“The Wall Street Journal”: 120 йиллик оффлайн-нашр ва 2 миллион оналйн-кузатувчи

Бутун дунёга машҳур “The Wall Street Journal” нашри яқинда анъанавий ҳамда янги медиа воситаларидан фойдаланиш бўйича ўзининг ички маълумотларини оммага ошкор қилди. 123 йиллик тарихга эга нашр мисолидан шуни кўриш мумкинки, бугунги кунда фақатгина анъанавий медиа ва қоғоз босма ёрдамида кенг аудиторияни жалб қилиш мумкин эмас. Mасалан, ҳозирда кўпчилик нашрларнинг веб-версиялари ёки планшет компьютерлар ва смартфонлар учун чиқарилган версиялари уларнинг босма вариантидан анча илгарилаб кетмоқда.

“The Wall Street Journal”нинг таъкидлашича, турли хил замонавий медиа-форматлардан фойдаланиш сутканинг турли қисмларига тўғри келади. Mасалан, нашрнинг онлайн-версияси ва мобил версиясидан фойдаланувчилар асосан куннинг ўртасига ёки иккинчи ярмига тўғри келади. Газетани планшет экранида ўқувчилар эса кечқурунлари анча фаол бўлишади: “WSJ Live” – нашриётнинг видео-роликларни тақдим қиладиган илова-дастуридан фойдаланувчилар асосан кечқурун 10 да фойдаланишади.

Фойдаланувчиларнинг қизиқишини йўқотмаслик учун ҳар қандай катталикдаги нашр ҳам контентни тарқатиш ҳамда кросс-платформали вариантларни яратиш бўйича агрессив сиёсат юритиши лозим. Хусусан, 2012 йилнинг март ойи ҳолатига “The Wall Street Journal” нашри “Twitter”да 100 га яқин аккаунт юритаётган бўлиб, уларнинг жами аудиторияси сони 2 миллиондан ошади.

“Facebook” орқали контентни тарқатиш “The Wall Street Journal” учун асосий реферал оқим саналади. Компания ҳозирда ушбу ижтимоий тармоқда жами 16 та саҳифани юритаётган бўлиб, уларга обуна бўлганлар сони эса 600 мингдан ошади. Бундан ташқари, у “Pinterest” ва “Instagram” каби фотосервисларда ҳам ўз аккаунтига эга.