Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги Консули Дурбек Амановнинг “Ватандош” газетасига берган интервьюси

Маълумки, март ойининг бошида “Ватандош” газетаси Ўзбекистон Республикасининг Нью-Йорк шаҳридаги Консули Дурбек Аманов билан суҳбат уюштириш мақсадида Facebookдаги саҳифамиз орқали ўқувчиларимиздан саволлар олган эдик. Биз саволлар бўйича консул билан бевосита видео-суҳбат уюштиришни режалаштирган эдик. Аммо айрим техник сабаблар туфайли ушбу ниятимиз амалга ошмай қолди. Шундай бўлса-да,  Ўзбекистон Республикасининг  Нью-Йорк шаҳридаги Консули Дурбек Аманов таҳририят томонидан юборилган саволларга атрофлича жавоб берди. Шунинг учун таҳририятимиз номидан ташаккур билдирамиз. Қуйида ушбу жавобларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Авваламбор, Ўзбекистан Республикасининг Нью-Йорк шаҳридаги Бош консулхонаси номидан “Ватандош” газетаси таъсисчилари ва мухарририятига ушбу сухбатни ташкил этиш ташаббуси учун миннатдорчилик билдирмоқчиман. Ватандан йироқда, хусусан АҚШда яшаётган ҳамюртларимиз учун газетангиз маънавий озуқа бўлиши билан бирга, уларга маълум даражада ҳуқуқий сабоқлар беришга интилаётгани мақтовга сазовор. Бундай хайрли фаолият “Ватандош” газетасининг асосий йўналишларидан бири бўлиб қолишини истар эдик.

 

Консулнинг асосий вазифалари нималардан иборат?

 

Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасалари фаолияти мавжуд халқаро конвенциялар, кўптомонлама ва иккитомонлама қабул қилинган битимлар ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Консуллик Устави ва Ўзбекистон Республикаси қонунлари асосида амалга оширилади. Хусусан, Консуллик Уставининг 3-моддасига биноан, Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасалари чет элда Ўзбекистон Республикасининг ҳамда Ўзбекистон фуқаролари ва юридик шахсларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қиладилар. Шу билан бирга, консуллик муассасаларимиз Ўзбекистон ва қабул қилувчи давлат, бизнинг мисолимизда АҚШ ва Канада, ўртасида дўстона муносабатларни ривожлантиришга ҳамда ушбу мамлакатлар билан иқтисодий, савдо, илмий-техникавий, маданий ва бошқа алоқаларни мустаҳкамлашга ҳисса қўшади.

Шуни таъкидлаш жоизки, барча консуллик муассасалари ўзларининг консуллик худудларига эгадирлар. Масалан, Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги Бош консулхонаси фаолият худудига АҚШнинг 32 штати, Канада, Мексика ва Марказий Америка мамлакатлари киради. Қолган штатлар ва Жанубий Америка мамлакатлари Ўзбекистоннинг Вашингтон шаҳридаги элчихонаси консуллик бўлими худудига киради.

Баъзи вазифаларимизга батафсилроқ тўхталадиган бўлсак, консулхонамиз қуйидаги кундалик амалий ишлар билан шуғулланади:

— АҚШ, Канада, Мексика каби мамлакатларга доимий яшаш учун ва вақтинчалик (ўқишга, ишлашга ва ҳоказо) келган Ўзбекистон фуқароларини консуллик рўйхатига олиш, уларга керакли ҳужжатларни расмийлаштириб бериш ва тегишли ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш;

— консуллик ҳудудида яшаётган Ўзбекистон фуқароларининг фуқаролик ҳолатларини қайд этиш – никоҳ, туғилганлик ва ўлим ҳақидаги гувоҳномаларни расмийлаштириш;

— фуқаролик масалаларига тегишли бўлган ҳужжатлар қабул қилиш;

— доимий яшаш жойлари (пропискалари) Ўзбекистонда бўлган ҳолатда хорижда вақтинча юрган ва паспортларини йўқотган ёки паспортларининг муддати тугаган фуқароларимизга Ўзбекистонга қайтиш гувоҳномаларини расмийлаштириш;

— консуллик ҳудудида истиқомат қилаётган фуқароларимиз учун турли ҳужжатларни, шу жумладан, далолатномаларни нотариал тасдиқлаш;

— консуллик ҳудудида ҳибсга олинган, судланаётган ва жазо ўтаётган Ўзбекистон фуқароларига нисбатан ушбу хорижий давлат қонунлари ва тегишли халқаро битимлар қўлланишини назорат қилиш;

— АҚШ, Канада ва бошқа хорижий давлат фуқароларига Ўзбекистонга кириш визаларини расмийлаштириш ва ҳоказо.

