15 майнинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


 

Марказий Осиё мамлакатлари вакиллари НАТО саммитида иштирок этади

Марказий Осиё мамлакатлари вакиллари шу йилнинг 20-21 май кунлари АҚШнинг Чикаго шаҳрида бўлиб ўтадиган саммитига таклиф қилинган. Бу уларнинг Афғонистондаги ҳарбий кучлар учун юкларни етазишдаги роли катта эканлигидан далолатдир, деб ёзади “Регнум” ахборот агентлиги.
НАТО бош котиби Андерс Фог Расмуссеннинг қайд этишича, мазкур саммитда ISAF халқаро хавфсизликка кўмаклашиш кучлари ҳамкори бўлган 50 давлатдан ташқари Марказий Осиё давлатлари ҳамда Россия таклиф қилинган. Боиси ушбу мамлакатлар Афғонистондаги ҳарбий амалиётларни амалга ошириш учун транзит имкониятларини яратиб бермоқда. Расмуссеннинг сўзларига кўра, Чикагодаги саммитда 60дан ортиқ мамлакат ва халқаро ташкилотлар иштирок этади. Бу НАТО тарихидаги энг катта саммитдир.


 

 

Йўлда СМС ёзманг!

Нью-Жерси штатидаги Форт Ли шаҳри ҳокимияти йўл-йўлакай телефонида СМС ёзиб кетадиган одамларга қарши тарғибот кампаниясини бошлаб юборди. The New York Daily Newsнинг ёзишича, шаҳарда пиёда юрганда СМС ёзиб кетишни тақиқлайдиган қонун қабул қилинди. Ушбу қонун талабларини бузганларга полиция ходимлари жарима солишни аллақачон бошлаб юборган. Маҳаллий ҳокимиятнинг бундай қаттиқ йўлдан боришига СМС ёзиб юрган одамлар билан содир бўлаётган йўл-ҳаракати ҳодисалари сабаб бўлган. Шаҳар полицияси сўзларига қараганда, жорий йилнинг ўзида йўлда машиналар СМС ёзиш билан банд бўлган ҳолда қизиқ чироқдан ўтиб кетган 20 кишини уриб юборган. Дастлабки 15 кун ичида мазкур қонун бўйича жавобгарликка тортиш қайд этилса-да, жарима тўламаслик мумкин. Фақат қоидани бузган шахслар полиция ходимидан тушунтириш олишга мажбур бўлишади. Аммо ушбу муддат тугагач, қонун талабларини бузган шахслар 85 доллар жарима тўлашга мажбур бўлади.


 

 

Франсуа Олланд — Франция президенти

Францияда бўлиб ўтган сайловларда ғалаба қозонган Франсуа Олланд кеча Елисей майдонида қасамёд қилди ва Николя Саркозидан ҳокимиятни қабул қилиб олди. “Agence France-Presse” ахборот агентлиги хабарида келтирилишича, инауграция тадбирида Николя Саркози ҳам иштирок этди. Эслатиб ўтамиз, мамлакат президентлиги учун бўлиб ўтган сайловларнинг иккинчи турида унча кўп бўлмаган фоизда овоз билан Франсуа Олланд ғалаба қозонган эди. Мағлубиятини тан олган Николя Саркози “Франсуа Олланд энди Франция президенти, уни ҳурмат қилиш лозим”, деб қайд этган эди.
Франсуа Олланд сўнгги 17 йил давомида ҳокимият тепасига келган биринчи социалист-президент ҳисобланади.


 

 

Тошкентда доимий пропискага қўйиш бошланди

Ўзбекистон Ички ишлар вазирининг буйруғи билан Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома тасдиқланди. Буйруқ 2012 йилнинг 14 майидан кучга кирди. Мазкур Йўриқнома ўтган йили 14 сентябрда кучга кирган “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни асосида ишлаб чиқилди.
Йўриқномада фуқароларнинг рўйхатда кўрсатилган ҳар бир тоифаси учун доимий пропискага киришда зарур бўладиган ҳужжатлар рўйхати келтирилган. Йўриқномага иловаларда эса, ариза, зарур маълумотномалар ва бошқа ҳужжатларнинг намуналари берилган. Олдин Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳокимликлари ҳузуридаги махсус комиссиялар томонидан берилган рухсатномалар асосида 2012 йил 15 мартга қадар уй-жой олган, бироқ турли сабабларга кўра прописка қилинмаган фуқаролар рўйхатнинг 1-бандига асосан доимий прописка қилинади.
Қонун кучга киргунга қадар, яъни 2011 йилнинг 15 сентябригача олди-сотди, ҳадя, айирбошлаш шартномалари асосида, қонун ҳужжатларига мувофиқ мерос ва хусусийлаштириш асосида, суд қарорига кўра, шунингдек мазкур Йўриқномага мувофиқ уй-жой олган фуқаролар рўйхатнинг 1-бандига асосан прописка қилинади. Эслатиб ўтамиз, қонун кучга киргандан сўнг ҳам прописка очилмагач, аҳоли ўртасида жиддий норозиликлар туғилаётган эди.


 

 

ФИФА президенти Йозеф Блаттер Ўзбекистонда

ФИФА президенти Йозеф Блаттер 15-16 май кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонга келмоқда. Ўзбекистон футбол федерациясининг ёзишича, ФИФА раҳбари бошлиқ делегация иштирокидаги асосий тадбирлар ташрифнинг иккинчи куни – 16 май куни бўлиб ўтади. Шу куни Блаттер Республика ва ЎФФ раҳбарияти билан учрашади. Учрашувлар давомида Ўзбекистонда футболни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар муҳокама қилинади. Шунингдек, 16 май куни янги қуриб битказилган «Локомотив» стадионида бўлади, қурилиши давом этаётган «Бунёдкор» стадионини кузатади. Ташриф давомида Йозеф Блаттерга ОФК президенти вазифасини бажарувчи Жанг Жилонг ҳамроҳлик қилади.

SHARE