12 июннинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 



Дипломатлар дам олади

АҚШ Афғонистондан аскарлар ва ҳарбий техникаларни олиб чиқиш бўйича Покистонда музокара олиб бораётган дипломатларини чақириб олди. Натижада ҳеч қандай келишувга эришилмади. Пентагон вакили Жорж Литтлнинг сўзларига қараганда, АҚШ дипломатлари Покистонда 6 ҳафтадан ортиқ муддат бўлишди. Бу муддат давомида ҳеч қанақа жавоб бўлмади. “Дипломатлар дам олиши керак, зарур бўлса, улар, албатта, қайтишади”, дея фикр билдирди Пентагон расмийси. Эслатиб ўтамиз, 2011 йил ноябрь ойида АҚШ ҳарбийлари адашиб покистонлик 20 нафарни ўлдириб қўйгач, расмий Исломобод Афғонистонга олиб борадиган барча таъминот йўлларини ёпиб қўйган эди. Маълумот ўрнида шуни айтиш керакки, НАТО бир неча кун бурун Марказий Осиёнинг уч мамлакати билан қўшинларни олиб чиқиш бўйича келишувга эришгани маълум қилинган эди.


 

 

Google қотилни тутди

Флоридада иккита йигит 19 яшар қизни ўлдирмоқчи бўлганликда айбланмоқда. Гумондорлар Googleда одамни ўлдириш бўйича маслаҳат сўраб қидирувга берган ҳамда ўликни нима қилиш бўйича Facebook орқали СМС хабар қолдиришган. Хусусан, Жеймс Айерс ва Николь Окрзецик “одамни ўлдириш химикатлари”, “одамни кучсизлантириш”, “одамларни ухлаганда ўлдириш йўллари”, “бировни қандай ўлдириш мумкин?”, “қандай заҳарлаш мумкин?” сингари сўз бирикмаларини қидирув сайтида излаган. Бу қидирувларнинг аксарияти Жулиана Меншнинг ўлимидан бир неча дақиқа олдин содир бўлган. Жуфтлик интернетдаги ушбу “троллари” пайтида Жулиана Менш ухлаётган бўлган. Полициянинг айтишича, айбдорлар марҳумдан гиёҳванд модда учун пул талаб қилган бўлиши мумкин. Шунинг учун гуглда “троль” қилманг, дейилади Mashable.com сайтида.


 


Афғонистонда тоғ қулади

Афғонистонда юз берган иккита зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 100 нафарга яқинлашиб қолди. Бу ҳақда Афғонистон ҳукумати маълум қилган. Табиий офат натижасида Балх вилоятидаги ўнлаб уйлар тоғ қулаши оқибатида ер остида қолган. Балх вилояти маъмурияти марказий ҳукуматдан имкон қадар тезроқ ёрдам кўрсатишни сўраган. Ҳозирги пайтда барча кучлар вайроналар остида қолиб кетганларни топиш билан шуғулланмоқда. Халқаро ташкилотлар тезкор ёрдамга тайёрлигини билдиришган.


 

 

Телефондан ҳомийлик қилиш мумкин

АҚШ федерал сайлов комиссияси телефондан СМС юбориш орқали сайлов кампанияларига ҳомийлик қилишга рухсат берди. Шу йилнинг 11 июнидан кучга кирган мазкур қарорга мувофиқ, фуқаролар ўз номзодига 50 долларгача маблағ ўтказиши мумкин. Бу АҚШда махфий равишда қилиниши мумкин маблағ миқдорининг энг юқори чегарасидир. Бундай ҳомийлик тизими хайрия ташкилотларида қўлланилади. Унга биноан, махсус рақамга юборилган СМСдан сўнг белгиланган сумма ҳисобдан ушлаб қолинади. “The Wall Street Journal”нинг ёзишича, Барак Обама ва Митт Ромнининг сайловолди штаби мазкур тизимга қизиқиш билдирган.


 

 

Озодбек Назарбеков Москвада концерт беради

Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков кўп сонли мухлисларнинг истак-хоҳишини инобатга олиб, Россия пойтахти Москвада шу йилнинг 15 июль куни концерт беради. Ўзининг бу йилги “Хуш келдингиз” концерт дастурини давом эттирадиган ўзбекистонлик хушовоз хонанда “Зил” концерт залида ўз иҳлосмандларини хушнуд этади. Эслатиб ўтамиз, Озодбек Назарбеков “Ватандош” газетаси ташаббуси билан Америкада уч кунлик концерт берган эди.

 

SHARE