Хориждаги ўзбеклар ҳаётидан қисса. Собир Сайҳон: “Буғдой экиб, арпа ўрганлар…” IV-қисм

 

Буғдой экиб, арпа ўрганлар

Қисса

IV- қисм

Менинг биргина ғамим — Ватан қидириш…

Икки ҳафтача шу ерда эъзозу икромда бўлдим. Бу орада менинг бўйдоқлигим барчага аён бўлганди. Ҳунаримни сўрашди. Пазандалигимни синамоқчи бўлгандай ош дамлаттириб кўришди. Жума зиёфатидан кейин ошпаз Ҳожимат ака бир сўз айтиб қолди. Бобуршоҳ эвараларидан бўлган кекса эр-хотин шаҳар ташқарисидаги боғда ёлғиз яшашаркан. Кўпдан бўён битта-яримта туркистонлик пазанда қидириб, булардан илтимос қилиб келар экан. Мен айнан ўша эр-хотин қидирган одам эканимни айтиб, табриклашмоқчи бўлишди. Аммо мен Туркияга бориш ниятида эканимни билдириб, қандай бўларкан, дея иккиландим.

Мўминжон ака бу иш дарров ҳал бўла қолмаслигини, камида бир йил кутиш кераклигини айтиб, унгача бемалол ишлаб туришимни маслаҳат берди. ўша кечаси севинчданми, чарчабми, тош қотиб ухлабман.

Бомдодга туриб, у ён-бу ёнимни қарасам, ҳамёним бор-у, ўзи бўм-бўш. Олтинлар йўқ. Шошиб, Мўминжон акага айтдим. У ҳам нима дейишга ҳайрон. Овозимизга уйғонганлар ётар жойимни тинтиб кўришди. Аммо фойдасиз.

— Осимжон Сингга қачон жўнади? — сўради Мўминжон ака.

— Икки кун бўлди, — деб аниқлик киритди яна биттаси.

— Ҳожи Шамсуддин акани Бомбейга жўнатишган куниёқ Синг томон жўнаганди, — деди яна биттаси.

Дарҳақиқат, бу одам хаста Нодирахонни Лондонга жўнатиш куни мен билан суҳбатлашган ва ўша кундан бери кўрингани йўқ эди.

— Демак, кечаси дарвоза очиқ қолиб, ташқаридан кирган уста ўғри ёки сочи узун бачча болаларнинг иши бу, — деди Мўминжон ака хафа бўлиб.

Жамоадагилар ноқулай аҳволга тушиб қолишди. Гумон қилмаслигим учун кўрпа-тўшакларинию бор-йўқларини тинтиб кўришимни талаб қилишарди. Мен жамоага ҳурматан узр сўрадим. Чунки, Мўминжон ака айтганидай, кечаси уйқу аралаш бир бегона одамни кўргандай бўлувдим. Тушимдир, деб ўйлагандим.

Ҳар нарсада бир хайр бор, албатта. Қайтанга шу баҳона бўлиб, ишга кириб олдим, шундан икки йилча қолиб кетдим. Бу орада Нодирахон ҳам соғайиб қайтди.

Мен ҳам фурсатдан фойдаланиб, Мўминжон ака маслаҳати билан Туркия элчихонасига мурожаат қилмоқчи бўлдим. Аммо у: “Олдин бошіқ бир иш бор”,— деб, мени шаҳар ўртасидаги бир ҳовлига олиб борди. Ғоят чиройли, ўрта ёшдаги сипо бир аёл киши эшик очди. Ҳовлида худди аёлнинг эгизаги бир қиз: “Хуш келдингизлар”, — дея салом берди. Хонага кирдик. ғоят покиза дастурхон ноз неъматлар билан безанган. Фотиҳадан кейин мени таништиргач, улар ёрдамим учун қайта-қайта раҳмат айтиб, миннатдорчилик изҳор қилишди. Мен уларни ҳеч кўрмагандим. Ҳатто қиз даволанишга кетаётганида ҳам кўрганим йўқ. Кейин қиз қайтадан ўзига хос назокат билан ташаккур билдириб, умр бўйи мени унутмасликка аҳд қилганлигини айтди. Ҳеч бўлмаса бир инсон ҳаётининг яхшиланишига ҳисса қўшганимдан суюндим. Қўлбола палов, чой-мевадан сўнг, фотиҳа қилиб, жамиятга қайтдик. Ҳовлида одатдагидай яна азиз юртдошлар давра қуришган. Салом бериб кирганимизда барчаси чапак чалиб, қарши олганидан ҳайрон бўлдим. Чой ичилиб, суҳбат бошланганда кимдир дудуғланиб, Ҳамида опа ва қизи Нодирахондан сўз очди. Гўё ҳамма менинг уларга ичкуёв бўлишим тарафида эмиш. Ҳалиги юртдош ниҳоят менга қараб:

