Александр Лукашенко Лиссабондан то Владивостоккача ҳудудда ягона иқтисодий зона ташкил қилиш таклифи билан чиқди

Белоруссия президенти Александр Лукашенко сешанба куни Mинск шаҳрида ўз халқига ва парламентга қилган мурожаатида Лиссабондан тортиб то Владивостоккача бўлган ҳудудда умумий иқтисодий ҳудуд яратиш таклифини илгари сурди. Бу ҳақда “РИА Новости” нашри хабар қилган.

“Белоруссия интеграцияларнинг интеграциялашуви ғоясини илгари сурмоқда. Унинг мақсади – Лиссабондан то Владивостоккача умумий иқтисодий ҳудудни яратишдир”, – дейди Лукашенко.

Унинг сўзларига кўра, Россия, Белоруссия ва Қозоғистон ўртасида тузилган ягона иқтисодий ҳудуд раҳбарларининг 2011 йилнинг декабрь ойида Mосквада бўлиб ўтган саммитида айнан шу таклиф бўйича ғоялар ўртага ташланган.

“Mенинг фикримча, Mарказий Европа мамлакатлари ўзларининг миссиясига эга. Литва, Латвия, Белоруссия, Украина, Словакия, Чехия Ғарб ва Шарқ анъаналарини бирлаштириши лозим”, – дея давом этади у.

Унинг таъкидлашича, Россия ва Қозоғистон раҳбарлари бундай фикрни қўллаб-қувватлашмоқда.