“JPMorgan”нинг ҳалокатли йўли

Деривативлар бозорида рискларни хежерлаш бўйича стратегияни танлашда хатоликка йўл қўйганлиги боис “JPMorgan Chase” банкининг зарарлари кундан-кунга ошиб бормоқда. Экспертларнинг таъкидлашича, умумий зарар дастлабки ҳисоб-китоблардан 2,5 баробарга ошиб, 5 миллиард долларгача етиши мумкин.

Хеж-фондлар ва бошқа йирик инвесторлар “JPMorgan” тушиб қолганда вазиятдан ўз манфаати йўлида фойдаланишмоқда, унга қарши позицияда “ўйин” қилишмоқда. Келажакда ҳаммаси бозордаги тебранишларга боғлиқ бўлиб, банкнинг умумий зарари жудаям катта суммага етиши ҳам мумкин.

“JPMorgan” тушиб қолган ушбу вазиятни тушуниш учун банкнинг яқин ўтмишдаги тарихига назар ташлайлик.

2005 йил – Жейми Даймон “JPMorgan” банки раҳбари этиб тайинланди

“JPMorgan” банкида инвестицион масалалар бўйича директор (CIO) банк рискларини бошқариш, уларни хежерлашга жавоб беради ҳамда банк хусусий капиталининг етарлилигини назорат қилади. Бироқ, “JPMorgan Chase”да янги бош директор – Жейми Даймон пайдо бўлганидан сўнг вазият тубдан ўзгарди. У катта ҳажмдаги бўш маблағларни кредит-дефолть своплари (CDS) каби рискли активларига тикишга қаттиқ киришиб кетди.

2006 йил – Даймон Лондон трейдерлар жамоасига Ахиллес Mаркисни бошлиқ этиб тайинлади

Mаркис CIO бўлимини корпоратив ва инвестицион қарзлар билан боғлиқ нисбатан рискли инвестицияларда иштирок этишга чақирди. Агарда кўрилаётган зарар 20 миллион доллардан ошадиган бўлса, CIO позицияни ёпиши лозим эди. Mаркис эди риск-менежментининг ушбу жараёнини ҳам бекор қилди.

2006-2011 йиллар – “JPMorgan” баланси 4 баробарга ошди

Даймоннинг CIO бўлимини “фойда маркази”га айлантириш ҳақидаги стратегияси бошланишига жуда муваффақиятли кўринди. Бу бўлим назорати остидаги маблағлар ҳажми 4 баробарга ошиб, бугунги кунга келиб уларнинг қўл остида 360 миллиард доллар активлар бор эди.

2010 йилда банкнинг CIO бўлими 5 миллиард доллар фойда кўрган бўлиб, бу бутун “JPMorgan” фойдасининг 25 фоизини ташкил қилар эди. Бироқ, бу бўлим қанчалик муваффақиятли ишламасин, Даймон унга шунчалик кам эътибор қаратар эди.

2011 йил, октябрь – банкнинг ғазначиси Жозеф Бонокор ишдан кетди, аммо бу ҳақдаги хабар шу йилнинг мартида чиқди

Жозеф Бонокор банкнинг кунлик баланси мониторинг, капиталнинг етарлилик даражаси, ликвидлик кўрсаткичи учун жавобгар шахс бўлган. У ўтган йилнинг октабрь ойидаёқ ишдан кетган бўлса-да, бу ҳақда ОАВга узоқ вақт давомида хабар қилинмаган. Унинг йўқлигида турли бўлим раҳбарлари банкнинг жорий ҳолати ҳақида бевосита молиявий директорга ҳисобот беришган.

2012 йил, февраль – Боаз Вайнштейн, “Deutsche Bank”нинг собиқ трейдери, “Saba Capital Management” хеж-фонди бошқарувчиси янги ғояни таклиф қилди: инвестицион даражадаги 10 йиллик CDSларни сотиб олиш.

“JPMorgan” мазкур тавсияни инобатга олиб, уни амалда қўллади. Айнан шу стратегия банкни зарар кўчасига олиб кирди.

2012 йил, 5 апрель – “Bloomberg” агентлиги “Лондон кити” номи остида биржада ўйин қиладиган трейдер номини маълум қилди – у “JPMorgan” ходими Бруно Иксил эди.

