7 июннинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 



Сурияда яна бир хунрезлик

Сурияда яна бир хунрезлик содир этилди. Бу галги ҳужумлар оқибатида мамлакатнинг Хама музофотида 78 киши қурбон бўлган. Ғарб оммавий ахборот воситалари ушбу қирғин ҳукумат тарафдори бўлган кучлар томонидан уюштирилган, дея мухолифат вакиллари сўзларини келтирмоқда. Чунончи, Сурия миллий кенгаши (мухолифат) вакилига қараганда, вафот этганлар орасида 20 нафардан ортиқ аёл ва шунча болалар бор. BBCнинг ёзишича, ҳалок бўлганларнинг 35 нафари бир оила вакиллари бўлган. Сурия телевидениесининг хабарига қараганда, қишлоқ аҳолиси маҳаллий ҳукумат вакилларига мурожаат қилиб, террористлардан ҳимоя қилишни сўраган ва ҳарбийлар террористларни йўқ қилиб, уларнинг қуроллари мусодара қилинган. Эслатиб ўтамиз, бундай икки ҳафта бурун Суриянинг Хула туманида 108 нафар киши ҳаётига зомин бўлган хунрезлик содир этилган эди. Бунга қарши бир қатор мамлакатлар Сурия дипломатларини ўз чиқариб юборган эди.


 

 

Гулнора Каримова ШҲТ мукофотига лойиқ кўрилди

Пекинда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида “Ипак йўли — гуманитар ҳамкорлик” мукофотини топшириш маросими бўлиб ўтди. “Синьхуа” ахборот агентлиги тарқатган хабарда келтирилишича, “Ипак йўли — гуманитар ҳамкорлик” ШҲТ доирасида маданий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилгандир. Олтита йўналишда мукофот лауреатлари аниқланди. Уларга кўра, Россия санъат арбоби Мира Кольцова, Тожикистоннинг Хитойдаги элчиси Рашид Алимов, қозоғистонлик олим Дукен Мазимхон, Хитой марказий университети профессори Ху Чжэньхуа, Қирғизистон собиқ маданият вазири Султон Раев ҳамда Ўзбекистон жамоат арбоби Гулнора Каримова мукофотларга лойиқ кўрилган. Мукофотларни Тожикистон Республикаси президенти Эмомали Раҳмон ва ХХР Давлат кенгаши аъзоси Дай Бинго топширган.


 


Паролни алмаштиринг!

Бизнес алоқаларни ўрнатиш ва излаш учун мўлжалланган LinkedIn 6 миллион нафардан ортиқ фойдаланувчи пароллари ўғирлангани бўйича суриштирув ишларини бошлаб юборди. Маълумотларга қараганда, хакерлар сайт фойдаланувчилари паролларини ўирлаб, Россиядаги форумлардан бирига жойлаштиришган. 150 миллион нафардан ортиқ киши фойдаланадиган LinkedIn расман ушбу воқеа юзасидан изоҳ бермаган бўлса-да, ўз твиттер саҳифасида “ходимлари ушбу хабар билан боғлиқ вазиятни ойдинлаштираётгани”ни ёзган. Шу боис интернет хавфсизлиги бўйича мутахассислар имкон қадар тез муддатда LinkedInдаги паролларни алмаштиришни тавсия этмоқда.


 

 

ШҲТ Сурияга қарши ҳар қандай ҳарбий аралушувга қарши

Хитой пойтахти Пекинда йиғилган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар — Хитой, Россия, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғиситон, Тожикистон раҳбарлари Сурия масаласида қўшма баёнот қабул қилди. Унда “ШХТга аъзо давлатлар Сурия масаласида ҳар қандай ҳарбий аралашувларга йўл қўйиб бўлмайди”, дейилади. КУНА ахборот агентлиги тарқатган хабарга қараганда, аъзо давлатлар Сурияда қонли зўравонликка барҳам бериш, Суриянинг бирлиги, худудий яхлитлиги ва суверинетини ҳурмат қилган ҳолда ўзаро мулоқот орқали тинчликни ўрнатиш зарурлигини қайд этишган.


 

 

Кенг тасаввур қироли

Кеча Лос-Анжелесда ХХ асрнинг энг буюк фантаст-ёзувчиларидан бири, ёшу каттанинг бирдек севимли ижодкор — Рей Бредбери вафот этди. Ёзувчи 22 август куни 92 ёшга тўлган бўларди. 1920 йилда АҚШнинг Иллинойс штатида таваллуд топган Рей Бредбери ўрта маълумот эгаси бўлиб, олий маълумот олиш унга насиб қилмаган. 1950 йилда Бредберининг “Марс хроникалари” ҳикоялар тўплами чоп этилиб, китоб мухлислар орасида жуда катта шуҳрат қозонади. Рей Бредбери ўз фаолияти давомида “Фарангейт бўйича 451 даража”, “Фалокат яқинлашмоқда”, “Ўлим — танҳо бажариладиган иш”, “Ақлсизлар учун қабристон”, “Момақаймоқ виноси” каби асарлари китобхонлар қалбидан чуқур жой олди. Унинг, айниқса, кенг тасаввурга бой асарлари адабий мунаққидлар томонидан юқори баҳоланган.

 

SHARE