Опера ватанида ўзбек мақоми

 

Бугунги ўзбек мақом санъатини, умуман, мумтоз қўшиқчилик санъатини Муножат Йўлчиевасиз, унинг ижодисиз тасаввур этиш қийин, албатта. У ўзбек мумтоз ашулаларининг моҳир ижрочиси, ўз санъати билан дунё томошабинлари олқишига сазовор бўлиб, ўзбек мумтоз мусиқаси, ашула санъатининг ноёб дурдоналарини дунё халқлари ўртасида кенг тарғиб этиб, қадимий санъатимиз ва маънавиятимизни кўз-кўз қилмоқда.

Хусусан, яқинда Ўзбекистон халқ артисти Муножат Йўлчиева “Элен мусиқа” халқаро маркази таклифи билан Италиядаги халқаро фольклор санъат фестивалида иштирок этди.

Ушбу фестиваль доирасида ўзбекистонлик хонанда Италиянинг Турин, Равенна, Равига шаҳарларида ўз яккахон концерт дастурларини тақдим этди. Мазкур концертларда қатнашган мусиқа ихлосмандлари, шунингдек, санъатшунос олимлар Муножат Йўлчиеванинг ижодига юксак баҳо беришган.
Асл мусиқа миллат танламайди, чунки яхши мусиқа, куй ва ашулани турли миллат тингловчилари ҳам мароқ билан эшитиб, ором олади, деганларидек, хонанданинг юракдан айтиладиган оҳанграбо ашулалари италиялик санъат мухлисларини ҳам мафтун этди.

Муножат Йўлчиева ушбу фольклор фестивалида Марказий Осиё мамлакатларидан ягона вакил бўлиб, у Ўзбекистон мумтоз мусиқасининг юксак ижросини намоён этди, деб хабар беради Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги матбуот хизмати.

SHARE