Нурсултон Назарбоев “Буюк Ипак йўли”ни қайтадан дунёга келтирмоқчи

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ўзи раҳбарлик қилаётган мамлакатни Mарказий Осиё минтақасидаги энг йирик транзит марказига айлантириш тўғрисидаги мурожаат билан чиқди. Президент ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг пленар мажлисида Қозоғистон раҳбари “Янги Ипак йўли” (“Буюк Ипак йўли” номи тарихда карвон йўли учун ишлатилган, у ўрта асрларда Осиёни Европа билан боғлаган) лойиҳасини тақдим қилди. Бу ҳақда Қозоғистоннинг “Tengrinews.kz” нашри хабар қилган.

Назарбоевнинг фикрича, Қозоғистон “ўзининг тарихий ролини” қайта тиклаган ҳолда, “Европа ва Осиё ўртасидаги ўзига хос кўприк” бўлиши лозим. Лойиҳага мувофиқ, 2020 йилга келиб мамлакат ҳудудидан ўтадиган транзит юкларининг ҳажми икки баробарга ошиши лозим. Келажакда эса уни энг камида 50 миллион тоннагача етказиш режалаштирилмоқда. Эслатиб ўтамиз, 2010 йилда Қозоғистон ҳудудидан ўтган транзит юкларининг ҳажми 15 миллион тоннани, 2011 йилда эса – 16,5 миллион тоннани ташкил қилган.

“Mенинг нуқта-назарим – Қозоғистоннинг асосий транспорт йўлакларида халқаро даражадаги ягона савдо-логистика, молиявий-тадбиркорлик, инновацион-технологик ва туристик марказни ташкил қилишдир”, – дейди Назарбоев ўз режасида. У ўзининг янги лойиҳасида бир нечта принципларга амал қилиниши лозимлигини ҳам таъкидлаган: тезлик, сервис, қиймат, сақлаш ва барқарорлик.

“Zakon.kz” порталининг аниқлик киритишича, “Янги Ипак Йўли”нинг асосий элементи – транспорт-логистика маркази “Қозоғистон темир йўллари” миллий темир йўл компанияси томонидан қурилаётган базада ташкил қилинади. Қозоғистон ғарбида жойлашган Оқтов денгиз порти кенгайтирилади ва Оқтоба шаҳрида логистика маркази қурилади. Бу объектлар республикани Каспийбўйи минтақаси, Россия ва Европага олиб чиқувчи дарвоза вазифасини ўтайди.

“Биз Ғарбий Европа – Ғарбий Хитой йўлагини 2015 йилгача битказамиз, мамлакатимиз темир йўллари тармоғининг юкларни ўтказиш қувватини ошириб борамиз”, – дея хулоса қилади Қозоғистон раҳбари.

Назарбоев ҳукуматга Хорижий инвесторлар кенгаши билан ҳамкорликда шу йил охиригача ушбу лойиҳани муҳокамани қилишни ҳамда уни амалга ошириш бўйича комплекс режа ишлаб чиқиш ҳақида топшириқ берди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг май ойида Назарбоев ҳукумат олдига 2016 йилгача “Қозоғистонни минтақадаги савдо, логистика ва бизнес марказига айлантириш” масаласини қўйган эди.