29 майнинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


 

Путиннинг Осиё сафари Ўзбекистондан бошланади

Россия Федерацияси президенти Владимир Путин Осиё қитъаси бўйлаб биринчи расмий сафарни Ўзбекистондан бошлайди. Расмий Кремль матбуот хизмати тарқатган хабарда айтилишича, Путин 4 июнь куни расмий ташриф билан Ўзбекистонда, 5-6 июнь кунлари давлат ташрифи билан Хитойда, шунингдек, 6-7 июнь кунлари ШҲТ саммитида иштирок этади. 8 июнь куни эса расмий ташриф билан Қозоғистонга ташриф буюради. Таҳлилчилар айтишича, Путиннинг айнан Осиё ташрифларига катта урғу бериши Ғарбга нисбатан кўпроқ ушбу қитъа вакиллари билан истиқболда иш олиб боришидан даракдир. Бу қайсидир маънода Ғарб мамлакатлари учун сигналдир. Путиннинг илк ташриф Ўзбекистондан бошлаши ҳам ўзига хос маънога эга бўлиб, икки давлат ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилишига умид билдиришмоқда.


 

 

“InterContinental” Ўзбекистонни тарк этмоқда

Тошкентдаги энг йирик беш юлдузли меҳмонхона “InterContinental Tashkent Hotel” ўз номини “InContinental Tashkent Hotel”га ўзгартирди. Бунга меҳмонхона бошқарувчиси ўзгариши сабаб бўлган. Шу пайтга қадар меҳмонхона “InterContinental Hotels Group” Буюк Британия компанияси томонидан бошқарилаётган эди. У Ўзбекистон билан тузилган 15 йиллик шартнома муддати тугаганидан кейин мамлакатни тарк этди.
Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигига қарашли меҳмонхона бошқарув бўйича халқаро компаниялардан таклифларни кўриб чиқмоқда.
Қайд этиб ўтамиз, “InterContinental” меҳмонхонаси 1997 йили Тошкентда очилган эди. У мамлакатдаги ягона беш юлдузли меҳмонхона ҳисобланарди.


 


Сурия инқирози чуқурлашмоқда

Сурия инқирози борган сари чуқурлашиб бормоқда. Айниқса, Ҳула қишлоғида юз берган тўқнашувларда 100 нафардан ортиқ кишининг ҳалок бўлиши Ғарб мамлакатларини кескин чоралар кўришга ундамоқда. Чунончи, Франция, Австралия, Буюк Британия, Германия ўз мамлакатларидан Сурия элчисини чиқариб юбориш тўғрисида қарор қабул қилган. Канада ҳам Сурия элчихонаси дипломатларига мамлакатни тарк этиш учун 72 соат муддат берган. Шу билан бир қаторда, расмий Дамашқ Ҳуладаги воқеаларга алоқаси йўқлигини маълум қилиб, бунда мухолифат қуролли кучлари айбдор эканлигини қайд этган. Суриядаги тўқнашувлар оқибатида 2011 йилнинг март ойидан бери 13 минг киши ҳалок бўлди.


 

 

Покистон товламачиликда айбланмоқда

АҚШ мудофаа вазир Леон Панетта “ABC News”га берган интервьюсида Покистонни товламачиликда айблади. Унинг фикрича, расмий Вашингтон ажратаётган ёрдамларга қарамасдан, Исломобод ҳар бир бир юк машинаси учун 5000 доллар талаб қилмоқда. “Албатта, америкаликлар транзит учун пул тўлашга тайёр, аммо бунинг учун нархлар адолатли бўлмоғи лозим”, деди мудофаа вазири. Эслатиб ўтамиз, 2011 йилнинг ноябрда ойида АҚШ ҳарбий учоқлари томонидан покистонлик ҳарбийлар ўлдирилгач, Исломоб транзит йўлини ёпиб қўйган эди. Ўша воқеага қадар ҳар бир юк машинаси учун Америка 250 доллар тўлар эди. Панетта, шунингдек, АҚШга Усома бин Лоденни қўлга киритишда ёрдам берган шифокор Шакил Афридийнинг 33 йилга озодликдан маҳрум этилганини ҳам қоралаб чиққан. Бунга қарши АҚШ Сенати Покистонга ажратиладиган ёрдамни 33 миллион долларга қисқартиришга қарор қилган.


 

 

“Бунёдкор” чорак финалда

Жанубий Кореяда “Сонгам Илва Чунма” ҳамда Тошкентнинг “Бунёдкор” жамоалари ўртасидаги Осиё Чемпионлар лигаси нимчорак финалидан ўрин олган учрашувда Миржалол Қосимов шогирдлари 1:0 ғолиб бўлди. Ўфф.ўзнинг ёзишича, Осиё Чемпионлар лигасида қолган битта-ю битта жамоамиз бугун кучли рақибга қарши сафарда анча ишончли ўйин намойиш этди. Камолиддин Мурзоев кореялик ҳимоячилар томонидан қўполлик билан тўхтатиб қолинди. Ҳакам ҳеч иккиланмай пенальти белгилади. Пенальтини “Бунёдкор”нинг ҳимоячиси Хайрулла Каримов аниқ амалга ошириб, ҳисобни очди. Шу тариқа “Бунёдкор” дарвозаси сари йўл топа олмаган кореялик футболчилар мағлубиятни тан олишга мажбур бўлдилар. “Бунёдкор” эса ўз юришини ОЧЛда давом эттиради. Чорак финал учрашувлари шу йилнинг кузида бўлиб ўтади.

SHARE