Олий суд Обама маъмуриятига қисман қўшилмади

Маълумки, АҚШда иммиграция билан боғлиқ барча масалалар федерал қонунлар билан тартибга солинади. Аммо кейинги йилларда ноқонуний иммигрантлар сонининг муттасил ошиб бораётгани штатларни тегишли чоралар кўришга ундамоқда. Сўнгги маълумотларга қараганда, АҚШда 11-13 миллион атрофида ноқонуний иммигрант бўлиб, ушбу муаммо АҚШ ғазнасига йилига 130 миллиард доллар зарар келтирмоқда. Мексика билан умумий чегарага эга Аризона штати бундан икки йил муқаддам, яъни 2010 йилда ўз қонунини қабул қилган эди. Ушбу қонун билан улар ноқонуний иммиграцияга янада қаттиқроқ усулда қарши курашиш нормаларини жорий этишди.

Ноқонуний иммиграция масалаларида либерал чораларни ваъда қилган Барак Обама маъмурияти Аризона штатининг бу хатти-ҳаракати Конгресс фаолиятига дахл қилади, дея Олий судга мурожаат этди. Ўз навбатида, Аризона штати ҳукумати бу қонун федерал ҳукумат уларни ноқонуний иммигрантлардан ҳимоя қила олмаган охирги чора бўлганини қайд этишди. Мазкур қонун полицияга ҳар қандай шубҳа уйғотувчи шахсни тўхтатиши ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатни сўраш ҳуқуқини берар эди. Шубҳали шахс, албатта, Аризона штатида латиноамерикаликлар бўлиши тайин эди. Бу одамларга танасининг рангига қараб муомала қилишга, яъни расизмга йўл очади, деб ҳисобларди инсон ҳуқуқи ҳимоячилари.

Федераль мазкур қонуннинг айрим моддаларини ҳаётга татбиқ этишни тўхтатиб қўйди. Лекин Аризона штати бунга рози бўлмасдан, АҚШ Олий судига мурожаат қилишга мажбур бўлди. Олий суд томонидан чиқарилган ҳукмда ушбу қонуннинг асосий нормалари ўз кучини сақлаб қоладиган бўлди.

Хусусан, Олий суд анча баҳсли бўлган полиция томонидан тўхтатилган шахсларнинг иммиграция мақомини текширишни қонуний деб топди. Айни пайтда Аризона штати қонунидаги учта жиҳатни жуда чуқурлашиб кетганлиги учун ноқонуний деб топди. Яъни ноқонуний иммигрантларнинг ишлашини жиноят деб баҳолаш ҳамда улардан доимо шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни олиб юришни талаб қиладиган нормаларни жорий қилиш федерал қонунчиликка тегишли эканлигини қайд этди.

Шу боис Олий суднинг барча судьялари штатга мазкур қонунни қайта ишлаш ҳақида кўрсатма бериб, уни амалдаги конституциявий меъёрларга мослаштиришни талаб қилди.

SHARE