UFF матбуот маркази: Миржалол Қосимов ва Игнатий Нестеров май ойининг энг яхшилари деб топилди

 Тошкентнинг «Бунёдкор» ва Ўзбекистон миллий терма жамоасининг эндиликдаги бош мураббийи Миржалол Қосимов ҳамда унинг ҳар икки жамоадаги шогирди Игнатий Нестеров май ойининг энг яхши мураббий ва футболчиси деб топилди.

Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизмати ОАВ овозига кўра ҳар ойнинг энг яхши мураббий ва футболчисини аниқлаб келаётгани маълум. Миржалол Қосимов бунга қадар март ва апрель ойларида ҳам энг яхши мураббий деб топилган бўлса, Игнатий Нестеров январь ойи якунларига кўра Кенжа Тўраевдан кейин иккинчи бўла олганди.

Май ойи Тошкентнинг «Бунёдкор» футбол клубига аталди дейиш мумкин. Унинг ҳисобидан 6та ўйин ўтказган «қалдирғочлар» шуларнинг 5тасини ўз фойдаларига ҳал этишди ва ундаги 540 дақиқа давомида ўз дарвозалари даҳлсизлигини сақлай олишди. Қайд этиш керак, 6та учрашувнинг 3таси Ўзбекистон миллий чемпионати доирасида бўлса, яна 3тасида Миржалол Қосимов жамоаси Осиё чемпионлар лигасида саф тортди. Қуйида «Бунёдкор»нинг май ойидаги ўйинлари билан танишинг:

2 май. «Аделаида» – «Бунёдкор» 0:0
8 май. «Бухоро» – «Бунёдкор» 0:4
13 май. «Бунёдкор» – «Олмалиқ» 2:0
16 май. «Бунёдкор» – «Поханг Стилерз» 1:0
21 май. «Динамо» – «Бунёдкор» 0:1
29 май. «Сеонгам Ильва Чунма» – «Бунёдкор» 0:1

Мазкур натижалар май ойининг энг яхшиларини аниқлашда муҳим ўрин тутди. Овоз бериш жараёнида иштирок этган ОАВнинг фақатгина 1таси Миржалол Қосимовни иккинчи ўринда қайд этган бўлса, қолган барча ОАВ мураббийни 1-ўринда кўрсатиб ўтишди. Шу тариқа ўтган ой Қосимов билан деярли тенг рақобат ҳосил қилган «Пахтакор» устози Деян Журжевич бу сафар катта фарқ билан ортда қолди. Учинчи ўрин «Олмалиқ» клуби бош мураббийи Игорь Шквиринга насиб қилди. ОАВ шунингдек, «Андижон» устози Александр Аверьянов ва «Қизилқум» бош мураббийи Равшан Ҳайдаров номларини ҳам кўрсатиб ўтган.

Энг яхши футболчини аниқлаш давомида Игнатий Нестеровга Владимир Шишелов, Лутфулла Тўраев ва Одил Аҳмедов каби футболчилар рақобатчилик қилишди. Овоз бериш жараёнида шунингдек, Камолиддин Мурзоев, Анвар Бердиев, Баҳодир Насимов, Дэвид Карни, Иракли Климиашвили, Аббосбек Маҳситалиев каби футболчилар ҳам иштирок этган.

Манба: www.theuff.com
—————————————————————————————————————————-

 

PS: 31- май куни “Ватандош” газетаси мазкур масала юзасидан Ўзбекистон Футбол Федерациясига ўз таклифларини тақдим этган эди. Ватандошчилар май ойининг “энг яҳши мураббийи” этиб Миржалол Қосимовни, “энг яҳши футболчиси” этиб  эса Игнатий Нестеровни танлашди. Таҳририятимиз шунингдек,  мурабийлар Деян Журжевич ва  Игорь Шквиринни, футболчилардан   Одил Аҳмедов ва Владимир Шишеловларни фаолиятини алоҳида таъкидлашди. 

SHARE