Британиялик Сума Чакрабати Европа тараққиёт ва тикланиш банки президенти этиб тайинланди

Британиялик Сума Чакрабати Европа тараққиёт ва тикланиш банки (European Bank for Reconstruction and Development, EBRD) президенти этиб тайинланди. Бу ҳақдаги қарор кеча 18 май куни банкнинг Лондонда жойлашган бош қароргоҳида бўлиб ўтган бошқарувчилар мажлисида қабул қилинган.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирда ЕТТБга Гремания вакили Томас Mиров раҳбарлик қилаётган бўлиб, унинг ваколат муддати шу йилнинг июль ойида тугайди.

Чакрабарти шу пайтгача Буюк Британиянинг адлия вазирлигида доимий котиб вазифасини бажариб келаётган эди. ЕТТБнинг янги раҳбари йирик ташкилотларни бошқариш бўйича катта тажрибага эга. Энди у банкни келаси тўрт йил мобайнида бошқаради. Шундай қилиб, у ЕТТБга раҳбарлик қиладиган илк британиялик одам бўлади.

ЕТТБ раҳбари номзодлигига Чакрабартидан ташқари банкнинг жорий президенти Томас Mиров, полшалик таниқли сиёсатчи ва иқтисодчи Ян Кшиштоф Белецкий, Сербиянинг собиқ вице-премьери Божидар Желич, Европа инвестицион банкининг бошқарув қўмитаси аъзоси ва вице-президенти Филипп де Вив Куртаз ҳам бор эди.

ЕТТБ 1991 йилда ташкил қилинган бўлиб, у дунёнинг 29 та мамлакатида хусусий сектор корхоналарини молиялаштиришга ихтисослашган халқаро ташкилотдир. Банк ўз фаолияти мобайнида ривожланаётган мамлакатларга бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнида ҳам техник, ҳам моддий ёрдам кўрсатиб келади.

SHARE