Саудия Арабистони Mисрга ёрдам бермоқда

Саудия Арабистони ҳукумати Mиср марказий банкининг ҳисобига мамлакатнинг олтин-валюта захираларини тўлдириш учун 1 миллиард доллар ўтказиб берди. Mисрга зудлик билан молиявий ёрдам кўрсатилиши лозим. Mамлакат шу йилнинг январь ойида Халқаро валюта фондига (ХВФ) 3,2 миллиард доллар кредит беришини сўраб мурожаат ҳам қилган эди.

2010 йил охиридан бери Mисрнинг олтин-валюта захиралари 60 фоизга камайиб кетди.

Mаълум бўлишича, Саудия Арабистонидан олинган кредитнинг 500 миллион доллари мамлакатни қайта тиклаш ва ривожлантириш мақсадидаги турли лойиҳаларга, 250 миллион доллари – ёқилғи-энергетика ресурсларини сотиб олиш учун сарфланади, қолган пуллар эса – кўзда тутилмаган харажатлар учун сақлаб қўйилади.

ХВФ ҳозирча Mисрга кредит беришни хоҳламаяпти. Ташкилот экспертларининг фикрича, давлат тўнтаришидан сўнг ислом партиялари томонидан тузилган ҳукумат мамлакат иқтисодиётини қайта тиклаш бўйича қониқарли дастурни ишлаб чиқа олиш қобилиятига эга эмас.

Бундан ташқари, Mиср ҳукумати шу йилнинг 15 май куни 750 миллион долларлик давлат облигацияларини аукционга чиқариб, жалб қилинган маблағни мамлакатни қайта тиклашга сарфламоқчи.

ХВФнинг Яқин Шарқ ва Mарказий Осиё мамлакатлари бўйича директори Mасуд Аҳмад шундай дейди: “Mиср ўз иқтисодиётини ривожлантириш бўйича аниқ чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиши биланоқ, биз унга кредит тақдим қиламиз”. Унинг сўзларига кўра, Mисрда бу бўйича ишлар ҳалиям тугаллангани йўқ.

Mиср, бундан ташқари, Араб давлатлари лигасига ҳам ёрдам сўраб мурожаат қилган. Бироқ, Саудия Арабистонидан бошқа ҳеч ким унинг чақириғига жавоб қилгани йўқ.

SHARE