Нью-Йорк фонд биржаси 220 ёшга тўлди

Бундан роппа-роса 220 йил олдин – 1792 йилнинг 17 май куни Нью-Йоркдаги 24 та брокер фонд бозорини ташкил қилиш тўғрисидаги машҳур Баттонвуд битимини имзолаган эди. Айнан шу куни Нью-Йорк фонд биржасига (NYSE – New York Stock Exchange) тамал тоши қўйилган бўлиб, бугунги кунда у қимматли қўғозлар билан олди-сотди қилинувчи дунёдаги энг йирик марказдир.

Уол-Стритда имзоланган Баттонвуд битимининг асосий талабларига мувофиқ, брокерлар фақатгина ушбу фонд биржасининг аъзолари билангина қимматли қоғозларнинг олди-сотдисини амалга ошириш мумкин бўлган. Бунда ҳамма учун комиссия тўлови бир хил қилиб белгиланган. Кейинчалик, 1975 йилга келиб комиссия тўлови ҳақидаги талаб бекор қилинган.

Дастлабки вақтларда, Нью-Йорк фонд биржасида фақатгина давлатнинг қарз мажбуриятлари – облигациялар билан олди-сотди қилинган. Кейинроқ АҚШда бўлиб ўтган Фуқаролар урушидан сўнг акциялар билан олди-сотди қилиш ҳажми кўпайиб кетган.

Нью-Йорк фонд биржаси Америкада капитализм ривожида муҳим рол ўйнаган. Вандербильт, Морган, Гарриман, Рокфеллер каби молиявий магнатлар ҳам айнан шу ердан чиқишган.

1975 йилдан бошлаб биржа 1 366 та аъзоларига тегишли нотижорат корпорацияга айланган. NYSE 2006 йилнинг март ойигача фойда келтирмайдиган ташкилот саналган. Бироқ, у Чикогадаги электрон биржани сотиб олганидан сўнг унинг акциялари ҳам инвестроларга сотила бошланди. Иккита йирик савдо майдончаларининг қўшилиши NYSEга молия бозорларида рақобатдош устунликни таъминлаб берди. Яна бир муҳим ҳодиса 2007 йилнинг апрелида рўй берди – Нью-Йорк ва “Euronext” умумевропа биржалари бир-бирига қўшилди. Ўшандан бери янги ташкил қилинган компания “NYSE Euronext” деб аталади.

Биржада қимматли қоғозлар билан олди-сотди қилиш учун ҳар бир брокер ўзига алоҳида бириктирилган жойдан фойдаланади. Биржанинг қатнашчилари сони мана 60 йилдирки (1953 йилдан бери) ўзгармасдан 1 366 талигича сақланиб келмоқда. Жойларнинг катта қисми йирик молиявий компанияларнинг мулки саналади. Бугунги кунда битта брокерлик жойининг нархи 3 миллион доллардан ошади. Таққослаш учун, 1800 йилда у 25 доллар турган. NYSEда биржа савдолари ҳар куни махсус қўнғироқни чалиш билан бошланади ва тугатилади.

Нью-Йорк фонд биржасида кунига ўртача 150 миллиард долларлик акциялар олди-сотди қилинади. Биржада 55 та мамлакатнинг 8 мингга яқин компанияларининг акциялари олди-сотди қилинади. Бу компанияларнинг барчасининг биргаликдаги капиталлашув даражаси 14,2 триллион долларга етади. Ушбу биржада листинг қилиш, яъни акцияларини савдога қўйиш учун компанияларга қаттиқ талаблар қўйилади.

SHARE