4 июннинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


 

Немислар сотган сувости кемасида ядровий қурол бўлиши мумкин

Немис мухолифати вакиллари Германия ҳукуматидан Исроилга сотилган сув ости кемалари бўйича тўлиқ ҳисобот беришни талаб қилмоқда. “Spiegel”нинг ёзишича, немис матбуотида пайдо бўлган хабарларга қараганда, ушбу сувости кемалари ядровий қурол билан жиҳозланган бўлиши мумкин. Шу боис ҳам Германия социал-демократлар партияси ҳукуматдан ушбу масала юзасидан аниқ тушунтириш беришни талаб қилмоқда. Германия “Яшиллар” партияси эса немис ҳукумати Исроил учун айрим талаблар асосида қурол-яроғ сотса-да, уларни бажаришни талаб қилмаган. Масалан, энг замонавий типдаги “Дольфин” сувости кемасини сотиш учун расмий Берлин яҳудийларга Ғазо секторида уй-жой қуришни қайта кўриб чиқиш, ушбу минтақада ижтимоий инфратузилмани яхшилаш ҳамда Фаластин мухтор давлатига тегишли маблағлар ажратиши талаб қилинар эди. Аммо Исроил ҳукумати фақат охирги талабни бажарга холос.


 

 

Тожикистонга Ўзбекистон ҳарбийлари бормаслиги мумкин

Ўзбекистон Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар қуролли кучларининг Тожикистонда бўлиб ўтадиган “Тинчлик миссияси — 2012” ҳарбий машғулотларида иштирок этмайди. Бу ҳақда Тожикистон мудофаа вазирлиги вакилларига таяниб “Регнум” ахборот агентлиги хабар тарқатди. Маълумотларга қараганда, ҳарбий машғулотлар Тожикистон шимолидаги “Чорух-дайрон” ҳарбий полигонида шу йилнинг 7-14 июнь кунлари бўлиб ўтади. Ҳозирча ушбу тадбирда Тожикистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия қуролли кучларидан 2 минг ортиқ ҳарбийлар қатнашади. Ушбу машғулотларда Россиянинг Тожикистонда жойлашган 201-базаси шахсий таркиби Россия Федерацияси номидан иштирок этади. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, ушбу ҳарбий машғулотлар терроризм, диний экстремиз ва бошқа ҳарбий вазиятларда келишилган ҳолда иш юритишни кўзда тутади.


 


Обама тушунтириш хати ёзди

АҚШ президенти Барак Обама 11 яшар Тайлер Салливан дарсни қолдиргани учун тушунтириш хати ёзиб берди. Гап шундаки, ушбу мактаб ўқувчиси Миннесота штатида Барак Обаманинг нутқини эшитиш мақсадида дарсни қолдиришга мажбур бўлган. Буни англаб етган Барак Обама боланинг ўқитувчисига “Жаноб Акерман, илтимос, Тайлерни кечиринг. У мен билан эди. Барак Обама”, деб қайднома ёзиб берди. Шуни қайд этиш керакки, Обама боланинг отаси меҳнат қиладиган Honeywell заводида нутқ сўзлаган эди.


 

 

Миржалол Қосимов Ўзбекистон миллий терма жамоасининг янги бош мураббийи

Миржалол Қосимов Ўзбекистон миллий терма жамоасининг янги бош мураббийи этиб тайинланди. Тошкентнинг “Бунёдкор” клуби билан Осиё чемпионлар лигасининг чорак финалига қадар етиб борган Миржалол Қосимов эндиликда собиқ бош мураббий – Вадим Абрамовнинг вазифасини қабул қилиб олди. Унга жамоада Шуҳрат Мақсудов ёрдам беради. Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизмати тарқатган хабарга қараганда, Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Лондон-2012 чиптасини сўнгги дақиқаларда бой берганидан сўнг, футбол мухлисларининг умиди миллий терма жамоадан бўлиб турганди. Аҳамияти у қадар катта бўлмаган ўйинда Япония миллий терма жамоасини сафарда мағлуб этган Вадим Абрамов шогирдлари, IV саралаш босқичини муваффақиятсиз бошлашди. Худди олимпия терма жамоаси сингари, миллийчилар ҳам сўнгги дақиқада ўз дарвозаларидан гол ўтказиб юборишди. Мазкур сабабларни инобатга олган Ўзбекистон футбол федерацияси терма жамоалар маркази Вадим Абрамовни истеъфога чиқарди. Ҳозирга қадар саралашнинг фақатгина битта тури ортда қолди. Қолган 7та ўйинда жамоани майдонга Миржалол Қосимов олиб тушади.


 

 

Юлдуз Усмонова альбоми Туркияда харидоргир

Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг “Мени сева оласизми?” деб номланган альбоми Тошкентда ҳам сотувга чиқарилган. Хонанданинг асосан янги тароналари ўрин олган мазкур альбоми дастлаб Туркия мусиқа бозорида дунё юзини кўрди. Хонанданинг маънавият, ахлоқ, ишқ ва иймон ҳақидаги қўшиқлари нафақат ўзбекистонлик мусиқа ихлосмандларида, балки туркияликларда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Хусусан, Сайёд.ўзнинг ёзишича, хонанданинг “Мени сева оласанми” альбоми тиражи Туркияда 100 мингдан ошиб кетган. Ўзбекистонда хонанданинг мазкур қўшиқлар дастасини “Нирвана” дўконларидан топиш мумкин.

SHARE