— Хўш, нима дейсиз? — деди.

Мен биргина ғамим — Ватан қидириш эканини, бундан ташқари бунга на моддий, на маънавий жиҳатдан тайёр эмаслигимни тушунтирдим. Бекорга бир қизнинг ҳаққига зомин бўлишни истамаслигимни айтдим. Атрофдан луқмалар  ёғила кетди:“Моддийга эҳтиёж йўқ. Ишингиз ва ҳунарингиз бор”,“Арслондай йигитсиз, диний илмингиз ҳам ўзингизга яраша. Маънан қандай қийинчилигингиз бор?”,

“Ҳам она, ҳам қайлиқ топиб олиш ҳар йигитга ҳам насиб бўлавермайди…”

Аммо мен ўзимни куёвликка лойиқ кўролмас, негадир ўзимдан шубҳам бор, иродам заиф эди. Оми Мўминжон ака сукут қилар, фикримни уққандай юзида андиша аломати сезиларди.

Кимнингдир:“Сал жадал бўлинг-да, ғам деган нарса ҳаммамизда ҳам бор. Қаерда қорнингиз тўйса, ўша Ватан-да!” — деган гапи нақ жигаримга ханжар  ургандай бўлди.

— Ичингизда мендан лойиқроқ йигитчалар бор. Бу ишни менсиз ҳал қилинглар, илтимос, — дея ялиндим.

Мен таклифларини қабул қилмасам ҳам, юртдошларимнинг меҳр-оқибатидан хурсанд эдим. Мажлисга жимгина қулоқ солиб ўтирган кексароқ ёшдаги Ўожимат ака ўзича бир нарсани билгандай, пешана жийириб туриб, бир ибратли ҳикоя билан мавзуга якун ясади:

— Орифжон яна ўйлаб кўрсин. Жавобини эрта-индин кутамиз.

Эртаси жамиятдагилар орасида Кобулдан олти-етти оила Туркияга кўчмоқчи бўлиб, мурожаат қилгани ҳақида гап тарқалди. Булар гўё ҳозиргача афғонларга алоқаси бўлмаган ва олмонлар билан туркистонликлар озодлик ташкилотига аъзо бўлиб, олмонлар мағлубиятидан сўнг қамалиб чиққанлар ва бола-чақалар эмиш. Хурсанд бўлиб кетдим. Ниятим маълум бўлгандан сўнг ҳам аввалги масалага қайтиб, оила қилиб шу ерларда қолишга даъват қилишди.

Аммо мен бошдан бери Туркияга ният қилиб қўйганимни, худо насиб қилса, бир кун фарз адоси учун у пок, муқаддас ерларни зиёрат қилажагимни сўзлаб, узр айтдим. Қатъий қарордан кейин Мўминжон ака билан биргаликда рикшага миниб, Туркия элчихонасига жўнадик.

Йўлда Мўминжон ака бироз ташвишланган бўлди:

— Ўужжатингиз йўқ. Қандай бўларкан?

— Ҳужжатим бор, — дедим кулиб.

— Қани? — деди ҳайрон бўлиб, — Шу пайтгача оғиз очмаганингизга қойилман.

— Сиз сўрамасангиз нима деб оғиз очаман?

— Бўпти, қани?

