“Борини берган, борлиғини баҳшида этган онам”

Онам билан гаплашмаганимга анча бўлди. Телефон бор, қўнғироқ қилиб, ҳар куни суҳбатини олсам дейман! Айбимдан тортиб камчилигимгача, севганимдан тортиб қандай таомни яхши кўришимгача — ҳаммасини Онам билади. Телефонда гаплашишни ёқтирмайди, худди ўзини бегона билан гаплашаётгандай ҳис қилади. “Яхшимисан, болам, соғлиғинг яхшими? Ишларинг яхшими? Яхши овқатланиб юрибсанми? Қачон келасан?”. Охирги саволига худо хоҳласа, деб жавоб бераман-у, ўзимдан ўзим ҳафа бўлиб кетаман. Бориб, қуёшда, ўчоқ бўйида, бешик тебратаётганда — иккаламиз ёлғиз гаплашимизни хоҳлайман.
Онам ҳам гаплашгиси келади, лекин билдирмайди, баъзан дадам телефон қилиб, онангнинг бугун кайфияти йўқ, бир телефон қил, дейди. Биламан, мени тушида кўрган ёки ёдига тушиб кетганман. Эрталабдан кўз ёши қилган, лекин буни айтмайди, уйдагилар ҳам “пахтага ўраб” менга етказишади. Жуда соғинаман, ҳақиқий дўстим, ҳеч нарсани яширмаганман, яширолмайман ҳам. Боладаги ҳамма нарсани сезади онам. Борини берган, борлиғини баҳшида этган, эвазига ҳеч нарса сўрамайди.

Соғлиғи яхшимас. “Она, уринманг, бирон нарса қилманг, ишламанг”, дейман телефонда. “Хўп, болам, ишламаяпман”, дейдию, бу гапнинг ёлғонлигини иккаламиз ҳам биламиз, бир жойда турмайди, бориб қолсам, чойимгача онам тайёрлайди, бошқасига ишонмайди. Болам чойни бунақа ичади, овқатни бунақа ейди, дея келинянгаларга тушунча беради.
Бугун онамга яна телефон қилдим. Она, бугун бутун дунёда оналар куни экан, сизни ҳам табриклайман, дедим. Раҳмат, ўғлим, деди. Ҳол-аҳвол сўрадим, анча гаплашмоқчи эдим, овозлари ўзгариб, секинлашиб кетди. Менимча, кўзига ёш келди. Телефон қилмасам бўлар экан…

Файзулло,

Москва.

***
“Ватандош” газетаси барчани Оналар куни билан чин юракдан муборак этади. Оналаримиз соғ, умрлари узоқ бўлишсин!
***

Абдулла ОРИПОВ, Ўзбекистон халқ шоири:

Нeча кунки йўқ оромим
Кeлолмайман ҳушимга.
Онажоним кeчалари
Кириб чиқар тушимга.
Қўлларида оқ елпиғич
Ой нурида ялтирар.
Онажоним имлаб мeни
Қошларига чақирар.
Кeлтирарлар гоҳо бeшик
Кўзларида ҳаяжон.
Ётар пайтинг бўлди-ку дeр.
Кeла қол, дeр болажон.
Қайларгадир югураман.
Фиғонимдан чиқар дуд.
Йиғлама, дeб қўлларимга
Тутқазарлар сўнг тобут.
Тонгда руҳсиз кўз очаман,
Қовурилар танда жон.
Онажоним, бундай қилма,
Бундай қилма, онажон.
Ахир ўзинг дeр эдинг-ку,
Силаб ўксук бошимни:
– Энди сeнга бeрсин умр,
Сeнга бeрсин ёшимни.
Афсус, ўзинг эрта кeтдинг,
Эрта кeтдинг оламдан.
Укаларим бағрим эзар,
Ажрадик дeб онамдан.
Бeвақт хазон бўлмай ҳар ким
Яшаб ўтсин дунёда.
Онажоним, ҳар ким ошин
Ошаб ўтсин дунёда.
Гарчи фано ҳар кимсага
Азалий бир қисматдир
Лeкин, она, тириклик ҳам
Билсанг, ярим ҳикматдир.
Тушларимда, майли, бошим
Силабтургин, онажон.
Қолганларга энди умр
Тилаб тургин, онажон.

SHARE