Корейслар дунёдаги энг йирик контейнер ташувчи кемани қуришмоқчи

Жанубий Кореянинг “Daewoo Shipbuilding and Marine Engineering” кемасозлик компанияси дунёдаги энг йирик контейнер ташувчи кемани қуришга киришганини маълум қилди. Кеманинг узунлиги 400 метрга тенг бўлиб, унинг палубаси тўртта футбол майдонига тенг келади. Кема ўз бортига стандарт йигирма футлик контейнерлардан 18 мингтасини орта олади.

Ушбу кемага буюртмани Даниянинг “AP Moeller-Maersk” транспорт компанияси берган. “Daewoo Shipbuilding” 2015 йилгача данияликларга жами 20 та контейнер ташувчи кемани етказиб бериши керак. Буюртманинг умумий қиймати 3,6 миллиард долларни ташкил қилади.

Бугунги кунда дунёдаги энг йирик контейнер ташувчи кема “Emma Maersk” ҳисобланиб, унинг сув сиғими (кеманинг сувга ботадиган қисми) 170 минг тоннага тенг. Унинг узунлиги 397 метр бўлиб, ўз бортига 15 мингдан ортиқ стандарт контейнерни юклаши мумкин.

Барча категориялар бўйича дунёдаги энг йирик кема – узунлиги 450 метр бўлган “Knock Nevis” (Норвегия) танкеридир

Daewoo Shipbuilding” – ишлаб чиқариш ҳажми бўйича дунёдаги энг йирик иккинчи кемасозлик компаниясидир. Унинг 2010 йилдаги даромади 11 миллиард долларни ташкил қилган бўлиб, бунда унинг соф фойдаси 529 миллион долларга тенг бўлган. Ушбу корпорация танкерлар, руда ташувчи кемалар, контейнер ташувчи кемалар ҳамда ҳарбий ва сувости кемаларини ишлаб чиқаради.

SHARE