— Мана, — дея бўйнимдаги чарм ғилофли туморни кўрсатдим. Буни  ҳазил ҳаёл қилиб, деди:

— Ақлингиз жойидами ўзи, жияним? У ухравий ҳужжат фойдасиз. Дунёвий  ҳужжат керак.

Шундан кейин туморни йиртишимга тўғри келди.

— Ие, қойил-э, бу қаердан чиқди?

— Мана шу ухравий тумордан.

— Безгак тумориданми? ўзбекман дейсизу, аммо ишингиз пухта, — дея кулди Мўминжон ака.

— Ўа, бу ҳужжат умримнинг энг катта хазинаси.

Сўз билан овора бўлиб, элчихонага борганимизни ҳам пайқамай қолибмиз.

 

***

Карочида эккан буғдойим баракали ҳосил берди

Қоровул йўл тўсиб, рухсат бермай турганди, ичкарида, майсалар устида майда қадам ташлаб, у ёқдан-бу ёққа юриб турган узун бўйли, қорақош, хушсуврат бир одам ёнимизга келиб, кимлигимизни сўради. Қўлимдаги бир варақ қоғозни кўрсатишим билан иккаламизни етаклаб, бино ичига олиб кириб кетди. Башанг хонадаги курсилардан жой кўрсатди. Расмий уст-бошини кийиб чиқиб, қайтадан қўл бериб сўрашиб, яқинлик кўрсатди.

— Қоғоз кимники?— деди мулойимлик билан туркчалаб. — Сурат йўқ-ку.

— Меники, афандим.

Жаноб Мўминжон акага қараб“бизга бир дақиқага рухсат”, дегандай мени етаклаб, ичкарига бошлади. Қўлида қоғоз, саволларга кўмиб ташлади. Ёшим, кимлигим, қаердан келганим, нима учун Туркияга кетаётганим, саводим, Ватаним, Туркия ва Туркистон ҳақида… Меҳрим тушганидан унга бир-икки мақтов сўзлари айтдим. Албатта, чин дилдан. Сўзларимдан таъсирландими, Мўминжон акани ҳам ичкарига чақирди. Илтифот кўрсатиб: “Нимадан қийналсангиз, бемалол келаверинг”, — дея қўлига қоғоз топширди. Мен ичимдан суюндим. Чунки мендан кейингиларга йўл очилгандай  кўринмоқда эди. Карочида эккан буғдойим баракали ҳосил берди, дея шукр қилдим.

Котиб йигитнинг иккаламизни дарвозагача кузатиб қўйганини кўриб, бизни тўсган қоровул ўзгача ҳурмат кўрсатди. Эртаси гердайиброқ кириб бордим. Миллий ғурур бошимни ҳам тик қилиб қўйганди.

Салом бериб ичкарига киришим биланоқ котиб қўлимга бир қоғоз тутқазиб, деди:

— Элчибек мажлисда. Манови ҳужжат билан Бағдодгача бемалол борасан. У ердаги элчихонамизга бориб, ўзингни таништириб, ҳужжатингни кўрсатсанг, янги ҳужжат тайёрлаб беришади. Поездга пул тўламай, Туркияга етиб олгач, фуқаролик олиб турк бўласан, — деди.

— Мен зотан турк ўзбегиман, афандим, — дедим ҳурмат билан.

— Қардошим, албатта, турксан. Аммо, турк фуқароси бўласан демоқчиман, — деди котиб ҳазиллашганимни пайқаб.

— Ташаккур, соғ бўлингиз, — дея ўзим билган беш-олти туркча сўзни қаторасига ишлатиб ташладим. — Элчибекка салом ва миннатдорчилигимни билдирарсиз. Эшик тагида котиб ўзининг ёқасидаги ой сувратли турк байроғи нишонини олиб, менинг ёқамга тақиб қўйди.“Раҳмат”,— дедим она тилимга ҳам навбат бериб.

Жамиятга қайтганимда ватандошлар ҳужжатни бир-бир қўлга олиб кўзларига суртишди. Хушхабарни эшитиб, хўжайин кўзига ёш олди, табриклади.

