14 майнинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


 

Ўзбекистонлик ҳужжатфурушлар қўлга олинди

Москва полицияси уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўйича ўтказган тадбирлари чоғида жиноятчи гуруҳнинг 21 нафар аъзосини қўлга олишга муваффақ бўлган. Москва полициясига кўра, уларнинг аксарияти Ўзбекистон фуқаролари бўлган. Улар чет эл фуқаросининг вақтинчалик рўйхатдан ўтганлигини, ишлашга рухсат берувчи ҳужжатлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси паспортларини қалбакилаштириш билан шуғулланиб келган. Тадбир чоғида жиноятчилардан қалбаки ҳужжатларни тайёрлаш учн зарур техника воситаларини, шунингдек, 30 та мобиль алоқа воситаси, 100 та печать ва штамп, шу жумладан, Москва шаҳри ва вилояти миграция хизмати, Россиянинг турли олий ўқув юртлари думалоқ муҳри ва штампини ҳамда муҳр ва штамп тайёрлашга ихтисослаштирилган қурилмани мусодара қилишган. Шу билан бир қаторда, ҳужжабфурушларда турли давлат ташкилотлари, вазирликларнинг расмий бланкалари ҳам топилган. Дастлабки ҳисоб-китобларга қараганда, улар кунига 50-100 минг рубль (15-31 минг АҚШ доллари) маблағ ишлаб топишган. Уларга нисбатан Россия қонунчилиги бўйича “фирибгарлик” айби қўйилади.


 

 

Толиблар билан асосий музокарачи ўлдириб кетилган

Кобулда Афғонистон президенти маслаҳатчиси, бир вақтлар мамлакат бош вазири бўлган Арсал Раҳмоний ўлдириб кетилган. ББСнинг хабар беришича, Раҳмоний ўқотар қуролдан жароҳат олганлиги боис касалхонада ҳалок бўлган. У номаълум шахс томонидан машинаси ёнида ўққа тутилган. Бор-йўғи битта ўқ отилган эса-да, жароҳат жиддий бўлганлиги боис Раҳмоний ҳалок бўлган.
Арсал Раҳмоний Афғонистон ҳукуматини 1992 йилда бир неча бошқарган. 1996 йилдан 2001 йилга қадар Толибларнинг олий таълим вазири сифатида ишлаб келган. Аммо 2001 йилдан сўнг толиблар билан орани очиқ қилиб, Карзай ҳукуматини ишлай бошлайди. Сўнгги йилларда у ҳукумат ва Толибонлар ўртасида музокараларга асосий воситачи сифатида бошчилик қилиб келаётган эди.


 

 

Тошкентда ер қимирлади

 

Ўзбекистонда кеча маҳаллий вақт билан 04:28 зилзила қайд этилди. Мазкур силкинишнинг маркази Тожикистон тоғларида жойлашганлиги қайд этилди. “Тошкент” сейсмостанциясининг маълумотларига қараганда, Тошкентда зилзила 2 баллни ташкил этди.
АҚШ геология хизмати маълумотларига кўра, зилзила эпицентрида силкиниш рихтер шкаласи бўйича 5,7 баллни, бошқа институтлар кўрсаткичи бўйича 6 баллни ташкил қилган. Эътиборли жиҳати, мазкур зилзиланинг маркази шу кунларда Тожикистон ҳукумати қурмоқчи бўлаётган Роғун ГЭСига яқин жойлашган. Сўнгги пайтларда Роғун ГЭСи атрофида сейсмик фаолликнинг ортиб бораётгани мутахассисларнинг ташвишига сабаб бўлмоқда.


 

 

Дуо куни конституцияга зид

Колорадо апелляция суди штат губернатори томонидан 2004-2009 йилларда Дуо кунини эълон қилинишини конституцияга зид деб, топди. Бундай қарорга 3 кишилик судьялар ҳайъати бир овозда қабул қилган. Судьялар бундай ёндашув дунёвий жамият қадриятларига зиддир. Судьяларнинг қарорига кўра, ҳокимият дуо кунини эълон қилиш орқали дуо ўқиган одамларга жамиятда кўпроқ устуворлик беради ваш шу йўл орқали диний камситишга йўл қўяди. Уларнинг фикрича, штатда ҳокимият художўй ва динсизларга ҳам бир хилда хизмат кўратиши керак.
Судьялар ушбу масала умуммамлакат нуқтаи назаридан кўриб чиқилмаганлигини, мамлакат президенти томонидан ҳар май ойининг биринчи пайшанбаси куни эълон қилинадиган умуммиллий дуо кунини кўриб чиқмаганлигини қайд этишган.


 

 

Жаҳонгир Отажоновдан жонли концерт

Ўзбек шоу-бизнесидаги муҳим воқеалардан бири, албатта, Жаҳонгир Отажонов томонидан бериладиган жонли концертлар бўлса керак. 11,12, 13 май кунлари Тошкентдаги “Истиқлол” санъат саройида “Отам ўгитлари” деб номланган концертини тақдим этган Жаҳон Отажоновнинг бу йилги жонли концерти кўпчиликда катта қизиқиш уйғотган. Хусусан, “Шов-шув.ўз” сайтининг ёзишича, хонанда барчасини қойиллатган. Дастурни ўзи, эркин бошқарган, аудитория билан мулоқот ўрнатди. Хоразмча шевада замонавий услубда қўшиқ куйлаб, тушунмаганлар учун қўшиқни тўхтатиб, “таржимонлик” ҳам қилди. Ҳеч кимдан сўрамай севдим”…Интернет орқали юборилган шеър муаллифидан жуда миннатдор экканлигини айтар экан, хонанда унинг аслида ким эканлигини билмаслигини ҳам эслади. Томошабинлар истагига биноан “Учрашмадик” ва яна бир неча эски репертуаридаги ёд бўлиб кетган тароналарни куйлаб, зални оёққа турғизиб юборди. Концертнинг бош таронаси “Отам ўгитлари”нинг тарбиявий аҳамияти ҳеч кимни бефарқ қолдирмади. Сўзлар титратади. Ахир, сўз Муҳаммад Юсуфники. Жонли ижро. Хуллас, концерт барчанинг қалбида қолди.

SHARE