 

— Элчихона ва консулхона АҚШдаги ҳамюртларимиз учун қандай маданий тадбирлар ўтказиб келмоқда?

 

— Ўзбек халқининг бой тарихи ва маданиятини Америкада тарғиб қилиш ва кенг намойиш этиш ваколатхоналаримиз фаолиятининг муҳим йўналишларидан биридир. Бу ишда  АҚШ ва Канадада яшаётган ҳамюртларимиз билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз. Вашингтон, Нью-Йорк шаҳарлари ҳамда Нью-Жерси штатидаги Довер шаҳарчасида ҳамюртларимиз билан биргаликда кўплаб маданий тадбирлар ўтказилади.

Ҳар йили 1 сентябрь Ўзбекистон Мустақиллиги куни муносабати билан Нью-Йорк шаҳридаги дунёнинг энг йирик молиявий ва ишбилармон маркази ҳисобланувчи Уолл-Стритда Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг тантанали кўтарилиш маросими ўтказилади. Бу маросимда АҚШнинг расмий, ишбилармон ва жамоатчилик вакиллари билан бирга Америкада яшаётган ва ўқиётган юртдошларимиз фаол қатнашадилар. Тадбирда ўзбекистонлик санъат усталарининг чиқишлари намойиш этилади. Вашингтондаги элчихонамиз ва Нью-Йоркдаги ваколатхоналаримиз томонидан Мустақиллик байрамига бағишланган расмий қабул маросимларида АҚШдаги ватандошларимиз мунтазам қатнашадилар.

2011 йилда Канаданинг Торонто шаҳридаги ҳамюртларимиз билан биргаликда Ўзбекистон Мустақиллигининг 20 йиллигга бағишланган катта байрам тадбирини ўтказдик. Унда Канадада яшовчи ватандошларимиз билан бир қаторда, шу мамлакатнинг сиёсий ва жамоат арбоблари, ишбилармон доиралари, илмий ва маърифий соҳа вакиллари ҳам иштирок этдилар.

Сўнгги йилларда АҚШда Ўзбекистоннинг таниқли санъаткорлари иштирокидаги концертлар тез-тез ташкил этилмоқда. Йил давомида Вашингтон, Нью-Йорк ва Филадельфия шаҳарларида, Нью-Жерси штатида таниқли “Регистон” гуруҳи ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулсанам Мамазоитовалар иштирокида қатор маданий тадбирлар ўтказилди

Шу йил январь ойида Нью-Йоркдаги жахонга машҳур Карнеги Холл концерт залида халқимизнинг маданий дурдонаси бўлмиш “Шашмақом”га бағишланган катта мусиқий фестиваль ўтказилди. Ушбу тадбирда Ўзбекистон, АҚШ, Исроил ва Франциялик таниқли ижрочилар ва мусиқашунос олимлар қатнашдилар. АҚШнинг қатор штатлардан келган шашмақом мухлислари бир неча соат давом этган концерт дастурини мароқ билан тинглаб, томоша қилдилар.

Март ойида Туркистон-Америка жамияти, Чикагодаги Ўзбек-Америка жамияти, Бруклиндаги “Мурувват” маркази ва “Ватандош” газетаси билан биргаликда Нью-Жерсида, Чикаго ва Нью-Йорк шаҳарларида Наврўз байрами кенг нишонланди.

Бу ўринда элчихона ва консулликнинг Туркистон-Америка жамияти билан алоқалари диққатга сазовордир. Ҳозирги кунда ушбу жамият АҚШда ўзбек тили, маданияти ва халқимизнинг урф одатларини сақлаб, ривожлантиришга катта ҳисса қўшмоқда. Жамият Довер шаҳарчасида “Ўзбек уйи” деб аталадиган ўз биносига эга. Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, 2008 йилда Ўзбекистон Ҳукумати томонидан юборилган моҳир усталар ушбу бинони таъмирлаб, унга ўзига хос миллий руҳ бердилар.

Бугунги кунда Туркистон-Америка жамияти Ўзбекистон ва АҚШ халқлари ўртасида дўстона алоқаларни ривожлантириш борасида фаол хизмат қилмоқда.

Мамлакатларимиз ўртасидаги маданий ва маърифий ҳамкорликни мустаҳкамлашга АҚШ ва Канада бухоро яҳудийлари конгресси ҳам ҳисса қўшиб келмоқда.