Мўминжон ака билан кемага чипта олгани бордик. Чиптачи ҳужжат сўраб қолди. ғурур билан ҳужжатни кўрсатдим. Зарҳал ёзувли ҳужжатни кўриб, кўзи қинидан чиққудай бўлди, бошини ҳурматан ликиллатиб, чипта берди. Айни пайтдаги ғурур ва севинчимни қай қаламда қай сўз билан таърифлай? Бу масъуд дақиқаларни Ватандан йироқда, хору зорликда сарсон-саргардон юрганларгина ҳис этади, холос.

Кузатишга чиққан Карочида яшовчи азиз юртдошларим, ҳамшаҳарларим қадрини яна ҳам теранроқ туйдим. Ҳамюртларсиз муҳожирот дунёсининг бир зиндондан не фарқи бор! Мен юқорида оппоқ уст-бош кийган юртдошлар пастда бир-биримизга кўринмай қолгунимизча қўл силкишдик.

Кечки пайт бир оролчада тўхтадик. Баъзи йўловчилар кемадан тушиб, қайиқчаларга миниб, қаёққадир жўнашди. Икки кун ичида уч-тўрт оролчада тўхтаб, учинчи куни Маскад деган жойга етиб келдик.

Мен чипта оларканман, йўл кира ҳақи тўлаб, ошхона ҳақини бермаган эканман. Юртдошлар олиб чиққан нону мева, майда-чуйдалар ҳам тугаб, оч қолиш эҳтимоли кўринди. Маскадда юк тушириш учун 12 соатча тўхтаб қолдик. Нон масаласида ҳайрон бўлиб, юк олиб бораётган қоп-қора, барзанги, дудоқлари қалин, ваҳшийсифат, аммо кўзлари ичидан кулиб турган бир ҳаммолга мурожаат қилдим. Уқди шекилли, мени бир панароққа етаклаб, паст овозда: “Сен сунниймисан”,— дегандай дудуқланди.

— Алҳамдуллиллоҳ, сунний, — дедим ифтихор билан. Қора одамнинг исми Ҳаниф экан. Ҳаниф менга имо-ишоралар билан “шу ерда кутиб туришимни” тушунтирди. Чорак соатча кўздан йўқолиб, қайтиб келди. Қўйнидан оқ қоІозга ўроІлиқ нонни чиқазиб, менга тутди. Раҳмат билдириб, бир қисмини бермоқчи бўлдим. Аммо у: “Аҳу, аҳу”, — деганча узоқлашди.

Хизмати учун миннатдорчилик изҳор қилиб фотиҳага қўл очгач, у ҳам қайта ёнимга келиб, бир нарсалар дея дуо қилди. Худо бандаларини ҳар хил қилиб яратаркан. Қора одамдан кўнгли оқлар, оппоқ кишилардан кўнгли қоралар чиқаркан. Худонинг кароматига қойил бўлмай илож йўқ. Етти кун араб чегаралари бўйлаб, Бахрайн, Маскад ва яна бир мунча жойлардан ўтиб, саккизинчи кун деганда турли сувлар бирлашиб, денгизга қуйилувчи катта, кенг дарёга ёки ҳавзага етиб келдик. Икки томон, хусусан, Ироқ қирғоқлари ям-яшил, қаламдай тўғри, саноқсиз хурмо дарахтлари осмонга бўй чўзган. Эрон қирғоғларида кўпроқ нефть  ишхоналарию, бинолар саф тортган.

Туркистон – Ватаним маним!

Бир жойда кемага юк ортувчи ҳаммоллардан биттасининг эгнида катта лотин ҳарфлари билан “Туркистон” деб ёзилган кийимини кўриб жуда ҳам ҳайратландим: “Воажаб! Бутун душманларимиз муқаддас Туркистон номини ўчирмоқчи бўлиб турганда бу қадршунослик фикри кимнинг ақлига келган экан-а?”

