Хориждаги ўзбеклар ҳаётидан қисса. Собир Сайҳон: “Буғдой экиб, арпа ўрганлар…” V-қисм

 

Туркистонлик бир гуруҳ ватандошларимиз. Адана (Туркия) 1954 йил.

Хориждаги ўзбеклар ҳаётидан қисса.

 Таҳририят хориждаги ўзбек адабиёти намояндаларидан бири, туркиялик ўзбек Собир Сайҳоннинг Ватан соғинчи, юртга муҳаббат туйғуларига йўғрилган асарларидан “Буғдой экиб, арпа ўрганлар” қиссасини сўнги қисмини эътиборингизга ҳавола этар экан, бу асар ёшлар қалбида она-Ватангга садоқат туйғуларини шакллантиришда хизмат қилади, дея умид қилади.

Собир САЙҲОН

Vқисм

                                                   Хуш келдингиз, Ота ёдгори қардошим

 Биз туркистонликлар ёлғиз ватанда эмас, балки четдаги, гўё одил мусулмон ўлкаларда ҳам  ҳақсизликка учраган мазлумлармиз. Афсусланишдан бошқа чора йўқ. Масжид девори соясида майда-чуйда сотиб ўтирган Муҳаммадали исмли  юртдошга дуч келдим. Яқинда Ватанга қайтиш умидида экан, 80 ёшдаги онаси билан  яшаркан. Юрт соғинчида юрак-бағри куйиб юрган  бу йигит дардига даво топгандай, мени кузатиб қўймоқчи бўлди.  Аср пайти бекатга бирга чиқди. Кўз ёши сел бўлиб оқар, бир куни илоҳий адолат  қарор топишига умидвор. Ватан озод бўлиб, ҳақсизлар Худонинг ғазабига учрашига ишончи комил бўлганидан тасалли топарди. Бекатга борганимда Басра темир йўлидан кенгроқ бошқа темир йўл  устида бир қатор вагон турибди. Ўтхона устида турк байроғи ҳилпирарди. Вагон деразаларидаги пардаларда ой-юлдуз нишонаси. Мовий рангли вагон, устига лотин ҳарфларда жуда катта қилиб:“Туркия жумҳурият давлат темир  йўллари — Истамбул, Бағдод турист экспресси” — деб ёзиб қўйилган.

Чидаёлмай, севинчдан пиқиллаб йиғлаб юбордим. Муҳаммадали ака ўксиб-ўксиб кўз ёши тўкарди. Аслида иккаламиз ҳам нима учун йиғлаётганимизни билмасдик. Аммо ичимизни тоширган туйғу шуки, биз миллат эдик, инсон эдик. Худованди карим ҳеч бир миллатни байроқсиз қўймасин, деган дуо билан Яратганнинг ўзига сиғиндик. Муҳаммадали ака билан қайта-қайта қучоқлашиб хайрлашгач, бўхчамни қучоқлаб, поездга ирғиб миниб олдим. Пастда қолган маъюс юртдошимнинг букилиб қолган қадди-қомати, сел бўлиб оқаётган кўз ёши ҳали-ҳали эсимдан чиқмайди.

Адана (Туркия), 1960 йил. Туркистонликларнинг байрами. Ўртада Собир Сайҳоннинг оталари Холмуҳаммадхўжа.

 Чипта текширувчи ҳужжатларимни текширгач, ҳаддан ташқари яқинлик кўрсатди. Ҳатто дам-бадам чой, егулик олиб келиб, хабар олиб турди. Поезд Ироқ чегарасидан Туркия томон яқинлашганда хушсуврат турк миршаби йўловчиларни текширгач, навбат менга келганда алоҳида бир яқинлик кўрсатиб, ҳарбийчасига саломлашди:

— Хуш келдингиз, Ота ёдгори қардошим, — деб эркалади. Чегара, аскархона томидаги Буюк Турк байроғи гуё шаҳидлар қони каби самода ҳилпираб, хаёлни тортар, ҳаяжондан ичларим дир-дир титрар эди. Ҳалиги турк миршаб аҳволимни англади чоғи, Сурия полициясига  ҳужжатларимни кўрсатиб, йўлбошчилик қилди. Поездимиз Туркиянинг Ислоҳия бекатига киргач, турк миршаби қариндошини кутган каби қўлида гул билан қаршилаб, илтифот кўрсатди. Уч соатча меҳмондорчиликдан кейин шаҳарнинг машҳур узумлари билан меҳмон қилишди. Кўкаламзорлар устидаги лоларанг турк байроғи шабадада енгил ҳилпираб, оғриқли қалбимни оҳиста силаётган каби жоним ҳузур қиларди. Атрофимда туркона илтифот, сўзлашув, товушдаги юмшоқ оҳанг, қардош тил таъсирида ўзимни она-Ватандагидай ҳис этдим.

