АҚШ фуқароларининг отаси — Миср президенти

Якшанба куни Миср марказий сайлов комиссияси анчадан бери кутилаётган мамлакат президентлиги учун бўлиб ўтган сайлов натижаларини эълон қилди. Унга кўра, сайловда “Мусулмон биродарлар” радикал кайфиятдаги сиёсий ташкилоти номзоди Муҳаммад Мурси 51,7 фоиз овоз тўплаб, Миср президенти бўлди.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Муҳаммад Мурси 1951 йилда деҳқон оиласида туғилган бўлиб, АҚШда муҳандисликдан таҳсил олган. Беш нафар фарзанди бўлиб, уларнинг икки нафари АҚШ фуқароларидир.

Мурсининг асосий рақиби — собиқ президент Ҳусни Муборак даврида бош вазир бўлган Аҳмад Шафиқ 48,3 фоиз тўплаган. Экспертларнинг фикрича, Шафиққа овоз берганларнинг аксарияти Мисрда дунёвий ҳокимиятни сақлаб қолиш, мамлакатнинг анча кескин қарашдаги “Мусулмон биродарлари” қўлига тушиб қолишидан хавфсираб овоз берган.

Икки номзод тўплаган овозлар ўртасидаги тавофутнинг жуда кам эканлиги Миср аҳоли ўртасида фикрлар қарама-қаршилиги ва ижтимоий беқарорлик сақланиб қолаётганини кўрсатмоқда. Шу боисдан ҳам сайлов натижалари эълон қилиниши биланоқ ўз электорати олдида чиқиш қилган Мусри мамлакат аҳолисини миллий бирдамликка чақириб, барча мисрликлар учун хизмат қилажагини қайд этди. Албатта, бу жуда зарур эди. Чунки радикал қарашдаги “Мусулмон биродарлари” ташкилоти вакилининг ҳокимият тепасига келиши дунёвий жамият тарафдорлари, шунингдек, бошқа дин вакилларида кўплаб саволларнинг туғилишига сабаб бўлган эди. Мурси, шунингдек, инқилобни охиригача етказиш, мамлакатда “тинчликни ўрнатиш”га ваъда берди.

Шу ўринда Мурси мамлакатни бошқаришда қандай ваколатларга эга бўлиши ҳозирча қоронғу эканлигини қайд этиш жоиз. Негаки, Миср олий ҳарбий кенгаши Олий суд қарори асосида парламентни тарқатиб юборди ва амалдаги конституцияга ўзгартиришлар киритди. Унга кўра, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётининг энг муҳим воқеалари бўйича қарор қабул қилиш, чунончи, Конституция ва бир қатор қонунларни қабул қилиш ваколатини ўзига қабул қилиб олди.

Ҳарбий кенгаш катта ваколатларга эга эканлигини чуқур англаган Мурси мамлакат расмий телевидение орқали қилган чиқишида ушбу ташкилотга ташаккур билдириб ўтди.

Халқаро жамоатчилик Мисрдаги воқеалар юзасидан ўз мулоҳазаларини билдириб ўтишди. Чунончи, АҚШ Давлат котиби Миср ҳаётида янги босқич бошланаётганига урғу берган. Лекин шундай бўлса-да, Миср истиқболда қайси йўлдан юриши номаълумлигича қолмоқда. Хусусан, Исроил бош вазири Натаняҳу “ўзаро ҳамкорлик аввалгидек ўзгармасдан” қолишига умид билдирган. Сўнгги маълумотларга қараганда, Мурси Эрон билан ҳамкорликни янада жадаллаштириш тарафдори эканлигини қайд этган. Буни дунё ҳамжамияти учун ўзига хос даъват ҳам дейиш мумкин.

SHARE