15 июннинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 



БМТ Тараққиёт дастури раҳбари ўз миссиясини якунлади

Шу боис Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти координатори, БМТ Тараққиёт дастури доимий вакили Анита Нироди қабул қилинди. Учрашувда Ўзбекистон ва БМТ ҳамкорлиги масалалари, қўшма дастурлар ва лойиҳалар бажарилиш суръатлари муҳокама қилинди. Ўзбекистон томони Анита Ниродининг давлатимиздаги БМТ Координатори сифатидаги фаолиятини юксак баҳолади ва ижтимоий-сиёсий ва таълим соҳаларидаги турли дастурларни амалга оширишда ҳамкорлиги учун миннатдорлик билдирди. Ўз навбатида, БМТ вакили Ўзбекистондаги вазифасини бажаришдаги кўмак учун самимий ташаккур изҳор қилди, дея хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.


 

 

Исроил дунё харитасида қоладиган бўлди

Исроил разведка ва атом энергияси вазири, бош вазир ўринбосари Дан Меридор “Ал-Жазира” телеканалига берган интервьюсида “Исроилни дунё харитасидан ўчириб ташлаш зарур” иборасини Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадинажодга тегишли эмас, дея тан олди. “У бу жумлани ҳеч қачон айтмаган, балки “олиб ташланиши керак бўлган саратон ўсимтаси” деб айтган”, деб қайд қилади Исроилнинг юқори мартабали амалдори. Ваҳоланки, шу пайтга қадар жуда кўп маротаба яҳудий амалдорлари, хусусан, амалдаги бош вазир Биньямин Натаняҳу ҳам Маҳмуд Аҳмадинажод Исроилга мана шундай таҳдид қилди, деб даъво қиларди.


 


Ҳиллари Клинтонни тўғрилашди

АҚШ давлат котиби Ҳиллари Клинтоннинг сўзлари бўйича изоҳ берилди. Гап шундаки, бундан бир неча кун бурун АҚШ ташқи ишлар маҳкамаси раҳбари Россия Сурия ҳукуматига ҳарбий вертолётларни сотаётганликда айблаган эди. Унинг фикрича, рус ҳарбий техникалари тинч намойишларни бостириш ишлатилиши мумкин. Аммо бу Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири С. Лавров томонидан инкор қилинди. Бугун Клинтон хоним матбуот хизмати ушбу масала юзасидан изоҳ билдирди. Унга кўра, АҚШ давлат котиби Россия янги ҳарбий вертолётларни, эмас балки илгари Сурия Қуролли Кучларида бўлган вертолётларни таъмирлаб бераётганини назарда тутганлигини қайд этган. “Ушбу вертолётлар янгими ё эскими аҳамияти йўқ. Биз улар тинч аҳолига қарши ишлатилиши мумкинлигидан ҳавотирдамиз”, дея изоҳ беради Ҳиллари Клинтон матбуот котиби Виктория Нуланд.


 

 

Италия қарзларини давлат мулкларини сотиш орқали камайтирмоқчи

Италия ҳукумати ўз қарзларини қисқартириш мақсадида янги хусусийлаштириш дастурини эълон қилди. Унга кўра, ушбу мулклар 10 миллиард еврони ташкил қилади. Аммо бу активлар нималардан иборат бўлиши ҳозирча қоронғу. Италия молия вазири “Eni” нефть, “Enel” энергетика компанияларининг, шунингдек, “Finmeccanica” мудофаа гуруҳидаги давлат акцияларини сотиши мумкин. Умуман, оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, ҳукумат йил охирига қадар 30 миллиард евролик давлат активларини хусусийлаштириши мумкин. Сўнгги беш йилда бу кўрсаткич 200 миллиард еврога етади. Бу эса давлат қарзларини ялпи ички маҳсулотга нисбатан 110 фоизга қисқартиришга имкон беради.


 

 

Юлдуз Усмоновадан янги клип

Юлдуз Усмонованинг “Мендек сева оласизми?” номли янги альбоми мухлислари учун ажойиб совға бўлди. Шу кунларда мусиқий тўпламнинг жўғрофияси кенгаймоқда: Тошкентдан Нью-Йорккача, деб ёзади шов-шув.ўз сайти. Альбомга киритилган тароналардан бири “Лов-лов”га эса хонанда клип ҳам суратга олдиришга улгурди. Клип лавҳалари Истамбулнинг баҳаво денгиз бўйларида эмас, балки ўзимизнинг Тошкент вилоятидаги ям-яшил яйловларда кечгани кўплаб мусиқа ихлосмандлари хурсанд қилиши тайин.

 

SHARE