Ўйланиб турганимда инглиз байроғига кўзим тушиб қолди. Демак, ушбу манзил ҳам, “Туркистон” либосли мардикор ҳам туркистонлик бойларники эмас. Хўрсиндим. Яна ким билади дейсиз. Ўша“Туркистон” билан гаплаша олмадим. Саккизинчи куни пешиндан олдин Басрага етиб келдик. Ҳаво жаҳаннамдай ёнарди. Қоровулларнинг турқи бадбуруш. Ҳаммолларнинг бақир-чақири қулоқни қоматга келтиради. Ҳамма битта-битта тушиб, божхона томон юрмоқда. Мен ҳам эргашиб, божхоначи олдига бордим. Тугунчамдан бошқа нарсам йўқ. Қўлимдаги қоғоз-ҳужжатни кўрган божхона маъмури иккиланиброқ:

— Турк? — деди бармоғи билан нуқиб.

— Ҳа, турк, — дадил жавоб бердим, мен.

— Ўў! — деди кўзи қинидан чиққудай бўлиб.

Афтидан тарих ўқимаганга ўхшарди. Агар ўқиганида, Ироқ тупроқларида адолат ўрнатганлар Туркистондан келган турклар эканини билган бўларди.

Мени бир хонага етаклаб, бошдан-оёқ текшириб, ғайри қонуний нарса тополмагани алам қилиб, ғижинди. Чунки пулимни ҳам тийинигача    ёздиргандим. Охири мени ит қувгандай қилиб, божхонадан чиқариб юборди. Ҳайрон бўлдим. Бу барака топгурлар дағалардан ҳам ўтиб тушади-ку…  Асфальт йўллар сақичдай эриб,  домига тортгудай билқиллайди.

Бекатда кўп турмадим. Таксилар ғиз-ғиз ўтиб турибди. Биттасига ишора қилдим.

— Шаҳарга қанчага олиб борасан?

— Динорми?

— Йўқ, доллар.

Ёнига чақириб, қулоғимга: “Доллар мамнуъ1”, — деди. Фаҳмлаб елка қисдим. У ёқ, бу ёққа аланглаб олгач: “Хамса2 доллар”, — деди беш бармоғини кўрсатиб. Сутдан оғзи куйган қатиқни пуфлаб ичар, деганларидай, бўш келмадим:

— Бир доллар.

“Йўқол” дегандай қўлини елпиди. Орқадан бошқа такси келиб тўхтади. Афти-ангоримдан тил билмаслигимни сезиб, уч бармоғини кўрсатганича бир нарсалар деди. Мен:

— Икки доллар, — дедим. ўйланиб туриб, рози бўлди. Демак, бу йўл икки долларлик йўл экан. Севиндим. Олиб бориб, бир раста олдига тушириб қўйди. Дўконлару тахланиб қўйилган матоларни кўриб, оғзим очилиб турувдимки, рўпарамдан қўлида бир даста алақчин дўппи кўтарган ўзбек башара одам кўриниб қолди. Қорайиб, араблашиб кетган. Аммо кўзи ва нимаси биландир ўзбеклиги сезилиб турарди.

У ҳам менга кўзи тушгач, худди кутиб олгани чиққандай: “Хуш келибсиз, ҳамюртим”, — дея қучоқ очди. Худойимга шукр қилиб, сўраша кетдик. Унинг дўппилари, менинг бўхчам одамлар оёғи остида думаларди. Ўткинчилар бизга ажабсиниб, малолланиб қарар, лабларини буриб ўтиб кетишарди. Кўз ёши десангиз, дарё. Соққа топиб олган болалардай бир йиғлаб, бир кулиб, сочилган нарсаларни йиғиб олгач: “Бир жойга бориб ўтирсак”, — деб таклиф қилдим. Аммо ҳамроҳим:“Бу шиалар масжиди, наригисига бора қолайлик”, дея ўша ёққа етаклади. Ҳайрон бўлиб юзига қарадим.

— Номим Қосимжон. Аслим Ўшдан — жалолободликман. Рафиқам кобуллик даға.

“Ўҳ”, дедим ичимда,“бу бечора зиндонда яшар экан-ку. Қиёматда тўғри жаннатга киради, Худо хоҳласа”. Навбати билан ўзимни таништирдим.