Умид қиламизки, халқимизнинг бой тарихи ва маданиятини Америка жамоатчилигига яқиндан таништиришда бу ерда яшаётган барча ҳамюртларимиз ўзларининг хиссаларини қўшадилар. Она-Ватанимиз, буюк аждодларимиз, юксак маданиятимиз, меҳмондўст ва меҳнатсевар халқимиз ҳақида америкаликлар қанча кўп билсалар, жонажон Ўзбекистонимизга нисбатан уларнинг ҳурматлари шунчалик юқори бўлади.

— Консулхона Ўзбекистонда туризмни ривожлантиришга қандай ҳисса қўшяпти? 

 

— Авваламбор шуни айтиб ўтиш керакки, Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини юксалтириш масалаларига Ҳукуматимиз томонидан катта эътибор берилмоқда. Ўзбекистонга ташриф буюраётган хорижий сайёҳлар сонининг йилдан йилга ошиб бориши юртимиздаги туризм масканлари ва бу соҳа тармоқларининг тобора ривожланиб бораётганидан далолат беради.

2011 йилда Ўзбекистонга сафар қилувчи АҚШ ва Канада фуқароларига ваколатхоналаримиз томонидан бериладиган “турист” визаларининг сони 30 фоизга кўпайганини айтиш лозим.

Америкада Ўзбекистоннинг бой тарихий ва маданий меъросини тарғиб этиш, ҳамда мамлакатимиздаги қадимий ва ажойиб туризм масканларини тақдим этиш борасида ваколатхоналаримиз фаол иш олиб бормоқда.

Бугунги кунда АҚШ ва Канададаги ўндан ортиқ йирик туристик компаниялар билан яқин ишчи алоқалар ўрнатганмиз. Улар билан биргаликда қатор қўшма тадбирларни ўтказилмоқда. Ўз навбатида малакатимизда ўтадиган йирик туризм кўргазмалари ва маданий тадбирларга АҚШ ва Канаданинг туристик компаниялари вакилларини ҳам жалб қиламиз.

Шу йил январь ойида Сиэтл шаҳрида “MIR Corporation” компанияси билан ҳамкорликда “Буюк ипак йўли масканлари” номли тақдимот маросимини ўтказдик. Унда Сиэтл шаҳри расмий ва жамоатчилик вакиллари, ишбилармон доиралари, Вашингтон университети ўқитувчи ва талабалари иштирок этдилар. Тадбир давомида Самарқанд, Бухоро ва Хива каби қадимий шаҳарларимиз ва Ўзбекистоннинг туризм имкониятлари ҳақида намойиш этилган махсус дастур иштирокчиларда жуда катта қизиқиш уйғотди.

Март ойида консулхона мамлакатимизнинг БМТдаги ваколатхонаси ва “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси билан биргаликда «The New York Times Travel Show» кўргазмасида иштирок этдилар. Американинг «Silk Road Treasures Tours» компанияси ёрдамида ташкил этилган Ўзбекистон стенди 3 кун давомида юзлаб саёҳат ишқибозларининг эътиборида бўлди. Бундан ташқари кўргазма давомида иккита тақдимот маросими ўтказилиб, унда ўзбек миллий мусиқа ва рақслари ҳам намойиш этилди.

Шу йил давомида Пенсильвания, Калифорния ва Орегон штатлари ва Канаданинг Торонто шаҳрида Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятига бағишланган яна бир нечта тадбир ўтказишни режалаштирганмиз.

 

— АҚШда доимий турар жойни расмийлаштириш жараёни ва керакли ҳужжатлар (АҚШ фуқароси билан никоҳ қурганлик ҳақида) ҳамда Ўзбекистон фуқаролигидан чиқиш жараёни икки йилгача давом этади. Жаноб Консул, бу муддат мобайнида Ўзбекистонга иккита паспорт (Ўзбекистон ва АҚШ) билан кириб-чиқиш қонунийми?

