“Yahoo!” бош директори дипломи йўқлиги сабаб лавозимидан бўшади

“Yahoo!” компаниясининг бош директори (CEO) сўнгги 3,5 йил ичида 3 марта алмашди. Бу сафар бош директорнинг истеъфосига компания акциядорларидан бирининг норозилиги сабаб бўлди. Mаълум бўлишича, “Yahoo!” бош директори Скотт Томпсоннинг (Scott Thompson) биографиясидан хатолик топилган.

Шундай қилиб, “Yahoo!” бош ижрочи директори ҳамда компаниянинг акциядорлари кенгаши таркибига кирувчи Скотт Томпсон бу лавозимга тайинланганига ҳали ярим йил тўлмасдан истеъфога чиқди. Бу ҳақда интернет-порталнинг матбуот хизмати ўз расмий сайтида хабар қилган.

Ҳозирча компаниянинг бош директори вазифасини вақтинчалик бажарувчи этиб Росс Левинсон (Ross Levinsohn) тайинланди. Бунгача у “Yahoo!”нинг Шимолий, Mарказий ва Жанубий Америкадаги ижрочи вице-президенти лавозимида ишлар эди. Бунда у ҳамкорлар билан ишлаш, сотув ва контент масаласига масъул шахс бўлган. Ҳозир у бир вақтнинг ўзида “Yahoo!”нинг контент гуруҳига ҳам бошчилик қилмоқда.

“Yahoo!” чиқарган хабарномада айтилишича, компаниянинг йирик акциядорларидан бири бўлган “Third Point” инвестицион фонди (5,8% акцияга эгалик қилади) собиқ бош директор – Скотт Томпсонга нисбатан ўз шубҳаларини билдиргани боис, махсус текширув ўтказган. Натижада, Скотт Томпсоннинг компьютер технологиялари соҳасида дипломи йўқ эканлиги аниқланган.

Томпсоннинг “Yahoo!” сайтидаги расмий биографиясида ҳамда АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссиясига (SEC) юборилган ҳужжатларда унинг компьютер технологиялари соҳасидаги бакалавр дипломига эга эканлиги ёзилган. Бироқ, аслида у бухгалтерия соҳасида дипломга эга эканлиги маълум бўлди.

Томпсон шу йилнинг январь ойида “Yahoo!”нинг собиқ бош директори – Кэрол Бартц (Carol Bartz) ўрнига тайинланган эди. Бунгача у “PayPal”нинг катта вице-президенти ва бош технологик директор лавозимида ишлар эди. “Business Insider” нашрининг ёзишича, Томпсон “PayPal”да ишлаб юрган пайтларида ҳам унинг биографиясида олий таълим дипломига эгалиги ҳақида ёзилган.

Кэрол Бартц “Yahoo!” бош директори этиб 2011 йил сентябрь ойида тайинланган эди. Унгача бу лавозимни 2008 йилнинг ноябрь ойидан бери Жерри Янг (Jerry Yang) эгаллаб келаётган эди. Шундай қилиб, компания тарихида сўнгги 3,5 йил ичида 3 та раҳбар алмашмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Томпсон раҳбарлиги остида “Yahoo!” ўз тарихидаги энг йирик қисқартириш – 2 минг кишини ишдан бўшатишга қарор қилган эди.

SHARE