Дунёдаги энг қиммат брендлар рейтингида IT-гигантлар етакчилик қилмоқда

Буюк Британиянинг “Millward Brown” тадқиқот компанияси 2012 йил учун ўзининг йиллик “Дунёдаги энг қиммат 100 та бренд” рейтингини эълон қилди. Унга кўра, дунёдаги энг қиммат ўнта бренддан еттитаси ахборот технологиялари соҳасида фаолият кўрсатувчи компанияларга тегишлидир.

Шундай қилиб, бу йилги рейтингда ҳам “Apple” компанияси биринчиликни қўлга киритиб, унинг бренди 183 миллиард долларга баҳоланди. Статистикага кўра, “iPhone” смартфонлари ва “iPad” планшетларини ишлаб чиқарувчи компаниянинг бренди қиймати бир йил давомида 19 фоизга қимматлашган.

Рейтингнинг иккинчи поғонасини IBM эгаллади. IBM бренди қиймати 116 миллиард долларга баҳоланган бўлиб, бу ўтган йилга қараганда 15 фоизга кўп демакдир. Ўтган йили IBM ушбу рейтингда учинчи ўринни эгаллаган эди.

“Google” интернет-гиганти эса ўтган йилга қараганда бир ўринга пастлаб, унинг бренди 108 миллиард долларга баҳоланди. Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, “Google” бренди ўтган бир йил давомида ўз позициясини 3 фоизга йўқотган.

Дунёдаги энг қиммат 10 та бренд, 2012

1.         Apple – 182,951 млрд. $ (+19%)

2.         IBM – 115,985 млрд. $ (+15%)

3.         Google – 107,857 млрд. $ (-3%)

4.         McDonald’s – 95,188 млрд. $ (+17%)

5.         Microsoft – 76,651 млрд. $ (-2%)

6.         Coca-Cola – 74,286 млрд. $ (+1%)

7.         Marlboro – 73,612 млрд. $ (+9%)

8.         AT&T – 68,870 млрд. $ (-1%)

9.         Verizon – 49,151 млрд. $ (+15%)

10.       China Mobile – 47,041 млрд. $ (-18%)

Эътибор берган бўлсангиз, “Millward Brown” версиясига кўра, дунёдаги энг қиммат ўнта бренддан тўққизтаси Америка компанияларига тегишлидир, қолган биттаси эса Хитой компаниясиники.

“Millward Brown” бренд қийматини ҳисоблашда компания ёки унинг бўлинмаларининг савдо белгисига оид молиявий натижалари ҳамда бренднинг истеъмолчилар орасидаги машҳурлигини эътиборга олади.

Рейтингнинг тўлиқ варианти билан мана бу ерда танишишингиз мумкин (PDF).

SHARE