— Оҳ, она тилим, жон тилим, иззату нафсим, ғурурим ифодаси ўзбек тилим. Мана сенга тенгдош, илдизи бир қардош, биродар тили. Араблар билан чегарадошликдан орада арабча сўзлашганлар ҳам бор. Икки кеча, икки кундуз тоғу, тош, катта-кичик шаҳар ошиб, Истамбулнинг Ҳайдар бекатига етиб келдик. Йўлда Жаҳон, Сайҳон дарёларини кўриб, Ватандаги Сайхун, Жайхун дарёларим ёдимга тушди. Юртдошлик, диндошлик, тилдошлик қандоқ ҳам гўзал-а!

Поезддан кейин, денгизда 45 дақиқача сузиб, бошқа дунё, яъни Туркиянинг Оврупо қисмига ўтдим. Такси ушлаб, тарихий Султон Аҳмад майдони яқинидаги ўзбеклар кўчаси, ўзбеклар такяхонаси, яъни мусофирхонасига етиб олдим. Уч қаватли бу бинонинг учинчи қаватида камида уч юз киши сиғадиган бир масжид ва теварагида меҳмонхоналар бор. Бир замонлар бухоролик Қушбеги томонидан туркистонлик ҳожилар учун мусофирхона мақсадида қурилган бу бино олдидаги хоналарда бир кўп юртдошлар, хонадонлар, вақтинча яшаб, ишларини йўлга қўйишгач, чиқиб кетишган.

Адана (Туркия),1955 йил.  Туркистон  кўмакчи жамияти  фаоллари.

 

Истамбул ва Аданада  Туркистон кўмакчи жамиятлари фаолият бошлади

 

Менга зина устидаги кичик бир хоначани бўшатиб беришди. ўрнашиб олдим. Келди-кетди ва дастурхон очган юртдошлар кўпайиб, анча ўзимга келиб қолдим. ғамли кунлар ортда қолгани шукронасига ҳар ҳафта камида беш-олти кишини меҳмонга чорлаб, дўст-ёрлар орттирдим, ишга шўнғиб кетдим. Пазандалик ҳунарим асқотиб, юрт-дошлар орасида тилга тушдим.

Белимни ростлаб, ғамим бироз ариди, кам-кўстсиз яшаётганимдан мамнунман, аммо эски дард — то Ватаним мустақил бўлмас экан, кўнгил хотиржам бўлиши амри маҳол. Истанбулдаги юртдошлар Туркистон ва миллий мустақиллик йўлида устувор турганини кўриб, ич-ичимдан бир қувониқ келиб, умидланардим. Чунончи, қўқонлик дўхтир Солижон Эркин бошчилигидаги Туркистон миллий жамияти нашрлари шу йўлда фаолият олиб бораётганлардан. Гоҳ такянинг кенг бир хонасида миллий либослар кўргазмаси ташкил этилар, гоҳ йиғилишларда миллий ўйинлар, миллий таомлар намойиш қилиниб, қадриятлар эсга олинарди. Ҳатто Наврўзларда сумалак пишириб, аждодлар анъаналарини тиклашга уринишарди. Кейинчалик, Туркия маданият марказлари ёрдамида Туркистон кўмакчи жамияти  фаолият бошлади. Маданий, сиёсий ва ижтимоий фаолиятлар ерлик турк қардошлар ичида эътибор топа борди, ҳатто давлат идоралари назарига тушди.

Адана (Туркия), 1951 йилдан буён ўзбеклар яшаётган кўчалардан бири.

Жамиятларнинг сиёсий фаолият олиб бориши ман қилинган бўлса-да, биз, туркистонликлар, бу борада эркин эдик. Хусусан, урушда асир тушиб, кейин Туркия ҳомийлигида юртга олиб келинган ҳамюртларнинг ҳаёти турк қардошлар орасида алоҳида эътиборга эга эди. Бир замонлар Туркия истиқлолида иштирок қилиб, шаҳид бўлган туркистонликлар Афғон паспортларига эга бўлганлари учун афғон ҳисобланишар, бу афғонлар манфаатига хизмат қиларди.

