Mексикалик миллиардер АҚШдаги мобил операторни сотиб олди

Mексикалик бизнесмен, дунёнинг энг бадавлат кишиси – Карлос Слимга тегишли “America Movil” телекоммуникация компанияси АҚШдаги “Simple Mobile” алоқа операторининг 100 фоиз акциясини сотиб олди. Бу ҳақда “America Movil” чиқарган матбуот хабарномасида маълум қилинган.

“America Movil” ушбу битимни ўзининг шўъба компанияси – “Tracfone Wireless” номидан тузди. Битим суммаси расмий равишда эълон қилинганича йўқ, аммо “Reuters” агентлигининг манбаларига кўра, битим суммаси 100 миллион доллар атрофида бўлган.

Ушбу хариддан сўнг Карлос Слимнинг компанияси АҚШнинг мобил алоқа бозоридаги алоқасини янада мустаҳкамлаб олди. “Simple Mobile” компанияси “T-Mobile” алоқа операторининг бўлинмаси бўлиб, у бир миллиондан ортиқ абонентга хизмат қилади.

“Tracfone Wireless”нинг абонентлари сони жорий йилнинг март ойи ҳолатига 20 миллиондан ошади. Компания АҚШда ўз хизматларини “Tracfone”, “Net10”, “Straight Talk” ва “SafeLink” брендлари остида кўрсатади.

“Barclays” таҳлилчиларининг баҳолашича, “Simple Mobile”ни сотиб олганидан сўнг, “Tracfone”нинг Америка бозоридаги улуши деярли 30 фоизга етади.

“Forbes” журнали версиясига кўра 2010 йилдан бери дунёнинг энг бадавлат кишиси деган номга сазовор бўлиб кетаётган мексикалик Карлос Слимнинг асосий бизнеси телекоммуникациялар соҳасига йиғилган. Ҳозирда унинг бойлиги 69 миллиард доллар қийматида баҳоланмоқда. Унинг “America Movil” компанияси Mексиканинг мобил алоқа бозорида 70 фоиз улушга эга.