У қайта қучоқлаб, ўз достонини сўзлаб кетди. Аммо мен ўзимдамасман, гаплари бир қулоғимдан кириб, наригисидан чиқиб кетаяпти. Ёлғиз“хотиним даға” дегани қулоғимда қолган. Бир чойхонага бордик. Ҳаво ёндираяпти. Яхна сувни кўнглим тусаган. Ошнам чой чақириб, меҳмон қилмоқчи бўлди. Бирпасда араб бола стаканчада чой олиб келди. Чойнак йўқлигига ҳайрон бўлганимни кўрган Қосим ака кулимсираб деди: “Хавотирланманг, яна олиб келади”.

Булбулнинг кўз ёшидайгина совуб қолган чойни бир кўтаришда ютдим. Ҳаётимда илк бор бунақа чойхўрликка рўпара келишим. Мезбоним яна чой чақирмоқчи эди, мен унамадим. Пулни тўлагач: “Уйга борамиз”, — деб туриб олди. Чарчаганимни баҳона қилиб, мени бирор арзонроқ меҳмонхонага элтиб қўйишини  сўрадим. У хафа бўлгандай, унамади. Сира кўнмаганимдан кейин бир кечаси беш долларлик меҳмонхонага олиб бориб қўйди.“Раҳмат” деб хайрлашдим. Қосим ака кета-кетгунча неча бор қайрилиб қараркан, қўл елпиб, кўзини арта-арта кўздан ғойиб бўлди.

“Э, Худо, — дедим ўз-ўзимча. — бу шаҳри азимда ҳамюртларсиз бир ўзи қандай яшаб келаяпти экан. Уйда даға  рафиқасига қандай чидайди?” Айтишига қараганда, беш йилдан бери илк бор ҳамюртини, яъни мени кўриб туриши экан. Фарзанди йўқ, ёши бир жойга борган…

Ювиниб, бироз енгиллашиб, узандим. Ухламоқчи бўлувдим, ухлолмадим. Басраси жаҳаннамнинг ўзи экан. Тўлғониб, Қосимжон акани ўйлаб, гўё ойнада ўзимни кўрардим. Бомдодга яқин ухлаб қолибман. Меҳмонхоначи уйғотганда соат 10 ларга бориб қолган, ташқарида Қосим ака кутиб турарди.

Узр сўраб, қазо адосидан сўнг, тановул қилгани бозорга тушдик, кейин станцияга бориб, Бағдод поездига чипта олдик. Эртаси оқшом жўнар экан. Демак, эртагача ҳали анча вақт бор. Ҳамроҳим билан бир ошхонада мен танимаган таомлардан тамадди қилгач, вақт зое қилмай, баъзи жойларни кўрмоқчи бўлдим. Аммо Қосимжон“офтоб уриб, касал бўлиб қоласиз”, дея йўл бермади. Мажбуран меҳмонхонага бориб, чойхўрлик қилдик. У ер-бу ерларга боришдан кўра дўст суҳбати ғанимат, дедим.

Қосимжоннинг сўзига қараганда бир кечалиги 25-50, ҳатто 100 долларлик меҳмонхоналар бор экан. Саррофга бориб, 50 долларни динор қилиб олдим. Эртаси оқшом Қосимжон ака кузатгани келди, йиғидан кўзлари қизариб кетибди. Ҳамдардлик билдириб: “Юринг, Туркияга кетайлик”, — дедим. У узоқларга тикилиб туриб:“Худо хоҳласа”, — деб қўя қолди. Ажрашиш пайти келди. На ундан, на мендан садо чиқади… Жимгина қучоқлашдик. Юрагимиздан жой олган“Ватан” ҳидининг ярми унда, ярми менда, сўзсиз хайрлашдик….

Эртаси пешинга яқин Бағдодга кириб келдик. Дарҳол Туркия элчихонаси томон учдим. Бино тепасидаги ой-юлдузли байроқни кўриб, салом бердим. Дарвозабон миршабга вазиятни уқтиргач, миршаб қаергадир қўнғироқ қилди. Ичкаридан  бўй-басти келишган бир йигит чиқиб, мени ичкарига етаклади. Жуда катта, чиройли безатилган саҳна тўрида 50 ёшлар чамаси  бир зот эски қадрдонлардай истиқболимга юрди, қўл бериб сўрашди.“Хўш, хизмат?”, дегандай илиқ назар ташлади. Мен ҳужжатларимни чиқариб бердим. ўқигач, бошқатдан қучоқ очиб, юз кўзимдан ўпиб деди:

— Арслоним, ота ёдгорим, бобойигит, хуш келибсан, ўзбегим…

Ҳўнграб йиғладим. Юпатмоқчи бўлса-да, ўзимни тутолмадим.