Туркистонликлар ва жамиятлар орқали ҳақиқат рўёбга чиқиб, мен ва менга ўхшаганлар эътиборга тушиб қолдик. Расмий идораларнинг бизларга кўрсатган алоқа ва эътиборидан чўчиган шўролар туркистонликларни ичидан емириш мақсадида орамизда юрган  дудуқ Маҳмудга ўхшаган махфийлар борлигини ривоят қилишарди. Ватандан айро муҳожирларга “Ватан хоини”, уларни ёмонотлиқ қилувчиларни эса “Ватанпарвар, миллатчи” дея бонг ураётганлар Маҳмуднинг думлари эканлигини аниқлаганлар бор эди. Халқ иккиланиб қолган. Аммо эгри ўлтириб, тўғри сўзлаганда қайси томонда бўлишидан қатъий назар бой-камбағали, ёшу қариси, ҳаммасиям Ватан, Туркистон ва турк-лар учун ҳар замон жон фидо қилишга тайёр юртдошлар эди. Ватан билан алоқа боғлаш учун мен ҳам бир неча бор қишлоғимга хат ёзиб, қариндош-уруғимни қидиргандим. Афсуски, улар ё сургун қилинган бўларди ёки қўрқувдан бизлардан тонишарди. Асл мақсади четдаги туркистонликлар орасига фитна суқиш бўлган Тошкентдаги “Дўстлик жамияти” хат йўллаб, гўё бизларга ёрдам бермоқчи бўларди. Мен ҳам қўрқмай, жасорат билан билиб туриб хатлашардим. Чунки жамият бошида ақли расо, хусусан, самарқандлик Зиёмиддин ака, ундан бошқа шоир Миад Ҳакимов,  Рамз Бобожон ва Аҳмад Луқмон деган ватанпарвар, кўнгли оқ, девюрак кишилар бор эди. Булар асли руҳан Ватанига содиқ кишилар эдилар.  Яқин келажакда ёруғ кунлар умиди билан яхши ниятларда четдаги юртдошлар билан алоқа боғлаш пайига тушгандим. Шу сабабли такядагилар орасида шов-шув кўтарилди. Қизиқ, умрида бир бор Ватанни эсламайдиганлар ватанпарвару, бизга ўхшашлар, бахтсизлар қора бўлиб қолишганди. Мен парво қилмай, муносабатни узмай, Ватандан тарқатилган пуч хабарлар орасидан яширилган тўғри хабарлар чиқиб қолар, деган умидда эдим. Ва бу умидим пучга чиқмади. Чунончи, 1988 йилдан бошлаб советлар қурган сохта иморатнинг михлари ўйнаб, Горбачёв бошчилигида“қайта қуриш” режалари чизилиб,“эркин фикр” каби иборалар қулоққа чалиниб қолди. Тўғриси, 70 йил зулм остида калтак еб меҳнат қилган, асл жумҳурият халқларига янгича сиёсат асосида сиртини силаб туриб, яхши гап билан авраб, яна ҳам кўпроқ фойда олмоқчи бўлишарди. Аммо“қайта қуриш” бир туртки бўлдию ичдан етилиб келган озодлик туйғуси жунбушга келди. Қадим Туркистон жумҳурияти  миллий халқлари ҳам фурсатни ғанимат билиб, миллий туйғу оташида ҳақларини талаб ва ҳимоя қила бошладилар. Бу ёғи ўқувчига маълум. Ўзбекистон 1991 йил 1 сентябрда ўз миллий байроғини тиклади.

Холмуҳаммадбек, Шермуҳаммадбек лашкарбошининг жияни, Туркистон миллий озодлик ҳаракати фаоли. Собир Сайҳоннинг поччалари.

Ўзбекистон газеталари Президент И.Каримовнинг “Биз нима учун бировлар олдида тиз чўкишимиз керак? Биз ўз халқимизнинг хоҳиш истагига қараб иш кўришимиз керак” каби  фикрлар билан чиқа бошлади. Бу ҳақиқий уйғониш эди. Ниҳоят, Туркистон, хусусан, ўзбек халқининг  бутун дунё диққатини ўзига жалб этганлиги улуғ саодат эди. Мен ўзимга ачиниб кетаман, чунки бир умр буғдой экиб, арпа ўриб келдим…

Такяда узоқ қолишим менга тўғри келмаётганди,“Ҳазрати Аюб” томондан бир ҳовли сотиб олиб, ўша ерга муқим ўрнашдим. Мабодо Ватанга қайтолмасам, шу табаррук ерда хоким қолар, деб ўйладим.

