“Google” энди “Motorola Mobility” компаниясининг тўлиқ эгасига айланди

“Google” интернет-гиганти 22 май куни “Motorola Mobility” компаниясини сотиб олиш бўйича барча ишларни якунига етказди. Бу ҳақда “Google” бош директори Ларри Пейж компаниянинг расмий блогида хабар қилди.

Пейжнинг таъкидлашича, “Motorola Mobility”нинг раҳбари ўзгаради. Компанияни 2008 йилдан бери бошқариб келаётган Санжай Жа энди ўз ўрнини “Google”нинг топ-менежери Деннис Вудсайдга бўшатиб беради.

Эслатиб ўтамиз, икки компания ўртасидаги битим 2011 йилнинг август ойида эълон қилинган эди. “Motorola Mobility”ни (собиқ “Motorola” компаниясининг мобил бўлими) сотиб олиш “Google”га 12,5 миллиард долларга тушди ва у интернет-гигантининг ўз тарихидаги энг йирик хариди бўлди.

Регуляторлар ушбу битимни тўққиз ой давомида кўриб чиқишиб, маъқуллашди. Шу йилнинг февраль ойида АҚШ ва Европа Иттифоқининг антимонопол органлари ушбу харидни маъқуллашган бўлса, май ойининг ўрталарида Хитой ҳукумати ҳам шундай қарорга келди. Бироқ, Хитой ҳукумати “Google”га Android мобил операцион тизимидан фойдаланиш учун энг камида беш йил муддатгача пул талаб қилмалсик шарти билан рози бўлди.

“Motorola Mobility” Android операцион тизими базасида ишловчи смартфон ва планшетлар ишлаб чиқаради. “Google” уни сотиб олиш билан бирга компаниянинг 25 мингдан зиёд патентлари ва аризалари портфелига эга бўлди.

SHARE