— қўй, йиғлама, — дердию ўзи ҳам ёшли кўзларини қайга яширишни билмасди.

Кейин бардоқда совуқ сув, булбулнинг кўзидай сопол пиёлада қаҳва олдириб келди. Ўзи оёқда, мен курсида, ўтириб қаҳва ичдик. Қаҳва—куйган нўхат таъмидаги бир ичимлик. Зўрға ютиб, устидан сув ичиб юбордим. Кейин билсам, турклар энг мумтоз, ҳурматли меҳмонларини қаҳва билан сийлашаркан. Бизда“бир кун туз еган жойингга қирқ кун салом бер” деганларидек,  туркларда“бир қултум қаҳванинг ҳурмати қирқ йил” деган ибора бор экан. Мен эса нафақат хизмат, ҳатто жонимни беришга ҳам тайёрман. Турк дунёси учун, турк учун, Туркистон учун, туғилган ерим, киндик қоним тўкилган тупроқлар учун ҳар замон хизмат қилишга тайёрман.

Ҳужжатлар тайёр бўлгач, меҳрибон киши:“Номим Беҳжа, туркман, бийгачиман”, — дея ўзини таништирди. Мамнуният билан қўлини ўпдим.

— Бирга овқатланамиз, — деди у.

Уялганимдан довдираб, минг баҳона билан узр сўрадим.

— ўзинг биласан, ўғлим. Майли, қачон жўнамоқчисан?

— Ҳозироқ, — дедим ўйлаб ўтирмасдан.

— Ҳе, йўқ! — деди у. — Ҳазиллашаяпсанми? Чилан, яъни поездинг кетишига ҳали икки кун бор.

Ёнидаги йигитга пул бериб:“Чипта олинглар”, — деди. Йигит ғоят вазмин, сипо. Саволлар бериб танишган бўлди. Кўпроқ: “Русча биласанми, русларни яхши кўрасанми?”— дея шўроларга  муносабатимга қизиқди. Мен: “ўлкамни таниган, халқни ҳурмат қилган, тан олган тенг миллатни яхши кўраман. Босқинчилардан нафрат қилсам ҳам, агар чиқиб кетишса, унинг миллатидан нафрат қилмайман, ҳатто яхши кўриб қолишим мумкин”,—дедим. У кулиб, ажойиб бир қараш қилди. “Инсоннинг иши қизиқ-да”— деди чўзиб. Нима демоқчи, тушунмадим. Бориб чипта олдик.  Мени бир меҳмонхонага жойлаб, икки кечалик ётоқ ва овқат пулини тўлаб,“Худога омонат, ўғлим”, — дея хайрлашди. Меҳмонхона жуда салқин ва покиза. Мазза қилиб ухладим. Эртаси куни барча тарихий жойларни, кўп зиёратгоҳларни, бозорларни айланиб, Дажла дарёси қирғоғида  балиқхўрлик қилдим.

Йўлга чиқадиган куним  “Масжиди ўзбекия” жоме масжидида пешинни ўқиб, бу осори атиқани мерос қилиб қолдирган аждодларимиз ҳақига дуо қилдим. Катта кўча бўйида ғоят  кенг ҳовли, ичида камида минг киши сиғадиган саҳн ва ичкарида меҳмонхона,  мусофирлар учун 8-10 хона, яна бир ҳовлича бор. Аммо ичкарида араблар истиқомат қилмоқда. Айтишларича, орқаси аскархона бўлгани учун бу жоме  масжид яқинда йўқ іилиниб, ўрнига замонавий аскархоналар  бино қилишмоқчи экан….

Мавлон Шукурзода нашрга тайёрлади

Давоми бор.

 

 

SHARE