Лондон олимпиадаси: “пул кетса кетсин, обрў кетмасин”

Ҳадемай Лондонда XXX Олимпия ўйинларига старт берилади. Ўз моҳияти ва ғоясига кўра, тинчлик ва бағрикенгликни тарғиб қиладиган мазкур спорт анжуманини ўтказиш ҳар бир давлат учун ниҳоятда муҳим ҳисобланади. Шу боис ҳам ҳар тўрт йилда бир марта ўтказиладиган мазкур тадбирга давлат бюджетидан катта миқдорда маблағлар йўналтирилади.

Эътиборли жиҳати шундаки, олимпиада ўйинларини ўтказиш учун сарф-харажатлар кўп ҳолатларда мўлжалдагидан ортиб кетади. Бу мусобақа тадбирларининг бошланғич лойиҳасини молиялаштириш бўйича ҳисоб-китобларнинг кескин ўзгариши билан ҳам боғлиқ. Said Business School экспертларининг ҳисоб-қитоб қилишича, Лондон олимпиадасининг харажатлари ҳам бошланғич қийматидан икка баробар ошиб кетган. Бу Атлантадаги олимпия ўйинларидан кейинги харажатлар ошиб кетган мусобақадир. Чунки 1996 йилда Атланта олимпиадаси ташкилотчилари мусобақа бюджети миқдорини 147 бараварга оширишга мажбур бўлишган эди.

Bloomberg ахборот агентлигининг ёзишича, Лондон олимпиадаси ташкилотчилари мазкур спорт анжуманига тайёргарлик жараёнида инвесторларнинг иштирокига ниҳоятда катта ишонч билан қарашгани, қолаверса, хавфсизлик талабларини кучайтириш чораларини кўзда тутмаганлиги харажатларнинг ортиб кетишига сабаб бўлган. Мазкур нуфузли турнирни ўтказишга, Said Business School экспертларига кўра, 13,1 миллиард (8,4 миллиард фунт стерлинг) доллар сарфланади. Ваҳоланки, Лондон 2005 йилда Халқаро олимпия қўмитасига ариза топширганда, мусобақага тайёргарлик ва уни ўтказишга 4,2 миллиард фунт харажат кетишини таъкидлаган эди.

Said Business School таҳлилчиларига қараганда, олимпиада ўйинларида харажатлар мунтазам ошиб келган. Масалан, сўнгги 17 та ёзги олимпия ўйинларининг харажатлари 179 фоизга кўпайган. Уларнинг фикрича, харажатларнинг кўпайиб кетиши одатий жараён. Чунки аксарият давлатлар олимпиадани ўтказиш ҳуқуқини олиш мақсадида лойиҳанинг жозибадорлигини оширишга ҳаракат қилишади. Бунда харажатлар камайтирилиб, даромадлар ошиғи билан кўрсатилади. Олимпиада харажатлари энг кам ўзгарган шаҳарлардан бири — шубҳасиз, Пекин олимпиадасидир. Ўшанда тўртйилликнинг мазкур айёми харажатлари бор-йўғи 4 фоизга ошиб кетган.

Шунинг учун ҳам олимпиада ўйинлари жуда катта харажат қилинса-да, ташкилотчилар буни тан олишмайди. Ҳатто мамлакат ушбу спорт анжуманидан яхшигина даромад ҳам кўролмайди. Лекин “Пул кетса кетсин, обрў кетмасин” ҳикматига амал қилишиб, харажатларни кескин оширишга мажбур бўлишади.

SHARE