Ўзбекистонлик легионерларнинг баҳолари қанча?

Аҳмедов энг қимматбаҳо

 Газетамизнинг аввалги сонларидан бирида Ўзбекистон чемпионатида фаолият олиб бораётган легионерларнинг трансфер нархлари борасида фикр юритгандик.

Бу сафар эса хориж чемпионатларида тўп сураётган ўзбекистонлик футболчиларга назар соламиз.

Асосий манба сифатида яна Германиянинг transfermarkt.de сайтидан фойдаландик. Аммо футболчиларнинг асл нархлари сайтда кўрсатилганидан фарқ қилиши мумкин. Зеро, немислар ҳар бир ўйинчининг қайсидир жиҳатларини инобатга олган ҳолда ўзларича баҳолайдилар.

Хўш, ўзбекистонлик легионерларнинг баҳолари қанча?

Дастлаб шуни таъкидлаш жоизки, «Анжи»да фаолият олиб бораётган Одил Аҳмедов энг қимматбаҳо ўйинчимиз бўлиб турибди. Унинг нархи 4,5 миллион еврога тенг. Бироқ айни пайтда ҳамюртимизнинг «Анжи»даги ўрнини инобатга оладиган бўлсак, махачқалъаликлар уни 15 миллион евродан камига сотмасалар керак. Эсингизда бўлса, Осиё кубоги-2011дан сўнг Одил учун араб клублари 10-12 миллион евро таклиф қилишгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Кейинчалик ярим ҳимоячи «Анжи»га йўл олди – ижара асосида. 2011 йилнинг ёзида эса доғистонликлар терма жамоамиз етакчисининг трансферини тўла сотиб олишди. Расмий хабарларга қараганда, футболчининг трансфери 3 миллион евро атрофида баҳоланган. Аммо «Пахтакор» тран-сфер ҳуқуқининг маълум қисмини ўзида сақлаб қолган.

Украинанинг «Днепр» жамоасида фаолият олиб бораётган Виталий Денисов ва Саудия Арабистонининг «Ал-Шабаб» клубидаги Сервер Жепаровнинг трансфер баҳолари 2,5 миллион еврони ташкил қилади. Шу ўринда айтиш жоиз, футболчиларимиз орасида трансфер ҳуқуқлари 2 миллиондан юқори баҳоланганлар шу 3 киши, холос. Қолган барча футболчиларнинг трансфери 1,5 миллион евродан паст. БААнинг «Эмирейтс» клуби аъзоси Александр Гейнрихни 1,4 миллион евро эвазига сотиб олса бўларкан. Ана шу чемпионатда Сашага рақиблик қилаётган «Шаржа» вакили Темур Кападзенинг баҳоси эса 1,25 миллион евро. «Алания» билан Россия премьер-лигаси йўлланмасини қўлга киритган Санжар Турсунов 1,3 миллион еврога баҳоланган бўлса, унинг жамоадоши Марат Бикмаевга 600 минг евро нарх қўйилган.Киевнинг «Арсенал» клуби ҳужумчиси Максим Шацкихнинг трансфер нархи 1 миллион еврога тенг. Айтганча, Ўзбекистон чемпионатида ўйнашда давом этаётган Игнатий Нестеровга талабгорлар ҳам шунча тўлашлари лозим, агарда савдо сайтнинг нархлари асосида амалга оширилса. Умуман, терма жамоамиз посбони миллий чемпионатиздаги энг қимматбаҳо маҳаллий футболчи бўлиб турибди. Легионер футболчиларимиздан Асқар Жадигеров transfer-markt.deнинг эътиборидан четда қолган. Маълумотларга қараганда, у фаолият олиб бораётган «Бурирам»нинг умумий баҳоси 25 минг евро, холос. Аслида бу бир нафар футболчининг нархига тенг. БААнинг аксарият клубларида ҳам шундай ҳолат мавжуд. Баъзи жамоа футболчиларининг ярмидан кўпи шунчаки, рўйхатга киритилмаган.

