30 майнинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


 

Сурия урушига тайёргарлик кетмоқда

АҚШ ҳарбийлари бошқа иттифоқдош мамлакатлар ҳарбийлари билан биргаликда Иордонияда ўқув машғулотлар ўтказган. Исроилнинг “Едиот Ахронот” газетаси ёзишича, ушбу ҳарбий ўқув машғулотида Сурияда олиб борилиши мумкин бўлган ҳарбий ҳаракатлар чоғида ушбу мамлакатда химиявий қуроллар сақланаётган омборларни қўлга олиш режаси амалиётда синаб кўрилган. Мазкур маълумотга кўра, унда 19 мамлакатнинг 12 минг нафардан ортиқ ҳарбийлари иштирок этган. АҚШ, Баҳрайн, Миср, Ироқ, Иордания, Саудия Арабистони, Ливан, Покистон, Қатар, Буюк Британия, Франция, Италия, Испания ва Австралия қўшинлари шулар жумласидандир. Бундан бироз муддат аввал Сурия озодлик армияси (мухолифат) вакиллари химиявий қурол сақланадиган омборларни қўлга олишни ўзининг асосий мақсадларидан бири сифатида эълон қилган эди. Гарчи расмий Вашингтон вакиллари бу борада аниқ бир фикр айтмаётган бўлса-да, Пентагон аллақачон эҳтимолий ҳарбий ҳаракатлар учун режа ишлаб чиқишни бошлаб юборган. Шу билан бир қаторда, Франция президенти Франсуа Олланд ҳам БМТ хавфсизлик кенгаши қўллаб-қувватлайдиган бўлса, ҳарбий аралашувларни истисно қилмади.


 

 

Ҳар бир ўзбекистонлик зиммасида 143 доллар ташқи қарз бор

Ўзбекистоннинг давлат қарзи 2011 йил якунлари бўйича мамлакат ялпи ички маҳсулотига нисбатан 9,1 фоизни ташкил этди. Бундай хулосага Халқаро валюта жамғармаси маълумотлари асосида “РИА-Аналитика” ИТМ эксперлари келган. Уларга кўра, Ўзбекистон одам бошига қарз миқдори бўйича 168 та мамлакат ичида 159-ўринни ва қарзнинг ялпи ички маҳсулотга нисбати бўйича 162-ўринни эгаллади. Ўздейли.ўз сайтининг ёзишича, 2011 йил якунлари бўйича Ўзбекистоннинг давлат қарзи ЯИМга нисбатан 9,1 фоизга тенг бўлиб, бу дунёдаги энг паст кўрсаткичлардан бири ҳисобланади. 2011 йил якунлари бўйича Ўзбекистонда давлат қарзи одам бошига $143 ни ташкил этади.


 


Рокфеллар ва Ротшильдлар оиласи ҳамкорлик қилмоқчи

Бутун дунёга машҳур оилалар — Рокфеллерлар ва Ротшильдлар хонадони стратегик ҳамкорликни ўрнатиб, оилавий активларнинг бир қисмини бирлаштиради. “The Financial Times” газетасининг ёзишича, шундай қилиб икки компаниялар ўзаро ҳамкорликни кучайтириш ҳамда дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашни ният қилишган. Тахминларга қараганда, Ротшильдлар инвестиция компанияси Рокфеллар хонадонининг 37 фоиз акциясини харид қилади. Келишув суммаси ошкор этилмаяпти. Газетанинг ёзишича, икки оила раҳбарлари Девид Рокфеллер (96 ёш) ҳамда Жейкоб Ротшильд (76 ёш) сўнгги ярим аср давомида ўзаро ҳамкорлик қилиб келади. Рокфеллер оилавий 1882 йилда Жон Рокфеллар томонидан асос солинган бўлса, Ротшильдлар сулоласи 18-асрдаёқ бутун Европада ном қозониб улгурган эди.


 

 

Туркияга борувчилар кўпаймоқда

“Регнум” ахборот агентлигининг “Anatolia News Agency” таяниб хабар беришича, Ўзбекистондан Туркияга саёҳат уюштираётганлар сони изчил кўпаймоқда. Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси маслаҳатчиси берган маълумотларга қараганда, мунтазам Тошкент ва Анталия ўртасида амалга ошириб келинган ҳафтасига 14 рейс қатнови бу гал камлик қилган. Дипломатнинг сўзларига қараганда, 2010 йилда Туркияга 68 минг сайёҳ ташриф буюрган бўлса, 2011 йилда бу кўрсаткич 25 фоиз ўсиб, 85 минг нафарга етган. Ўзбекистонлик сайёҳлар асосан Анталия, Бодрум, Стамбулга ташриф буюришмоқда.


 

 

Googooshaнинг янги альбоми релизга тайёр

Тез кунларда “Googoosha” бренди остида мусиқий ижод билан шуғулланадиган Гулнора Каримова ўзининг “Round Run” альбомини мухлислар эътиборига ҳавола этади. АҚШ, Осиё, Россия ва Европа мамлакатларда кенг оммага тақдим этилажак бу мусиқий альбомда Googooshaнинг барча қўшиқлари инглиз тилида бўлиб, ҳаммаси муаллифлик тароналари ҳисобланади. Шов-шув.ўзнинг ёзишича, айни пайтда хит бўлишга улгурган Round Run аранжировкаси (ремикси) устида Лэди Гага билан ҳамкорлик қилган таниқли DJ White Shadow ишлади. Энг қизиғи, ушбу ремикс “океан орти мамлакати”нинг юзлаб тунги клубларида бош рақсбоп таронага айланди! Dj Dave Aude, Dj Abel Aguilera, DJ Tom Boxer, DJ Ropero, Dj Dan DeLeon, Dj Mike Scott ва Jamie Sanchez каби дунёнинг машҳур ди-джейлари эса “Round Run”ни ўзларининг трек тармоқларига ҳам киритишгани таронанинг нақадар таъсир доираси ортиб бораётгганидан дарак, деб ёзади шов-шув нашри.
“ROUND RUN” альбоми қўшиқлар рўйхати:

1. Night
2. How Dare
3. Wake Up
4. I Live
5. How To Fly
6. Superstar
7. Try Try Try
8. Round Run
9. H.U.G.
10. Battle Of Life
11. I`m Alive
12. Inside Me
BONUS TRACK
13. Round Run DJ White Shadow Remix

 

SHARE