 

— “Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида”ги Қонуннинг 1-боб 10-моддасида Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган шахснинг чет давлат фуқаролигига мансублиги тан олинмаслиги кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикасидан хорижга доимий яшашга кўчиб кетиб, икки фуқаролик ҳолатида бўлган шахсларга қуйидаги икки йўлдан бири таклиф этилади:

— Ўзбекистон фуқаролигида қолиш истагида бўлган шахслар бошқа давлат фуқаролигидан воз кечишлари, консуллик рўйхатида туришлари ва фақат Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспортидан фойдаланишлари лозим;

— хорижий давлат фуқаролигида қолиш истагида бўлган шахслар консуллик рўйхатида туриб, Ўзбекистон фуқаролигидан чиқиш учун ариза ва тегишли ҳужжатларни топширишлари лозим. Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони чиққунга қадар бундай шахсларга фуқароликдан чиқиш учун ҳужжат топширганликларини тасдиқловчи маълумотнома берилади. Ушбу маълумотнома билан фуқаро Ўзбекистонга икки паспорт билан бориб келиши мумкин. Аммо бундай ҳолатда мазкур фуқаронинг хорижий паспорти фақат тегишли чет давлатига чиқиш ҳуқуқини берувчи ҳужжат сифатида қаралади.

Икки фуқаролик ҳақида савол кўтарилган экан, бу масалага баъзи бир муҳим аниқликлар киритмоқчиман.

Биринчидан, бошқа хорижий давлат фуқаролигини қабул қилиш ёки қабул қилмаслик – хар бир шахснинг фуқаролик ҳуқуқидир. Шу билан бирга, фуқароликдан чиқиш “Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида”ги Қонун ва тегишли ҳуқуқий хужжатлар асосида амалга оширилиши лозим.

Иккинчидан, фуқароларимизнинг бошқа давлат, хусусан АҚШ ёки Канада фуқаролигини қабул қилиши, айни вақтда улар Ўзбекистон фуқаролигидан чиқди, деган маънони англатмайди. Буни билмаган баъзи фуқароларимиз “мен Америка фуқаролигини қабул қилдим, шунинг учун Ўзбекистонга бориш учун виза олишим керак”, деб консулхонамизга мурожаат қиладилар. Бундай фуқароларимизга яна бир бор эслатиб ўтамиз – Ўзбекистон фуқаролигидан чиқиш фақат Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони асосида расмийлаштирилади. Шундан кейингина бу фуқаро хорижий давлат фуқароси сифатида тан олиниши мумкин.

Учинчидан, икки фуқароликни тан олмаслик фақат Ўзбекистон қонунчилигида қайд этилган эмас. Дунёнинг жуда кўп мамлакатлари, жумладан қатор Европа давлатлари ва АҚШда хам икки фуқаролик тан олинмайди.

Бошқа давлат фуқаролигини қабул қилган шахс ўз зиммасига бир қанча ҳуқуқий ва сиёсий мажбуриятларни олади. Жумладан, АҚШ фуқаролигини қабул қилишдаги қасамёд матнини диққат билан ўқиб чиқсангиз, буни яхши тушунасиз. Шунинг учун бу масалага ниҳоятда жиддий ёндашишни, ҳар тарафлама ва чуқур ўйлаб, кейин қарор қабул қилишни тавсия қилган бўлар эдик.

 

—  Ўзбекистон фуқаролигидан чиқиш учун нима қилиш керак?

 

— АҚШ ва Канадага Ўзбекистондаги доимий яшаш жойидан рўйхатдан (пропискадан) ўчиб, чет элга доимий яшаш учун кетган фуқароларимиз Ўзбекистон фуқаролигидан чиқишга доир ҳужжатларини Бош консулхонага топширишлари мумкин. Консулхона вэб-сайтида бу ҳақда батафсил маълумот берилган ва керакли ҳужжатлар нусхалари кўрсатилган.

 

www.uzbekconsulny.org сайтида нега ҳамма ҳужжатларнинг шакли йўқ?

— Асосий ҳужжатларнинг шакллари сайтимизга киритилган. Фақат баъзи нотариал тасдиқланиши керак бўлган аризалар ва ишончномалар намуналари қўйилмаган. Бунинг сабаби – турли ташкилот ва идораларнинг хужжат матнига бўлган талабларидир.

Шу билан бирга, ҳозирги вақтда чет элдаги фуқароларимизга қўшимча қулайликлар яратиш ҳамда иш унуми ва сифатини ошириш мақсадида барча консуллик муассасаларимиз сайтларини такомиллаштириш бўйича иш олиб борилмоқда. Яқин орада бошқа турдаги ҳужжатларнинг шакллари ҳам сайтимиздан жой олади.

 

— Америкада фарзанд кўрганлар болани Консулликда рўйхатдан ўтказиши керакми?

