31 майнинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


 

ХВЖ: инфляцияни пасайтиришга эътибор қаратиш лозим

Шу йилнинг 21-25 май кунлари Тошкентда бўлган Халқаро валюта жамғармаси миссияси расмий идораларга инфляцияни туширишга эътиборни кучайтиришни тавсия қилди. “2013 йил охирига қадар инфляцияни барқарор пасайтириб бориш макроиқтисодий сиёсатнинг муҳим вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда. Сўнгги йилларда дунё озиқ-овқат бозорида нархлар пастлаганига қарамасдан бу Ўзбекистонда инфляциянинг ўсиш суръатларига таъсир кўрсатмади”, дейилади ХВФ экспертлари хулосасида.
“Регнум” ахборот агентлигининг хабар беришича, талабни рағбатлантириш сиёсатининг сақлаб қолингани, рақобатдошликни ошириш ҳамда нахрларни тартибга солиш мақсадида миллий валюта курсининг кучсизланиши инфляциянинг 13 фоиз бўлишига хизмат қилган. Халқаро валюта жамғармаси экспертлари инқироз оқибатлари ҳали тўлиқ бартараф этилмаган бир шароитда Ўзбекистонда барқарор ривожланиш суръатлари сақланиб қолаётганини, мамлакат бюджети харажатлари профицит билан ижро этилаётганлигини алоҳида қайд этган. Жамғарма экспертларига кўра, Ўзбекистонда ўсиш суръатларини таъминлашда хизмат кўрсатиш, транспорт ва алоқа, шунингдек, савдо муҳим роль ўйнамоқда.


 

 

Райс хоним катта сиёсатга қайтиши мумкин

Собиқ АҚШ давлат котиби Кондолиза Райс хоним Республикачилар партиясидан номзод Митт Ромнининг сайловолди кампанияси учун маблағ йиғиш билан шуғулланади. Таҳлилчилар фикрича, Митт Ромни унга вице-президент сифатида сайловолди кампаниясида иштирок этишга таклиф қилиши мумкин. Сайлов бўйича экспертларнинг фикрича, бу Митт Ромни учун жиддий аҳамият касб этишини таъкидлашмоқда. Чунки Кондолиза Райс Митт Ромни учун ташқи сиёсат билан боғлиқ масалалар, шунингдек, қора танли сайловчилар овозини тўплашда қўл келиши мумкин.


 


GM экспортни кўпайтирмоқчи

“GM — Uzbekistan” қўшма корхонаси 2014 йилга қадар енгил автомобиллар экспортини 2011 йилга қараганда 1,4 бараварга – 120 минг автомобилга оширади. Бу ҳақда таркибига Ўзбекистон автомобиль соҳаси корхоналари кирувчи “Ўзавтосаноат” АК Тошкентда бўлиб ўтган саноат ярмаркаси чоғида маълум қилган.
Олам.ўзнинг ёзишича, 2012 йили заводда экспорт ҳажмини 90 минг автомобиль даражасига кўтариш кутиляпти, 2011 йил якунлари бўйича у 85 минг донани ташкил этганди. 2013 йилда биз экспортга 120 мингта машинани олиб чиқишни мўлжаллаяпмиз. “Ўзавтосаноат” АК тарқатган маълумотларга кўра, 2012 йилда заводда умумий ишлаб чиқариш ҳажмини 240 мингта машинага, 2013 йилда – 270 мингтагача етказиш режалаштирилган.


 

 

Бирлашган Қироллик янги элчи тайинлади

Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган қироллиги Жорж Эдгарни Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси этиб тайинланди. Ўздейли.ўзнинг хабар беришича, янги элчи 2009 йили тайинланган Руперт Жойнинг ўрнида 2012 йил августидан ўз фаолиятини бошлайди. Интернет нашри Жорж Эдгарнинг “мен Ўзбекистонга элчи этиб тайинланганимдан мамнунман ва мағрурман. Ушбу ғаройиб мамлакатни, унинг одамлари ва бой маданиятини яхшироқ билиб олиш имкониятини сабрсизлик билан кутаман”, дея сўзларидан иқтибос келтиради. У Британия-Ўзбекистон муносабатларини мустаҳкамлаш устида ишлашини қайд этди.


 

 

Президентликга номзоднинг орфографик хатоси

Республикачилардан АҚШ президентлиги учун нмозод бўлиши амалда ҳал бўлган Митт Ромнининг сайловолди штаби Iphoneда ташвиқот иловасини чиқарди. Бироқ бу янгилик Митт Ромнига нисбатан танқидий фикрларнинг ортишига сабаб бўлди. Гап шундаки, 29 июнь сешанба куни кечқурун тарқатила бошланган мазкур илова дастурларда жиддий орфографик хато ўтиб кетди. Илова яратувчилари “A Better America” шиорини “A Better Amercia” тарзида ёзиб юборишган. Ушбу масалада чиқиш қилган Митт Ромни матбуот котиби Андреа Сол “Хатолар бўлиб туради”, дея айбини ювишга ҳаракат қилди. Ушбу хато 30 июнь куни тузатилди.

SHARE