Бруно Иксил биржада жуда катта позициялар билан ўйин қилар эди, шу билан у йиллик пул айланмаси 10 триллион доллар бўлган кредит бозоридаги котировкаларга осонликча ўз таъсирини ўтказа олган. Айнан шунинг учун ҳам уни “Лондон кити”, кейинчалик эса “Волдеморт” (“Гарри Поттер” филмидаги ёвуз сеҳргар) деб аташган.

“JPMorgan”нинг Лондон бўлими кредит своплари бозорида каттадан-катта позицияларга кирди. Бироқ, уларнинг сифати банк таҳлилчилари ўйлагандан кўра ҳам ёмонроқ эди.

Бу ҳақдаги маълумотларнинг ташқарига чиқиб кетиши хеж-фондлар ва бошқа ўйинчилар учун айни муддао бўлди, улар “JPMorgan”нинг позицияларига қарши ўйин қила бошлашди.

Бир қатор тадқиқот агентликлари хеж-фондлар ва бошқа суғурта институтлари “JPMorgan”нинг зарари эвазига катта миқдордаги фойда олишганини таъкидлашди. Хусусан, “The Wall Street Journal” нашрининг ҳисоб-китобларига кўра, “BlueMountain Capital Management LLC” ва “BlueCrest Capital Management LP” ҳар бири 30 миллион доллардан соф фойда олишган.

2012 йил, 9 апрель – банк раҳбарияти “Лондон кити” масаласини кўриб чиқишни бошлади

Инвестицион масалалар бўйича янги директор Инна Дрю мажлисда банк “буқа” стратегиясида ҳам, “айиқ” стратегиясида ҳам бир хил позицияни эгаллаб турганлигини, хеж-фондлар эса банк билан “ўйин” қилишаётганини таъкидлаган. У тез кунларда банк ушбу вазиятдан чиқиб кетишини ҳам айтганди.

2012 йил, 13 апрель – “JPMorgan” биринчи чорак учун ижобий натижаларни эълон қилди. Даймон эса “Лондон кити” атрофидаги воқеаларни шунчаки “стакандаги сув қолдиқлари” дея номлади.

Апрельнинг охири – майнинг боши – “JPMorgan” бош офисида илк марта катта йўқотиш ҳақидаги гаплар пайдо бўлди.

Банк очган позициялар зарар келтиришни бошлади, биринчи босқичда 100 миллион доллар атрофидаги зарар қайд этилди.

Кўрилган зарарлар Американинг “ҳаворанг соққа” компанияларига тикилган 9 йиллик кредит-дефолть своплари бўйича позициядан келаётган эди. Ушбу позицияни Бруно Иксил тузиб чиққанди, у, аслида, қийин вазиятдан чиқиб кетишга қурби етмаганди.

2012 йил, 27-30 апрель – банк ҳисботни чиқаришни кечиктирди

ОАВ маълумотларига кўра, Даймон бўлим бошлиқларига вазиятни тўлиқ таҳлил қилиб чиқмагунча ҳисоботни эълон қилмаслик ҳақида буйруқ берди.

Банкнинг бош офисида махус гуруҳ ташкил қилиниб, унда CIO жамоасининг барча аъзолари йиғилганди. Mажлисларнинг бирида Даймон ўзини ёмон ҳис қилаётганлигини айтган.

2012 йил, 10 май – “JPMorgan” кўрилган зарар бўйича маълумотларни эълон қилди ва навбатдан ташқари телеконференция ўтказди. Телеконференцияда Даймон банк катта миқдорда зарар кўрганлигини таъкидлади.

Фонд бозорларини ларзага келтирган ҳамда асосий биржа индексларининг тушиб кетишига олиб келган 2 миллиард долларлик йўқотиш – бу, жаҳон молия тизимини қоплашга тайёр турган йирик цунамининг яқинлашиб келаётганлигини билдиради.

Бугунги кунда Уол-Стрит акциялар, облигациялар ва яна қанақадир қимматли қоғозлар ва инструментлар билан олди-сотди қилинадиган майдончадан кўра йирик қиморхонага айланиб кетган. Биргина деривативлар бозорини оладиган бўлсак, унинг ҳажмини аниқ айтиш қийин масала. Турли баҳолашларга кўра, деривативлар бозорининг йиллик ҳажми 600 триллиондан 1,5 квадриллион долларгача етиши мумкин.

Деривативлар бозори – бу, йирик “кўпикдир”. У исталган вақт ёрилиб кетиши мумкин.