“Apple” бош дизайнери Жонатан Айв Британия рицари унвонига сазовор бўлди

Британияда туғилган, “Mac” компьютерлари, “iPhone” смартфонлари ва “iPad” планшетларини ишлаб чиқишда иштирок этган “Apple” бош дизайнери Жонатан Айв (Jonathan Ive) “дизайн ва тадбиркорлик соҳасидаги хизматлари учун” Британия рицари унвонига сазовор бўлди.

45 ёшли Жонатан Айв ўз оиласи билан АҚШдан Лондонга ушбу унвонни топшириш маросимида иштирок этиш учун борди. Mаросим 23 май чоршанба куни кечқурун Букингем саройида ўтказилиб, уни қиролича Элизабетта II нинг қизи малика Анна ўтказди. Айвга “Британия империяси Орденининг Рицар-командори” мақоми берилди.

Жонатан Айва 1992 йилдан бери “Apple”да ишлайди. Стив Жобс 1997 йилда компанияга қайтиши биланоқ, уни саноат дизайни бўйича катта вице-президент этиб тайинлайди. Жонатан Айва “Apple”нинг деярли барча маҳсулотларини ишлаб чиқишда етакчи дизайнер бўлиб қатнашган. Улар ичига “iMac” ва “MacBook Air компьютерлари, “iPod” плеерлари, “iPhone” смартфонлари ва “iPad” планшетларини киритиш мумкин.

Компанияда унинг обрўси шунчалик баландки, у олдин фақат Стив Жобсга, ҳозир эса компания бош директори Тим Кукка ҳисобот беради холос.

Британия империясининг Ордени мукофотини 1917 йилда қирол Георг V ташкил қилган. Унда жами бешта даража бўлиб, Айв ҳозирда муҳимлиги бўйича иккинчи даражадагисини олди. У 2005 йилдаёқ “Британия империяси Орденининг Командори” унвонини қўлга киритган эди. Лекин, бу унвон унга рицарлик мақомини бермас эди.

SHARE