Абдулла Қодирий Чикаго университетида

Чикагода таниқли ўзбекистонлик олим, “Ватандош” газетаси фаолларидан бири Олимжон ака Шарипов Чикаго университетида ўзбек тилини ўрганаётган талабалар учун маъруза ўқибди. “Ватандош” газетаси маъруза ҳақида билиш учун Олим акага қўнғироқ қилиб, батафсил маълумот олди.

— Ҳақиқатан ҳам, Чикаго университетида ўзбек тилини ўрганаётган талабалар учун маъруза ўқидим, — деди Олимжон ака Шарипов. — Маърузам “Советлар даврида ўзбек адабиёти” деб номланган. Тадбир ушбу йўналишда узоқ йиллардан бери дарс бериб келадиган Ҳелда Анетшофер-Каратеке ташаббуси билан ташкил этилди. Учрашув жуда қизиқ бўлди. Аввало, талабалар Ўзбекистон ва ўзбек маданиятига жуда қизиқишар экан. Қолаверса, улар Шарқ адабиёти ва бошқа туркий тиллардан яхшигина хабардор экан. Мен уларга Ҳамзаю Абдулла Қодирийдан Абдулла Орипову Тоҳир Маликкача сўзлаб бердим. Уларни қизиқтирган саволларга жавоб бердим, ўзбек адабиётининг ўзига хос жиҳатлари ҳақида гапириб бердим. Уларни кўпроқ сўфийлик, жадидчилик, шеърият, Чикагода ўзбеклар ҳаёти қизиқтирганини айтиш жоиз.

Суратларда маърузачи талабалар билан