“Грин Карта” ғолиблари учун фойдали маълумотлар

DV 2013 Лотерея дастури аризачилари лотерея натижаларини электрон DV вебсайтида 2012 йил 1 майдан бошлаб 2013 йил 30 сентябргача текширишлари мумкин. Лотeрея натижаларини текширишда аризачига DV лотереяга ариза топширган маҳал берилган тасдиқ хати керак бўлади. Ушбу хатдаги тасдиқ номерини веб-сайтга киритиб, лотереяда ютган ёки ютмаганлигингизни аниқлашингиз мумкин.

Эслатиб ўтамиз, DV лотерея дастурига қабул 2011 йил 4 октябрдан 2011 йилнинг 5 ноябрига қадар давом этган эди.
Аризачи Мақомини Текшириш (Entrant Status Check) лотереяда ютган ёки ютмаганлигингизни билишнинг ягона йўли. Лотерея ютган ва ютмаган барча аризачилар Аризачи Мақомини Текшириш йўли орқали ўз лотерея натижаси ҳақида хабардор бўлиши мумкин. Бунинг учун сиз www.dvlottery.state.gov веб-сайтига ташриф буюриб, тасдиқ хатида сизга берилган тасдиқ номерини вебсайтга киритишингиз лозим бўлади.

Агар лотерея ғолибларидан бири бўлсангиз, веб-сайт сизга ушбу босқичдан кейин нима қилиш кераклиги ҳақида маълумотларни тақдим этади. Кентуки Консуллик Маркази ғолибларга лотерея натижаларини почта ёки электрон почта орқали юбормайди.

Агар тасдиқ хатини йўқотган бўлсангиз, лотерея натижаси ҳақида маълумот олишнинг бошқа иложи йўқ. Кентуки Консуллик Маркази аризачиларга тасдиқ хатини қайта юбормайди. Гунинг учун ҳам тасдиқ хатини ишонарли жойда сақлаб қўйиш ўта муҳим ҳисобланади.

DV Дастурида қанча киши ғолиб бўлиши мумкин?

DV 2013 Дастури учун 50 минг виза ажратилган. DV лотерея дастурида ғолиб деб топилганингиз билан, 50 мингта ваъда қилинган визалардан бирини олиш сизга насиб қилмаслиги мумкин.

Лотерея натижалари эълон қилингач, ҳар ой виза олиш учун ҳужжатлари тайёр аризачиларга виза берилади. 50 минг виза ғолибларга бериб бўлингач, дастур ўз ишини якунлайди. 2013 йил 30 сентябргача визалар тугаб кетиши мумкин. DV лотереяда ғолиблик сизга виза олишни кафолатламайди, бу шунчаки виза олиш учун мақомингиз яроқли эканлигини билдиради. Баъзи бир сабабларга кўра, ҳужжатларингизни ўз вақтида ёки тезроқ тайёрлаб улгурмасангиз, ваъда қилинган 50 минг виза тугаб кетиши ва натижада сиз лотерея ғолиб бўлсангиз ҳам, виза ололмаслигингиз мумкин. Шунинг учун ҳам лотереяда ғолиб деб топилганларга виза ҳужжатларини дарҳол тайёрлашлари тавсия қилинади.

Лотерея натижаларидан сўнг, виза олиш учун қанча вақт кетади?

DV 2013 лотерея ғолиблари фақатгина 2012 йил 1 октабрдан 2013 йил 30 сентабргача бўлган муддат оралиғида виза олиш учун ҳужжат топширишлари мумкин. Виза олишни белгиланган муддатдан кейинга суришга рухсат берилмайди. 2013 йил 30 сентабргача виза олиб улгурмаган ғолиблар кейинги йил виза олиш имкониятидан маҳрум бўлади. Шунингдек, аризачига ҳамроҳ бўлган аризачиниг эр/хотини ва фарзандлари ҳам юқорида кўрсатилган муддат ичида виза олиб улгуриши шарт.