Ватанга қайтиш ҳаракатларидан натижа чиқмади. Мен сиёсатчи эмас, оддий инсон эдим. Шўроларда инсоний туйғу ўрнига ҳайвоний туйғу ҳоким эди. Шу боис ҳам у абадий қололмади. Худонинг адолати тажалли қилиб, шўролар парчаланиб, азиз ўлкам озод бўлди. Очилган дарвозалардан биз томон кириб келган, мен доим соғиниб кутганим  юртдошларимга ҳамиша бағрим очиқ. ўрни келганда баъзиларга моддий ва баъзиларга маънан ёрдам бериб, йўл кўрсатаман. Ҳа, ораларидан битта-яримта жонкуяр қариндошим чиқиб қолармикан деб умид қиламан-у, аммо умидларим пучга чиқади. Ҳозирча ҳеч ким чақирув қоғози юбориб, Ватанга даъват этганича йўқ.

 Мазлум Ватанга-ку, боролмаган эдим, энди Оллоҳ мадад берса, озод Ватанга бир куни қайтиб бориш менга ҳам насиб этар. Чунки  Ватан соғинчи  дилу жонимни ёқмоқда. Хайр, Худо иймондан айирмасин. Ватан омон бўлсин, Ватан соғ бўлсин! Ранги рўйим сомон бўлса ҳам, майли, она-юртим омон бўлсин. Аввалда ҳам, ҳозирда ҳам ҳеч қандай қийинчилик ва жудолик мени фикрий, ғоявий йўлимдан қайтаролгани йўқ. Биз эса Ватанимизга сиғмадик, аммо Ватан муҳаббати, Ватан орзуси билан охират остонасигача етиб кела олибманми, демак бундаги ҳикмат ҳам Оллоҳимга аёндир. Омон бўлингиз…

Жабрдийда ўзбек халқи тарихида шундай даврлар бўлганки, фан ва маданият аҳли эркин нафас олиш, яйраб-яшнаб ижод қилиш, илмий асарлар яратиш учун бошқа юртларга равона бўлганлар. Аммо большевиклар тарих саҳнасига чиққанларидан кейин кўҳна Туркистон ва туркистонликлар ҳаётида шундай мушкул даврлар бошландики, озгина ер-суви бўлиб, эмин-эркин яшаётган кишилар “қулоқ” қилинди, ер-суви, мол-мулки тортиб олиниб, ўзлари азиз жонларини, бола-чақаларини ХХ асрнинг“яъжуж-маъжуж”ларидан сақлаб қолиш истагида хорижий мамлакатларга бош олиб кетдилар. Уларнинг бир қисми чегара жойларда тутиб олиниб, отиб ташланди, бошқа бир қисми Амуни кечиш чоғида дарёга ғарқ этилди, омон-эсон қолганлар эса Хитой, Афғонистон, Туркия, Саудия Арабистонидан бошпана топдилар…

 

Собир Сайҳон (ўртада) ўзбек адиблари даврасида. Тошкент, 2010 йил.

 Филология фанлари доктори, профессор Наим КАРИМОВ, ватандошимиз Собир Сайҳон ҳақида:.“Ватандош” газетаси саҳифаларида “Буғдой экиб, арпа ўрганлар” қиссаси эълон қилинаётган Собир Сайҳон – золим фалакнинг гардиши билан ўзга юртларга бориб қолган ва ўша ерда палак ёзган минглаб ватандошларимиздан бири. 30-йилларнинг

Профессор Наим Каримов.

бошларида қишлоқ аҳли бошига тушган офат унинг оиласини ҳам четлаб ўтмаган. Шўро ҳокимиятининг зуғуму зўравонлигидан жони ҳалқумига келган  бошқа фарғоналиклар қатори, унинг ота-онаси ҳам 1931 йили киндик қонлари тўкилган  Варзак қишлоғини бир умрга ташлаб кетишга мажбур бўлишган. Шу вақтда Собиржон ҳали чилласи чиқмаган чақалоқ эди. Ярим кечаси солга ўтириб Амударёни кечиб ўтишда, бир томондан, орқадаги қизил аскарлар, иккинчи томондан, олдиндаги афғон сарбозлари ёғдирган ўқ ёмғиридан қанчадан-қанча бегуноҳ юртдошлари, қўни-қўшнилари ҳалок бўлишган. Аммо ўттиз кунлик чақалоққа Оллоҳнинг раҳми келиб, у ота-онаси билан бирга шўроларнинг “қил кўприги”дан тирик ўтган. Собир афғон тупроғидаги хорлик ва зорликлар, сарсону саргардонликлардан ҳам омон чиққан. Тақдир унга Туркиянинг тоза ҳавоси билан нафас олиб яшашни раво кўрган экан, мана ҳозир у Истанбулдек дунёнинг энг гўзал шаҳарларидан бирида истиқомат қилиб келмоқда.

Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманидаги Варзак қишлоғида туғилган  ва шу қишлоқни, айтиб ўтганимиздек, ўттиз кунлик “жиш” пайтида тарк этган Собир Сайҳон бутун онгли ҳаёти давомида Ватанга соғинч ҳиссини бир дақиқага бўлса-да йўқотмади. СССР деган темир қўрғоннинг деворлари нурай бошлаши билан у ўз қишлоғи ва ҳамқишлоқларини, осмонида истиқлол қуёши порлаган ўзбек диёрини кўргани, она-Ватан ҳавоси билан тўйиб нафас олгани келди.  Хорижий оламда она юртини соғиниб-қўмсаб яшаган, муҳташам бинолар пештоқида ҳилпираб турган 12 юлдузли байроқни кўриб, кўз ёшларини яшира олмаган  бундай ватандошларимиз оз эмас. Аммо Собир Сайҳон улардан қатор фазилатлари билан ажралиб туради. Бу фазилатларидан бири ва журналхонлар учун, айниқса муҳими, унинг шоир ва адиблигидир. Собир Сайҳоннинг “Тўлғаной”, “Адашганлар”, “Силсила” деган қиссалари, “Ватан қидирган йигит” номли қисса ва ҳикоялар тўплами Тошкентда чоп этилиб, китобхонларга манзур бўлган. Бу асарларни ўқиган китобхон Собир Сайҳоннинг тақдирнинг қандай хатарли сўқмоқларидан ўтиб, Инсон бўлиб қолганини, бағрида нафақат ватансеварлик, балки ўзбекона кенглик, тантилик, олийжаноблик, меҳр-оқибат сингари эзгу хислатлар ҳам жўшиб турганини яхши билади.

Ўтган асрнинг 80-йилларида, аниқроғи, мустақиллик арафасида собиқ шўро мамлакатида ҳаётбахш шабадалар эса бошлади. Биз шу даврда Булоқбоши тахаллуси билан шеърлар ёзган, Тоҳир Чиғатой исм-шарифи билан илмий ва адабий-танқидий мақолалар эълон қилган, фаннинг турли соҳалари бўйича профессорлик унвонига сазовор бўлган ватандошларимиз борлигидан хабар топдик. Бу, биз учун қувонарли воқеа эди. Аммо илм бошқа олам-у, бадиий ижод – бошқа олам.

Шоирлик Булоқбошининг касб-кори бўлмаган. Умуман, шоирлик – касб эмас. Шеър ёзиш бегона юртда истиқомат қилаётган Булоқбоши учун Ватан туйғуси билан яшашнинг бир шакли эди. Шунинг учун ҳам унинг шеърларига ҳозирги ўзбек шеърияти эришган юксакликдан туриб ёндашмаслигимиз лозим. Худди шунингдек, Собир Сайҳоннинг шеърларини ҳам шеърият мухлисларига профессионал шоирнинг шеърлари деб тақдим этиб бўлмайди. Шоирлик – унинг ҳаваси. Унинг, масалан,  Ҳусниддин Шариповдек шеър ёзиши учун Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Миртемир шеърларини ўқиган, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Жуманиёз Жабборовлар билан бир адабий муҳитда яшаган бўлиши лозим. Шунинг учун ҳам Собир Сайҳон ўзини фақат ҳаваскор шоир деб билади. Лекин унинг қисса ва ҳикояларини ўқиган китобхон муаллифда бадиий дид ва дил борлигини сезмай иложи йўқ. Собир Сайҳон бошидан кўп яхши ва ёмон воқеаларни ўтказгани, ундан ҳам кўпроқ яхши ва ёмон кишиларни кўргани туфайли унинг насрий асарларидан у яшаган, у орзу қилган, унга қанот бағишлаган ҳаёт нафаси уфуриб туради.  Собир Сайхон насрий асарларининг менга, айниқса, манзур бўлган жиҳатларидан бири ўзбекона рангин тилидир. Замона зайли билан 30-йилларда ўз ватанларини ташлаб, хорижий мамлакатларда яшашга мажбур бўлган ватандошларимизнинг, хусусан, Собир Сайҳоннинг қисса ва ҳикоялари тили ва услубида оҳори тўкилмаган сўзларни, лисоний соддалик ва табиийликни, ўзбекона услуб жилоларини кўриб, қувонмай иложингиз қанча…

 Шояд, Собир Сайҳон узоқ ижодий умр кўриб ва  янада бадиий бақувват асарлар ёзиб барча мухлисларини хушнуд қилиб юрса.

Мавлон Шукурзода

 нашрга тайёрлади.

 

Истанбул 2009 йил. Собир Сайҳон ва Мавлон Шукурзода.

 

SHARE