“JPMorgan Chase”нинг катта йўқотиши: менга тушунтириб беринг

“JPMorgan Chase” банкига нима бўляпти? Билишни хоҳлайсизми, унда диққат билан ўқишда давом этинг.

“JPMorgan”, активлари бўйича дунёдаги энг йирик банк, сешанба куни охирги олти ҳафта ичида жуда катта миқдорда пул йўқотганини маълум қилди. Аммо, бу йўқотиш банкнинг “синишига” олиб келмаслиги табиийдир.

Шундай қилиб, “JPMorgan” банки 2012 йилнинг биринчи чорагида 5,4 миллиард доллар даромад олганига қарамасдан, у чоракни 800 миллион долларлик соф зарар билан ёпди.

Аммо, бундай катта банкнинг зарар кўриши назоратчиларда турли саволларнинг пайдо бўлишига олиб келиши табиийдир. Mасалан, банкнинг деривативлар билан олди-сотдиси қандай эди, унинг жаҳон молиявий тизимига туғдирадиган тизимли риски қанақа?

Хўш, “JPMorgan” қандай қилиб 2 миллиард доллар йўқотди?

Келинг, сафаримизни Лондон сари бурамиз, чунки “JPMorgan” ўзининг асосий инвестицион масалалар билан шуғулланувчи офисини шу шаҳарга қурган.

Бу бўлинма банкнинг рискларини “хежерлаш”, яъни суғурталаш билан шуғулланади. Mасалан, банк бирор йирик инвестицияни амалга ошираётган бўлса, бу бўлинма унга мос хежерлаш операцияларини ўтказади.

Сўнгги бир неча ойда ушбу бўлинма CDS (credit default swap) инструментлари билан ҳаддан зиёд кўп операция қилган, айнан шу инструментлар 2008 йилда ҳам жаҳон молия бозорларида хаосни келтириб чиқарган эди.

Бу худди қиморга ўхшайди. Бундай турдаги қиморларга масъул бўлган шахс, яъни “JPMorgan” трейдери Бруно Иксил исмли шахс бўлган. У фонд бозорларида турли никлар, яъни ўзига хос номлар билан ўйин қилган: Оқ кит, Лондон кити ва Волдеморт.

“The Wall Street Journal” газетасининг ёзишича, Иксил CDSлар билан жуда катта позицияни очган бўлиб, хеж-фондлар ҳам унга қарши катта позицияга киришга мажбур бўлишган.

Аслида, Иксил бирор нарсани ноқонуний қилганми-йўқми, бу ҳақда аниқ бир далил йўқ. Аммо, фонд бозорларидаги ўйинлар кучайиб кетганда, банк катта миқдорда пул йўқотди.

Бу “JPMorgan” учун қанчалик ёмон?

Кўрилган зарар “JPMorgan” учун ҳақиқатдан ҳам жуда ёмон ҳолат. Банк бош ижрочи директори Жайми Даймоннинг сўзларига кўра, ушбу йўқотишлар турли “хатоликлар”, “эътиборсизлик” ва “ёмон хулосалар” натижасида пайдо бўлган.

CDS инструментлари билан операцияларда 2 миллиард доллар йўқотишига қарамасдан, банкнинг Лондондаги бўлинмаси бошқа соҳаларда 1 миллиард доллар фойда билан чиққан. Даймоннинг таъкидлашича, шунча йўқотишга қарамасдан банкнинг жами фойдаси шу чоракда 4 миллиард долларгача етади.

Бу сиз учун қанчалик ёмон?

Бу хабар “JPMorgan” акцияларига эгалик қилаётган инвесторлар учун ёмон янгилик ҳисобланади.

Хусусан, жума кунги савдолар чоғида унинг акциялари нархи тушлик пайтигача 8 фоизга тушиб кетган. Бундан ташқари, бошқа йирик банклар – “Morgan Stanley”, “Goldman Sachs” ва “Citigroup” акцияларида ҳам пасайиш кузатилган. Аммо, бу пасайишлар бутун банк секторига узоқ муддатли истиқболда ёмон таъсир қилади дейишга ҳали анча эрта.

Аммо, бу йўқотиш “JPMorgan” ва унинг бош ижрочи директори Жейми Даймоннинг обрўсига анча путур етказиши мумкин. Қизиқ томони шундаки, бу банк 2008 йилги инқироздан энг кам зарар билан чиқишга муваффақ бўлган эди.

Жаҳон молиявий инқирози арафасида бир қатор танқидчилар йирик банкларнинг ҳаддан зиёд катталашиб кетаётгани ҳамда уларнинг катта фойда олишга бўлган интилиши глобал молия тизими учун тизимли рискларни келтириб чиқараётганлигини бир неча марта таъкидлашганди.

SHARE