Оқ уйнинг иммиграция ташаббуслари: чин ўзгариш ёки қуруқ сафсата?

АҚШ фуқароларнинг ҳам, ушбу мамлакатда яшайдиган чет элликлар учун муҳим бўлган масалалардан бири, шубҳасиз, иммиграция қонунчилигидаги ўзгаришлардан ҳисобланади. Шу боис ушбу масалага оид янгиликлар катта қизиқиш ва мубоҳаса билан кутиб олинади.

Яқинда Оқ уй томонидан илгари сурилган янги бир тартиботлар ҳам кўпчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда. Ушбу ташаббусга кўра, Обама маъмурияти шаҳарлар ва штатлар полициячиларининг ноқонуний иммигрантларни аниқлашда федерал тузилмаларга кўмак беришини кўзда тутадиган Secure Communities дастурини такомиллаштиришни маълум қилди.

Гап шундаки, Иммиграция ва божхона идораси (Immigration and Customs Enforcement) йўл қоидасини бузган ноқонуний иммигрантлар маҳаллий полиция томонидан тухтатилгач, уларни қўлга олиш ва айбдор деб топилгач, депортация қилиш жараёнларини амалга ошириш ташаббусини ўз қўлига олмоқда. Бу иш билан илгари маҳаллий полиция вакиллари  шуғулланишарди. Назарий жиҳатдан, бу одатда депортацияларга сабаб бўладиган ҳибсга олишлар сонини қисқартиради. Аммо экспертлар ҳаётда бундай бўлишига ишонишмаяпти. Қолаверса, мазкур “такомиллаштириш” амалдаги камчиликларни бартараф этмайди ёки шундоқ ҳам ёмонотлиқ бўлган дастур фаолиятини яхшиламайди.

Шу боис Обама маъмуриятининг ушбу ташаббуси полиция департаментлари ва ноқонуний иммигрантлар ҳуқуқлари ҳимоячилари томонидан жиддий танқид қилинмоқда. Чунки Secure Communities дастури имкониятларидан кенг фойдаланиш мақсадида ҳукумат умуман жиноят содир этмаган ва ҳалол ноқонуний иммигрантларни қўлга олишда давом этмоқда. Айнан шу дастур доирасида бир йилда 400 мингдан ортиқ киши депортация қилинган. Ваҳоланки, уларнинг аксарияти ҳеч қанақа жиноят қилмаган, балки узоғи билан маъмурий қоидабузарлик содир этишган.

Ўтган йили Иммиграция ва божхона идораси (Immigration and Customs Enforcement) ўз ҳудудий бўлинмаларига жўнатган йўриқномасида ходимлардан иммигрантларни ҳибсга олишда танлов асосида ёндашишни кўрсатма беради. Яъни жамоат ва давлат хавфсизлигига ҳеч қанақа хавф туғдирмайдиганларга нисбатан иш очмасликка чақиради. Ноябрда эса президент маъмурияти 300 мингдан ортиқ депортация билан боғлиқ ишларни қайта кўриб чиқишни эълон қилади. Аммо ушбу саъй-ҳаракатлар мамлакат иммиграция тизимида жиддий ўзгаришларга олиб келмади. Хусусан, судлар ҳали ҳам депортацияга оид ишлар билан лиқ тўла. Чунки Иммиграция ва божхона идораси апрель ҳолатига 228 мингдан ортиқ депортация бўйича суд ишларидан бор-йўғи 3 мингга яқин ишни қайтариб олганиёқ ҳеч қанақа ижобий ўзгаришлар бўлмаганидан дарак беради.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ҳукуматнинг бундай саъй-ҳаракатлари кўп нарсани шубҳа остига қўяди. Нафақат ноқонуний иммигрантларни танлов асосида қўлга олиш, балки Secure Communities тақдири ҳам катта ислоҳга муҳтож. Чунки ушбу дастур бўйича асосий ишни маҳаллий полиция вакиллари амалга оширади. Етарлича иш кўникмаси ва тажрибасига эга бўлмаган полициячилар фаолиятини мунтазам назорат қилиб боришнинг имконияти жуда чекланган. Бу эса улар томонидан амалдаги қонунларни бузиш, ўз мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш, асоссиз тинтув ўтказиш ва ҳибсга олишга туртки беради. Боз устига, иммиграция хизмати ўзининг бир қисм ваколатларини патруль хизматларига беришини маълум қилган бўлса-да, ҳалигача йўлда кимни ва нима учун тўхтатиш ҳамда уларни текшириш бўйича аниқ йўриқнома ишлаб чиқилмаган.

 

Аммо таҳлилчиларнинг фикрича, Secure Communities дастури фаолиятининг самарасизлиги иммигрантларда маҳаллий давлат ҳокимияти органларига нисбатан ишончнинг сусайишига, ўз навбатида, уларнинг давлат идораларига кўмак беришига тўсқинлик қилади. Оқибатида,  мамлакатда жиноий вазиятнинг янада ёмонлашувига олиб келади.

SHARE