14 июннинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


 

Мисрда сиёсий инқироз

Миср конституциявий суди яқинда бўлиб ўтган парламент сайловларини ҳақиқий эмас ва янги парламент таркибини ноқонуний, деб топди. Конституциявий судга кўра, сайловларни бир мандатли округларда ўтказиш амалдаги конституцияга зиддир. Суд қарорига биноан, парламент ҳокимиятни йўқотади, аммо тарқатиб юборилмайди. Аммо бу қандай бўлиши ҳозирча аниқ эмас. Шу боис Миср Олий ҳарбий кенгаши тезкор йиғилиши ўтказилган. Унда мамлакатдаги сиёсий вазият муҳокама қилинган. Ва Олий кенгаш қарори билан қонунчилик ваколати вақтинча генералларга ўтказилган. Парламент спикери Саад ал-Катанийга кўра, мамлакатда ҳеч бир орган парламентни тарқатиб юборалмайди. Шундай экан депутатлар Конституциявий суд қарорига буйсунмасликлари ҳам мумкин. Натижада Мисрда яна тартибсизликлар бошланиб кетди.


 

 

Европанинг яна бир бош оғриғи

Ҳали Греция билан боғлиқ муаммолардан қутула олмаган Евроҳуду янги бир тўсиққа — Испаниянинг давлат қарзларига дахлдор бўлган муаммога дуч келмоқда. Гап шундаки, кеча Moody’s халқаро рейтинг агентлиги Испаниянинг рейтинг кўрсаткичи бир йўла уч поғонага пасайтирди. Натижада, Испаниянинг 10 йиллик облигациялари (қимматли қоғозлари) нархи йиллик 7 фоиз даражасига кўтарилиб кетди. Бундай ҳолат Греция, Ирландия ва Португалия билан юз берганда ҳам уларга Европа Иттифоқи ўз ёрдами қўлини чузган эди. Испания аллақачон 110 миллиард евролик кўмак сўраб мурожаат қилди. Ушбу маблағлар мамлакат банкларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилади. Агар мамлакат ушбу қарзни оладиган бўлса, Испания давлат қарзи ялпи ички маҳсулотига нисбатан 90 фоизга етиши мумкин. Қолаверса, облигациялар фоизи 5 фоиздан 7 фоизга ошгани ҳам Испания харажатлар миқдорини янада оширади. Европадаги вазият дунё биржалари кўрсаткичларига салбий таъсир кўрсатмоқда.


 

 

Қаддофийни мақташ мумкин

 

Ливия Олий суди фуқароларга Муаммар Қаддофий ва унинг режимини тилга олиш ва мақташни тақиқлайдиган қонунни конституцияга хилоф деб топди. Шуни айтиш керак, 2012 йил 3 майда қабул қилинган қонунга кўра, ливияликлар Қаддофийнинг номини тилга олмасликлари, 2011 йилда юз берган инқилобни ва унинг иштирокчиларини танқид қилмасликлари, инқилоб ҳақида турли «қурқув ва бошқа туйғуларни» шакллантирадиган ахборот ва миш-мишлар тарқатишни тақиқлаб қўйган эди. Бу тартибни бузганларга 15 йилгача қамоқ жазоси тайинланиши мумкин эди. Маҳаллий ҳуқуқ фаоллари эса ушбу қонун фуқароларнинг фикрлаш ва сўзлаш ҳуқуқини поймол қилишини таъкидлаб, олий судга мурожаат қилишган. Кузатувчилар эса, ўз навбатида, олий суд бундай қарор қабул қилиш орқали ўзининг мустақил институт эканлигини кўрсатди, деб таъкидлашмоқда.


 

 

Фирибгар 110 йил қамоқда бўлади!

АҚШ суди собиқ техаслик миллиардер Аллен Стенфорд фирибгарликда айблаб, 110 йилга озодликдан маҳрум қилди. Ваҳоланки, прокурорлар суд ҳайъатидан унга 230 йилга қамоқ жазосига тайинлашни сўраган эди. Шу йилнинг март ойида суд ҳайъати уни 14 банддан 13 тасида айбдор деб топган эди. Тергов ишига кўра, Стэнфорд молиявий эҳром яратиб, инвесторларга жами 7 миллиард долларлик зарар етказган. У, қолаверса, ноқонуний пулларни ўзлаштириш, одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қилиш ва бошқа жиноий хатти-ҳаракатларни содир этганликда айбланган.


 

 

Жаҳон Отажоновни қўллаб-қувватланг

Ўзбекистонлик таниқли хонанда Жаҳонгир Отажонов 125 давлат вакили орасида халкаро танловда иштирок этмокда. Ғолибни фақат Фейсбукда берилган овозлар, яъни Like (Thumbs Up) сони аниқлайди. Энг кўп овоз олиб, биринчи ўринни эгаллаган санъаткор июлда Лондонда бўладиган «WOMAD” жонли ижро халқаро фестивалида 45 дақиқа қўшиқ куйлайди.   “Ватандош” газетаси ҳам ҳамюртимизни қўллаб-қувватлаб овоз беришга чақиради.

SHARE