* * *
«Анжи» (Махачқалъа, Россия)
Умумий баҳоси: 102 250 000
Одил Аҳмедов: 4 500 000
* * *
«Днепр» (Днепропетровск, Украина)
Умумий баҳоси: 63 600 000
Виталий Денисов: 2 500 000
* * *
«Ал-Шабаб» (Ар-Риёд, Саудия Арабистони)
Умумий баҳоси: 14 875 000
Сервер Жепаров: 2 500 000
* * *
«ЭмирЕЙтс» (Дубай, БАА)
Умумий баҳоси: 3 800 000
Александр Гейнрих: 1 400 000
* * *
«Алания» (Владикавказ, Россия)
Умумий баҳоси: 10 675 000
Санжар Турсунов: 1 300 000
* * *
«Шаржа» (Шаржа, БАА)
Умумий баҳоси: 6 800 000
Темур Кападзе: 1 250 000
* * *
«Арсенал» (Киев, Украина)
Умумий баҳоси: 20 200 000
Максим Шацких: 1 000 000
* * *

«Алания» (Владикавказ, Россия)
Умумий баҳоси: 10 675 000
Марат Бикмаев: 600 000
* * *
«Краснодар» (Краснодар, Россия)
Умумий баҳоси: 29 750 000
Николай Марков: 500 000
* * *
«Ал-Шабаб» (Дубай, БАА)
Умумий баҳоси: 1 725 000
Азиз Ҳайдаров: 400 000
* * *
«Сибирь» (Новосибирск, Россия)
Умумий баҳоси: 8 300 000
Вагиз Галиулин: 300 000
* * *
«Иртиш» (Павлодар, Қозоғистон)
Улуғбек Бақоев: 300 000
* * *
«Циндао Жонун» (Чиндао, Хитой)
Умумий баҳоси: 2 850 000
Азиз Ибрагимов: 250 000
* * *
«Чанчун Ятай» (Чанчун, Хитой)
Умумий баҳоси: 3 175 000
Анзур Исмоилов: 150 000 

* * *
«Ал-Аҳли» (Доха, Қатар)
Умумий баҳоси: 2 250 000
Шавкат Муллажонов: 150 000
* * *
«ЭмирЕЙтс» (Дубай, БАА)
Умумий баҳоси: 3 800 000
Жасур Ҳасанов: 150 000
* * *
«Енисей» (Красноярск, Россия)
Умумий баҳоси: 4 975 000
Александр Ковалёв: 125 000
* * *
«Нефтчи» (Боку, Озарбайжон)
Баҳодир Насимов: 100 000
* * *
«Жиангсу Сайнти» (Жиангсу, Хитой)
Умумий баҳоси: 3 775 000
Камолиддин Тожиев: 100 000
* * *
«Факел» (Воронеж, Россия)
Умумий баҳоси: 3 625 000
Андрей Акопянц: 75 000
* * *
«Бурирам Юнайтед» (Таиланд)
Умумий баҳоси: 25 000
Асқар Жадигеров: қайд этилмаган

transfermarkt.de рўйхатидан жой олган баъзи маҳаллий футболчиларимиз нархлари:
Игнатий Нестеров: 1 000 000
Виктор Карпенко: 500 000
Шерзод Каримов: 300 000
Темур Жўраев: 250 000
Саҳоб Жўраев: 200 000
Ислом Тўхтахўжаев: 200 000
Лутфулла Тўраев: 175 000
Мурод Зуҳуров: 100 000
Александр Шадрин: 100 000
Зоҳир Пиримов: 100 000
Станислав Андреев: 75 000
Жавлон Иброҳимов: 75 000
Фаррух Нурлибоев: 50 000
Нархлар еврода берилган.

Манба: “ИнтерФУТБОЛ” газетаси. 

SHARE