Лотерея натижаларидан сўнг ғолиб аризачи уйланса нима бўлади?

DV лотереясини ютгандан сўнг аризадаги мақомлардан бирортаси, масалан, яшаш жойи ўзгарса, турмуш қурса/уйланса, фарзандли бўлса, ғолиб Кентуки Консуллик Марказини бу ҳақда хабардор қилиши лозим.
Бундан ташқари, ғолиб эри/хотини ёки янги туғилган фарзанди учун иммиграция божини тўлаши керак. Аризага қўшилган янги аъзо ҳам DS 230 формасини тўлдириши лозим.
Турли хил қаллобликларнинг олдини олиш учун АҚШ ҳукумати лотерея натижасидан сўнг уйланган/турмуш қурган ғолибларни жиддий текширувдан ўтказади.

Лотерея ғолиби АҚШда бўлса, муҳожирлик мақомини АҚШдан туриб ўзгартириши мумкинми?

АҚШда бўлган лотерея ғолиблари АҚШ Фуқаролик ва Иммиграция Хизматига ариза топшириб, АҚШда доимий яшовчи мақомини олиши мумкин. Ариза бир мунча узоқ вақтга чўзилиши мумкин. Бу муддат давомида аризачига ва унга аризада ҳамроҳ бўлганларга (эри/хотини, рафиқаси) ишлаш учун рухсат берилади ва саёҳат ҳужжатларига эга бўлиши мумкин.

Лотерея натижалари чиққан пайтда ғолиб хорижий давлатда бўлса, қандай визага ҳужжат топшириши керак?

Хорижда бўлган ғолиб АҚШнинг хориждаги консуллик бўлими ёки элчихонасида муҳожирлик визаси учун ҳужжат топшириши мумкин. Ғолиб виза олиш учун ҳужжатларни топширсагина белгиланган миқдордаги божни тўлаши лозим бўлади.

АҚШ консуллик муассасасида виза учун ҳужжат топширган ҳар бир аризачи ва унга ҳамроҳ бўлган оила аъзолари DV амал қилиши учун ва муҳожирлик визаси божини тўлаши лозим бўлади. Иккала бож ҳам, агар виза бериш рад етилса, қайтариб берилмайди. Виза берилса, виза қўйилганлиги учун алоҳида бож ҳар бир виза учун олинади.

Виза олиш учун ариза ғолиб туғилган давлатдаги ёки охирги яшаётган хорижий мамлакатидаги АҚШ элчихонаси ёки консуллик муассасасида топширилиши керак. Хорижий давлатда виза учун ҳужжат топшираётган ғолиблар Кентуки Консуллик Марказидан белгиланган виза учрашувидан 4 дан 6 ҳафтагача олдин бўлган муддатда учрашув белгиланганлиги ҳақида хат олади.

Хорижда туриб визага ҳужжат топшириш жараёни АҚШда туриб муҳожирлик мақомини ўзгартириш жараёнига қараганда қисқа вақт олади.

АҚШ ҳукумати DV лотереяси ғолибларига молиявий ёки бошқа бирор кўринишдаги, масалан, сафар харажатлари, иш топиш, соғлиқни сақлаш, уй-жой топиш ва уларга тўлаш бўйича ҳеч қандай ёрдам бермайди. Муҳожирлик визасини олиш пайтида, ҳар бир ғолиб АҚШда ишлаб, яшаб кета олишга қодирлигини ва АҚШ давлати ёрдамига таянмаслигини исботлаши лозим бўлади. Бунинг учун шахсий ҳисобингизда қанча миқдорда пул ва бошқа мулкингиз мавжудлигини кўрсатишингиз, АҚШдаги қариндош ёки танишларингизнинг сизга юборган иш таклиф хатларини кўрсатишингиз лозим бўлади.

Дилором АБДУЛЛАЕВА тайёрлади.

SHARE