Охирига етмаган инқилоб ёки миллат фожеаси

Ҳар куни такрорланиб турадиган хатти-ҳаракатлар вақти келиб, одатий ҳолатга айланиб қолади. Яқин Шарқ ва Шимолий Африка мамлакатларида юз бераётган воқеа-ҳодисаларни шудай баҳолаш мумкин. Ироқда кун ора бўлиб турадиган портлашлар, Мисрда кўча тўла намойишлар, Ливияда урушдан кейинги нотинчликлар, Сурия инқирози —  ҳар куни оммавий ахборот воситаларининг кундалик мавзуларидан бири бўлса-да, одамларнинг диққат-эътиборини у даражада тортмай қолди. Хўш, бу тартибсизликлардан ким фойда кўради? Ғарб нимага эришдию, кўчага чиққан халқ нимага эришди?

Ана шундай ҳолатлардан бири — Мисрдаги сиёсий инқироздир. Гап шундаки, ўтган йили Мисрда бошланган намойишлар, алал-оқибат, Ҳусни Муборакнинг ҳокимиятни тарк этиши ҳамда суд томонидан умрбод қамоқ жазосига тортилиши билан якунланди. Ушбу инқилоб ташқи кучлар томонидан “демократия уруғини” сочиш мақсадида ташкил этилгани, халқаро гуманитар ташкилотлар, донорлар ҳамда бошқа воситалар орқали молиялаштирилиб, мувофиқлаштирилиб борилгани бугун исбот талаб қилинмайдиган ҳақиқатга айланиб улгурди.

Аммо Миср инқилоби ўз тузилиши ва моҳиятига кўра ўта жиддий ва мураккаб бўлиб, Ғарб давлатларини оғир аҳволга солиб қўйди. Биринчидан, инқилоб туфайли амалга оширилган бир қатор чора-тадбирлар, хусусан, сайловлар Ғарб давлатлари ўз олдига қўйган мақсадни бутунлай йўққа чиқариши мумкин. Миср парламентига бўлиб ўтган уч босқичли сайловларда радикал қарашдаги “Мусулмон биродарлари”нинг сиёсий институти — Озодлик ва адолат партияси 40 фоиз, яна бир диний партия — “Ал-Нур” 20 фоиз атрофида овоз олиб, мамлакат тақдирини дин билан боғлиқ бўлишига олиб келди. Дунёвий давлат тарафдори бўлган “Миср блоки” эса бор-йўғи 17 фоиз йиға олгани ҳам ислом динини асосий рақиби сифатида кўрадиган Ғарб давлатларини ташвишлантириб қўйди.

Миср конституциявий суди эса мазкур парламент сайловлари натижаларининг учдан бир қисмини ҳақиқий эмас ва янги парламент таркибини ноқонуний, деб топди. Конституциявий судга кўра, сайловларни бир мандатли округларда ўтказиш амалдаги конституцияга зиддир. Суд қарорига биноан, парламент ҳокимиятни йўқотади. Шунинг учун вақтинча қонун ижодкорлиги ҳуқуқи Миср Олий ҳарбий кенгашига ўтказилди. Ушбу орган таъсири ҳақида кўпчилик Ғарб давлатлари, хусусан, АҚШ билса-да, сукут сақлашга, масала юзасидан умумийроқ баёнот бериш билан кенг афкор оммани чалғитишга уринди.

Қолаверса, янги тартиб-таомиллар асосида ўтказилган президентлик сайлови якунлари ҳали ҳам эълон қилингани йўқ. Сўнгги тахминларга кўра, ушбу сайловда ҳам “Мусулмон биродарлари” вакили Муҳаммад Мурсий 52 фоиз овоз тўплаган. Буларнинг барчасига Ғарб давлатлари катта ҳавотир билан қараб турибди. Чунки улар ўзлари бошлаган инқилобни охиригача етказай деса, радикал кайфиятдаги кучларнинг ҳокимиятга келиш эҳтимоли ошиб бормоқда.

Шу боис ҳам “ташқи кучлар” охирги нажот сифатида Миср олий ҳарбий кенгашига қарашмоқда. Зотан, ушбу орган орқали вазиятни тўлиқ назоратга олиш, Мисрни Яқин Шарқдаги энг яқин ва барқарор ҳамкор сифатида ушлаб туриш мумкин. Буни АҚШ ташқи ишлар маҳкамаси томонидан, бир гуруҳ конгрессменлар қаршилигига қарамасдан, Мисрга тақдим этилаётган молиявий ёрдамнинг қайта тиклангани мисолида ҳам кўриш мумкин.

Умуман айтганда, Мисрда борган сари сиёсий инқироз чуқурлашиб, Ғарб давлатлари вазият тизгинини қўлдан бой беришмоқда. Мамлакатда қонунсизликнинг ҳукм сураётгани вазиятни тобора издан чиқармоқда. Миср иқтисодиёти қарийб издан чиқиб, аҳолининг турмуш даражаси янада ёмонлашиб бормоқда. Бу мисрликлар инқилобдан олган натижа аслида. Лекин кўчага чиқишни одат қилиб олган халқни тинч ва демократик йўлга қайтариш, давлатни дунёвий йўлдан ривожлантириш умидлари сўниб бораётгани энг ачинарлидир.

Албатта, Мисрда ҳокимият кимнинг қўлида жамланишидан қатъи назар Ғарб мамлакатлари у билан мулоқот қилишнинг ўзи учун мақбул вариантларини ўрната олади. Аммо Миср халқи Ҳусни Муборак давридаги тинчлик, яшаш оғир бўлса-да, осойишталикни қайтара олиши даргумон. Бу миллат ва мамлакат учун йирик фожеадир.

SHARE