 

— Ҳар иккала ота-онаси Ўзбекистон фуқароси бўлган ҳолда хорижда туғилган фарзандларга Ўзбекистон Республикасининг туғилганлик ҳақида гувоҳномасини консулхонада расмийлаштириш лозим. Фарзандларни бошқа турдаги рўйхатдан ўтказиш кўзда тутилмаган.

 

— Ўзбекистонга чет элдан меҳмонни чақириш учун визани қанча муддат кутиш керак?

 

— Агар хорижлик меҳмон АҚШ фуқароси бўлса, унга “Турист” визасини расмийлаштириш учун таклифнома талаб қилинмайди. Бунда Бош консулхонага ушбу шахснинг тегишли ҳужжатлари топширилади ва, одатда, 7 иш куни давомида виза расмийлаштирилади.

Чет эл фуқароси Ўзбекистонга хусусий таклиф асосида ва меҳмон сифатида боришни режалаштираётган бўлса ҳамда у ташриф давомида мехмонхонада эмас, балки шахсий манзилда яшайдиган бўлса, унга ички ишлар идоралари орқали таклифнома расмийлаштириш лозим. Бунинг тартиби, қандай ҳужжатлар топширилиши ва таклифнома қанча муддатда кўриб чиқилиши ички ишлар идоралари томонидан белгиланади.

 

— Баъзи масалаларни ҳал қилиш консулнинг қўлидан келмаса, бу масала бўйича тегишли идораларга мурожаат қиладими?

 

— Ҳа, албатта. Қатор масалалар бўйича консулхона Ўзбекистондаги бошқа ташкилотлар билан биргаликда иш кўради. Масалан, кўпинча фуқароларимиз Ўзбекистонда судланмаганликлари тўғрисида маълумот сўраб мурожаат қилишади. Бундай мурожаатларни Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига юборамиз ва у ердан керакли маълумот келгач, тегишли фуқаромизга етказамиз.

 

— Паспортимни йўқотиб қўйдим. Нима қилишим керак?

 

— Биринчи навбатда, маҳаллий полиция маҳкамасига мурожаат қилиб, ҳужжат йўқолганлиги ҳақида “Police Report” деган маълумотнома олиш лозим. Шундан кейин иккита фотосурат билан биргаликда Бош консулхонага мурожаат қилиш керак. Агар ушбу фуқаронинг доимий яшаш жойи Ўзбекистонда бўлса, унинг фуқаролиги тасдиқлангандан сўнг, Бош консулхона унга Ўзбекистонга қайтиш серитификатини расмийлаштириб бериши мумкин. Ўзбекистонга қайтгандан сўнг бир ой муддат ичида ушбу фуқаро янги паспортини расмийлаштириши лозим.

Шунга ўхшаш саволлар билан Бош консулхона веб-сайтида кўрсатилган телефонларимизга ёки электрон почтамизга мурожаат қилишингиз мумкин. Биламиз, баъзан фуқароларимиз биз билан телефон орқали боғланишлари қийин бўлади. Бунинг маълум сабаби бор.

Юқорида айтиб ўтганимдек, Бош консулхона фаолият худудига АҚШнинг 32 штати, Канада, Мексика ва Марказий Америка мамлакатлари киради. Бугунги кунда бу ҳудудда бир неча минг фуқароларимиз истиқомат қилмоқда. Бир кунда консулхонамизга телефон орқали ўрта ҳисобда 40 га яқин, электрон почтамизга 20 дан ортиқ мурожаатномалар келиб тушади. Яна 20-25 та ҳужжат почта хизмати орқали келади. Бундан ташқари, кундалик 30-40 киши, баъзи пайтларда 60 нафаргача фуқароларимиз турли мурожаатлар билан бевосита консулхонанинг ўзига келадилар.

Телефон қўнғироқларига ходимимиз соат 10.00 дан 13.00 гача ва 15.00-18.00 жавоб беради (ички телефон рақами – 108). Кўпинча телефон қилаётган фуқароларимиз саволларига атрофлича жавоб бериш 10-15 дақиқагача вақтни эгаллайди. Табиийки, шу пайтда бошқа фуқароларимиз телефон орқали биз билан боғлана олмайдилар.

Фурсатдан фойдаланиб, бизнинг консуллик ҳудудимизда яшаётган барча фуқароларимизга ўз мурожаат ва саволларини Бош консулхона электорон почтасига юборишларини тавсия этамиз. Электрон почта манзилимиз info@uzbekconsulny.org. Почтамиз бир кунда икки марта текширилади ва унга келиб тушаётган барча мурожаатларга 24 соат ичида жавоб берамиз.