Ўзбекистонда бир ярим тоннадан ортиқ гиёҳванд модда йўқ қилинди

    Photo by gazeta.uz

    Сергели туманида 26 июнь – Халқаро наркотик моддаларни суиистеъмол қилиш ва уларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш куни муносабати билан Миллий хавфсизлик хизмати ҳамда мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан наркобизнесга қарши кураш давомида мусодара қилинган гиёҳвандлик воситаларининг навбатдаги тўпламини йўқ қилиш тадбири ўтказилди.

    Домна печларида 1 тонна 650 килограмм гиёҳвандлик воситалари йўқ қилинган. Жумладан, 499 кг. героин, 597 кг. қорадори, 302 кг. гашиш, 240 кг. марихуана, 9 кг. кўкнори, 758 туп наша ўсимлиги, кўплаб таблетка ва эритмалар шаклидаги психотроп моддалар ёқиб юборилди.

    Маълумки, республикада амал қилаётган тартибга мувофиқ, судда ашёвий далил сифатида ўтган гиёҳвандлик воситалари ҳукм қонуний кучга киргач, махсус печларда Наркотик моддаларни назорат қилиш давлат комиссияси аъзолари томонидан барча ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органлари вакиллари иштирокида махсус печларда ёқиб, йўқ қилинади.

    Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази маълумотларига қараганда, 2011 йилда наркотикларнинг ноқонуний айланиши билан боғлиқ жиноятлар сони 8171 тани ташкил этган. Бу 2010 йилга нисбатан 683 тага камдир.

    Афғонистонда етиштирилган опий ва героин Ўзбекистон ҳудудига асосан Тожикистон, Қирғизистон ва Амударё орқали бевосита Афғонистондан Сурхондарё вилояти, жануби-шарқда Самарқанд ва Сирдарё вилоятлари, шимоли-шарқда Фарғона водийси ва Тошкент вилоятига кириб келади.

    2011 йилда наркожиноятлар учун 107 нафар чет давлатлар фуқароси, чунончи, Тожикистоннинг 32, Афғонистоннинг 21, Россиянинг 17, Қозоғистоннинг 12, Қирғизистоннинг 7, Туркманистон ва Эроннинг 3 нафардан, Озарбайжон, Туркия ва Франциянинг 2 нафардан, шунингдек, Буюк Британия, Испания, Италия, Литва, Чехия, Швейцария Арманистон, Озарбойжон, Украина ва Туркиянинг бир нафардан фуқароси қўлга олинди. Улардан 182,45 кг. наркотик, шунингдек, 1291 таблетка ва 50 ампулада психотроп моддалар ҳамда 274 литр прекурсор мусодара этилди.

    Республика суд органлари томонидан 2011 йилда 3922 та жиноят иши кўрилиб, 5248 нафар шахсга нисбатан тегишли жазо чоралари қўлланилди.

    Тадбирда БМТнинг Марказий Осиёда Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг минтақавий ваколатхонаси, давлат ва жамоат ташкилотлари, мамлакатимизда фао­лият юритаётган дипломатик корпус вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

    SHARE