Ўзбекистондаги энг йирик уяли алоқа компанияларидан бири — МТС лицензиясидан маҳрум бўлиши мумкин

Ўзбекистон Давлат алоқа инспекцияси тарқатган хабарларга қараганда, мамлакатдаги энг йирик мобиль алоқа компанияларидан бири — МТС бренди остида фаолият юритадиган “Ўздунробита” ўз лицензиясидан маҳрум бўлиши мумкин. Бунга сабаб Инспекция мутахассислари томонидан ўтказилган мониторинг давомида компания тизимида бир қатор камчиликлар топилган. Хусусан, мижозлардан бўлаётган мурожаатларга қараганда, компания томонидан кўрсатилаётган алоқа хизмати сифати бирмунча пасайган. Қолаверса, жойларда 48 та базавий уяли алоқа станциялари ноқонуний ишлатилган. Бундай қоидабузарликлар Тошкент шаҳрида, Сурхондарё, Самарқанд, Андижон, Қашқадарё, Наманган, Жиззах вилоятларида, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида кузатилган.

Мазкур ҳолат бўйича Давлат алоқа инспекцияси томонидан “O‘ZDUNROBITA” ХИЧКга тегишли қўрсатма тақдим этилди ва ноқонуний эксплуатация қилинаётган таянч станциялардан фойдаланишни кўрсатма олган олган кундан бошлаб тўхтатилиши кўрсатиб ўтилган.

Шунингдек, кўрсатма билан юклатилган вазифалар бажарилмаган тақдирда, қонунчиликда белгиланган тартибда, “O‘ZDUNROBITA” ХИЧКга берилган тегишли лицензияни амал қилиш муддатини тўхтатиб туриш ёки тугатиш чоралари кўрилиши маълум қилинган.

Бундан олдинроқ оммавий ахборот воситаларида “МТС—Ўзбекистон” уяли алоқа компаниясининг бошлиғи Беҳзод Аҳмедовнинг мамлакатдан қочиб кетганлиги ҳақида ахборотлар пайдо бўлган эди. Хусусан, МТС компанияси президенти Андрей Дубовсков Ўзбекистон Бош прокуратурасига хат билан мурожаат қилиб, Аҳмедовни компания мулкларини ўзлаштирганликда айблаб, уни халқаро қидирувга беришни сўраган.

МТС компанияси Россия Федерацияси ва Мустақил Давлат Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар ҳудудида телекоммуникация хизматларини кўрсатади. Унинг абонентлари сони 100 миллион нафардан ортиқ бўлиб, хусусанда, Ўзбекистонда 9 миллион нафардан ортиқ МТС мижозлари борлиги қайд этилади.

SHARE