6 июннинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


 

Айғоқчилар қисқартирилади

АҚШ марказий разведка бошқармаси ўзининг Ироқдаги ходимлари сонини кескин қисқартирмоқчи. “The Wall Street Journal” газетасининг ёзишича, ушбу мақсадда махсус концепция ишлаб чиқилган. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, АҚШда АҚШ айғоқчилари сони 60 фоизга қисқартирилади. Маълумотларга қараганда, уруш йилларида Ироқда 700 атрофида айғоқчилар фаолият юритган. Бунақа кўп миқдорда айғоқчилар дунёнинг бирор бошқа мамлакатига жалб этилмаган. Сўнгги тахминларга қараганда, Ироқдан чақириб олинган хавфсизлик хизмати ходимлари дунёнинг бошқа минтақаларида иш олиб боришга йўналтирилади. Хусусан, уларнинг бир қисми сўнгги йилларда террор ҳужумлари анча фаоллашиб қолган Яманга юборилади. Бундай давлатлар қаторида, шунингдек, Мали ҳам бор.


 

 

Банкрот бўлган банкларга солиқ тўловчилар маблағлари йўналтирилмайди

Европа Комиссияси аҳолини инқироз шароитида ҳимоялаш бўйича бир қатор чораларни эълон қилди. Унга мувофиқ, агар тижорат банклари банкрот бўладиган бўлса, солиқ тўловчиларнинг маблағларини уларни қутқариш учун ишлатилмайди. Шу билан бирга, улар бундай ҳолатларда зарур маблағларни кредиторлар ва инвесторларни олиш таклиф қилинмоқда. Бундан мақсад у ёки бу давлатдаги бирор банкнинг банкрот бўлиши бутун банк тизимини издан чиқармаслигига йўл қўймасликдир. Аммо ушбу лойиҳалар 2014 йилдан кейин ҳаётга татбиқ этилишини инобатга оладиган бўлсак, ҳозирда банкротлирк ёқасида турган бир қатор банклар — Испания ва Кипр банкларини қутқариш учун барибир солиқ тўловчилар маблағлари йўналтирилиши мумкин. Негаки, вазият шу даражадаки, биргина Испаниянинг ўзи 80 миллиард евро маблағ изламоқда.


 


Гулнора Каримованинг инглиз тилидаги альбоми эълон қилинди

Googoosha тахаллуси остида ижод қиладиган Гулнора Каримова ўзининг инглиз тилидаги илк альбомини омма эътиборига ҳавола этди. Ушбу альбомдан хонанданинг 12 та композицияси ўрин олди. Бу ҳақда Гулнора Каримова ўзининг твиттердаги саҳифаси орқали маълум қилган. “Бугун альбомим чиқди!!! iTunes ва бошқаларда, шунингдек, АҚШдаги магазинларда”, дейилади хонанда хабарида. “РИА Новости”нинг ёзишича, Googooshaнинг мазкур 12 та композицияси “экзотик попурри ва мусиқалар ҳамда чуқур ҳиссиётлар кучи қудрати олдидаги шахсий кечинмалари”дир. Ушбу альбомни тайёрлашда Гулнора Каримовага россиялик композитор ҳамда продюсер Максим Фадеев иштирок этган.


 

 

Интернетни комиссия ривожлантиради

Ўзбекистонда интернетдан фойдаланишни ривожлантириш бўйича комиссия ташкил этилди. Интернет тармоғидаги миллий сегментдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва бойитиш, интерактив хизматлар ва ахборот ресурсларини ривожлантириш ва кўпайтириш мақсадида махсус комиссия тузилган. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Ўзбекистонда бугунги кунда 9,1 миллион нафар интернет фойдаланувчи бўлиб, уларнинг 5,2 миллиони мобиль интернетдан фойдаланади. Интернет хизматларини кўрсатувчи операторлар сони 936 тага етди. Uz. доменидаги сайтлар сони эса 14 мингдан ошади.


 

 

Бир марта ютқаздик, тўрт поғона юқориладик

Халқаро футбол федерацияси терма жамоаларнинг янги рейтинг жадвалини эълон қилди. Унга кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоаси тўрт ўрин юқорига кўтарилишга муваффақ бўлди. ФИФАнинг янги рейтинг жадвалида Ўзбекистон 503 очко билан 66-ўринни банд этиб турибди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси май ойида бирорта ҳам ўйин ўтказмаган бўлса-да, бунгача юқорироқ ўрин эгаллаган бир қатор жамоалар (жумладан, Хитой ёки Беларусь каби) ўртоқлик ўйинлари ёки расмий ўйинлар ўтказиб, муваффақиятсизликка учраган ва очко йўқотиб, пастлаган. Бу эса, ўз-ўзидан, Ўзбекистоннинг рейтингда юқорига кўтарилишига сабаб бўлди, деб хабар беради Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизмати. Шундай қилиб, Ўзбекистон терма жамоаси Осиё миқёсида ҳам кучли бешликка кириб олди. Жумладан, Осиё миқёсида Япония (23), Австралия (24), Жанубий Корея (35) ҳамда Эрон (45) терма жамоалари Ўзбекистондан олдинда бормоқда. Умумий рейтингда ҳали ҳам Испания терма жамоаси пешқадамлик қилмоқда. Ундан кейинги ўринларда Уругвай, Германия, Голландия ва Бразилия терма жамоалари ўрин олган. Англия, Аргентина, Хорватия, Дания ва Португалия терма жамоалари ҳам кучли ўнликдан ўрин олган.

 

SHARE