялик бўлган Карлос Брито олдин “Shell” ва “Daimler Benz” компанияларида ишлаган. Кейинчалик “Anheuser-Busch Inbev”ни глобал пиво бозорида етакчига айлантирган одам саналади.

Унинг раҳбарлиги остида Американинг “Anheuser-Busch” компанияси қўлга киритилди (битим суммаси – 52 миллиард доллар). Натижада, “Anheuser-Busch Inbev” бутун дунё бўйлаб 116 мингдан ортиқ ходим ишлайдиган трансмиллий корпорацияга айланди.

Унинг бозордаги улуши – 25 фоиз. Компания активларининг қиймати 114 миллиард долларга етади. Бу йўлда Брито “Beck’s”, “Stella Artois” ва “Budweiser” каби машҳур пиволарни “битта бочкага тиқа олди”.

5. Уоррен Баффет – CEO, Berkshire Hathaway, 1965 йилдан бери

Нима учун рўйхатда: инвестициялар бозоридаги энг йирик компанияни шакллантирди

Уоррен Баффет шундай бизнес моделини қурганки, ҳатто унинг иштирокисиз ҳам компания аввалгидек фаолият кўрсата олади.

Асосий фойдасини темир йўл операцияларидан оладиган “Berkshire Hathaway” инвестицион фондининг соф фойдаси жудаям катта – 11 миллиард доллар.

Умумий ҳисобда, Баффетнинг бизнеси 60 хил активларга эга бўлиб, агарда бирор соҳада пасайиш кузатилса ҳам, қолганлари унинг зарарини қоплаб кетаверади. Ўтган йили у 10 миллиард доллар эвазига химикатлар ишлаб чиқарувчи “Lubrizol” компаниясини сотиб олди.

Сўнгги пайтларда Баффет мўлжални бошқа томонга бурмоқда, ишлаб чиқаришга инвестиция қилишни афзал кўрмоқда. Аммо, 2011 йилда у IBM акцияларига 11 миллиард доллар миқдорида сармоя киритиб, ўзининг азалий анъанасини бузди – одатда, у технологик компанияларга инвестиция қилмас эди.

Америкада ҳозир “Баффет солиғи” деган тушунча ҳам пайдо бўлиб, унинг моҳияти шундай: бойлар ўзларининг инвестицион даромадларидан кўпроқ солиқ тўлаши лозим. Mашҳур инвестор ва филантроп компанияни яна 5 йил бошқаришни режалаштирмоқда.

6. Эдмунд Кларк – CEO, TD Bank, 2002 йилдан бери

Нима учун рўйхатда: “банк” ва “аъло сервис” тушунчаларини ягона бренд остида бирлаштира олди

Канадалик Эдмунд Кларк ўзининг банк хизматларини ҳатто энг талабчан ва тўйинган бозорларда ҳам сота олади. У “TD Bank”нинг Нью-Ёркдаги бўлинмасини очганида, мижозларга йўл-йўлакай бепул хот-доглар тарқатган.

Ҳозирда унинг компанияси Американинг чакана банк хизматлари бозорида бешинчи ўринда туради. Кларкнинг фикрича, яқин келажакда унинг банки “Sitibank” ва “J.P. Morgan Chase” банкларидан кейинги учинчи ўринга кўтарилиб олади.

Ҳалол банк хизматлари ва аъло даражадаги сервис “TD Bank”ни Канададаги энг таниқли молиявий компанияга айлантирди. Ҳозирда ушбу банк чет элларда ҳам ўзининг мустаҳкам позитсиясини эгаллаб бормоқда.

7. Жеймс Даймон – CEO, J.P. Morgan Chase, 2006 йилдан бери

Нима учун рўйхатда: умумий вазиятни эсдан чиқармаган ҳолда ҳар бир элементга алоҳида эътибор қаратади

Жеймс Даймон дунёдаги энг яхши бошқарувчилар рейтингига бир неча марта кирган. “J.P. Morgan Chase” раҳбари бўлгунча у Нью-Ёрк Федерал захира банки бошқарувчилари кенгашида ҳам ишлаган.

Унинг бошқарувчилиги остида “J.P. Morgan Chase” АҚШнинг энг кучли банкига айланди. Ҳатто, 2011 йилда у Американинг яна бир гигант банки – “Bank of America”ни сотиб олишга ҳам уриниб кўрган.

Ким билсин, балки Жеймс Даймоннинг навбатдаги мўлжали айнан “Bank of America” банкидир. Бунгача у 2009 йилда банкрот бўлган АҚШнинг олтинчи энг йирик банки – “Washington Mutual” бизнесини 1,9 миллиард долларга сотиб олган эди.

Бундан ташқари, “J.P. Morgan Chase” АҚШ ҳукуматидан жаҳон молиявий инқирози пайтида олган қарзини биринчилардан бўлиб тўлашга муваффақ бўлди. Бир пайтнинг ўзида ҳам майда деталларга, ҳам глобал стратегияга эътибор қарата олгани учун Жеймс Даймонни зоманамизнинг энг ҳурматли банкири ҳам дейиш мумкин.

8. Ларри Эллисон – CEO, Oracle, 1977 йилдан бери

Нима учун рўйхатда: дунёдаги энг яхши IT-компаниялардан бирини яратган

Эллисон Стив Жобснинг энг яқин дўстларидан бири бўлган. улар деярли чорак аср бир-бири билан мулоқот қилишган, ҳатто Стив Жобснинг сўнгги кунларида ҳам унинг ёнида бўлган. Бу иккала истеъдодли раҳбарларнинг характерлари ва диди бошқача бўлса-да, уларни бирлаштириб турган нарса – мукамалликка интилиш бўлган. Ҳар иккаласи ҳам 80-йилларда ўз компаниясига асос солишган бўлса, бу компаниялар ҳозиргача ҳам бозорда етакчи позицияларни эгаллайди.

“Apple” ўз эътиборини чакана бозорга қаратган бўлса, “Oracle” эса корпоратив соҳани эгаллади. “Oracle” ҳозирда сервер станциялар учун асбоб-ускуналар ва унга мос дастурий таъминотни етказиб беради. Эллисон келажакда компьютер хизматлари Интернет орқали кўрсатилишини олдиндан сезган. Компания ўзининг булутли сервисларини классик модел асосида қурган бўлиб, корпоратив дастурий таъминот бозорида доминантликни қўлга олган.

9. Ларри Финк – CEO, BlackRock, 1988 йилдан бери

Нима учун рўйхатда: дунёдаги энг йирик инвестицион компанияни яратган

Ларри Финкнинг фикрича, АҚШ Федерал захира тизимининг фоиз ставкаларини 2014 йилгача паст ушлаб туриши ҳақидаги қарори акцияларга инвестиция қилиш учун энг зўр имкониятдир.

Унинг компанияси ҳозирда умумий суммаси 3,5 триллион доллар бўлган активларни бошқаради.

 

10. Лью Франкфорт – CEO, Coach, 1995 йилдан бери

Нима учун рўйхатда: глобал бозорга “ҳамёнбоп ҳашам” буюмларини олиб кирди

Франкфорт бутун дунёга аёллар сумкаларини ишлаб чиқарувчи компания йилига 3,5 миллиард доллар даромад олиши мумкинлигини кўрсатиб қўйди. “Coach” компанияси ўртача қимматликдаги ҳашам буюмларини ишлаб чиқаради, шунинг учун ҳам у Жануби-Шарқий Осиё бозорини эгаллашда бошқаларга нисбатан анча илғор.

SHARE