АҚШ Давлат котибининг биринчи ўринбосари Уильям Бернс Ўзбекистонга ташриф буюрди

    Ўзбекистон Республикаси Президенти АҚШлик дипломатни қабул қилди.

    Уильям Бернс Президентимизга самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, АҚШ раҳбарияти Ўзбекистон билан сиёсий, иқтисодий ва гуманитар соҳалардаги алоқаларни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканини қайд этди.

    Батафсил суҳбат чоғида ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболли йўналишлари, икки томонлама муносабатларга оид энг долзарб масалалар кўриб чиқилди.

     

    Ўзбекистон билан АҚШ ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилганидан буён ўтган 20 йил давомида томонлар ўзаро конструктив ҳамкорлик борасида салмоқли тажриба тўплагани таъкидланди. Ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар билан икки томонлама муносабатларнинг ўзаро манфаатли ҳамкорликни фаол ривожлантириш имконини берадиган кенг қамровли ҳуқуқий асоси яратилди.

    Икки мамлакат ташқи сиёсат маҳкамалари ўртасидаги мунтазам алоқалар, кенгайиб бораётган парламентлараро, давлат ва фуқаролик жамияти тузилмалари ўртасидаги кўп томонлама мулоқотлар ўзаро муносабатларни комплекс тарзда равнақ топтиришга хизмат қилмоқда.

    Ҳозирги кунда Ўзбекистонда АҚШ сармояси иштирокида тузилган 240 корхона фаолият кўрсатмоқда. АҚШнинг 48 етакчи компанияси ваколатхоналари мамлакатимизда рўйхатдан ўтказилган. Учрашувда томонлар АҚШнинг қатор етакчи корпорацияларининг Ўзбекистон бозоридаги самарали фаолияти натижасида тўпланган тажрибага таянган ҳолда, савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни янада ривожлантиришга, юқори технологияли қўшма лойиҳаларни амалга оширишга ёрдам кўрсатишга тайёр экани таъкидланди.

    Суҳбат чоғида минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришга оид, шунингдек, томонларни қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан фикр алмашилди, деб хабар беради Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги.

    ЎзА суратлари.

    SHARE