Андижонда Миржалол Қосимов номидаги футбол мактаби очилади

“Бунёдкор” футбол клуби расмий веб-сайти маълмуотларига қараганда, Андижон вилоятининг Избоскан тумани Пойтуғ шаҳарчасида янги спорт иншооти фойдаланишга топширилиш арафасида турибди. Сайт тарқатган хабарда келтилиришича, ушбу спорт мажмуасида Ўзбекистон футболининг ёрқин юлдузларидан бири, ҳозирги кунда “Бунёдкор” футбол клуби, шунингдек, Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимов номидаги футбол мактаби очилади.

Мазкур футбол мактабининг очилиш маросими 30 июнь куни бўлиб ўтади. Сайт “Эътиборлиси, ушбу футбол мактаби Миржалол Қосимов номи билан юритилади. Мустақиллик йилларида бундай футбол мактаби мамлакат миқиёсида биринчи бор ташкил этилаётгани қувонарлидир”, деб ёзади.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Ўзбекистонда инсон ҳали тирик бўла туриб, бундай ижтимоий аҳамиятга эга иншоотларга унинг номини бериш унчалик кенг тарқалмаган.

Янги футбол мактабининг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Тошкентнинг “Бунёдкор” футбол клуби бош мураббийи Миржалол Қосимов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи ва таниқли шархловчи Ахбор Имомхўжаев иштирок этади.

“Миржалол Қосимов номидаги футбол мактаби” ўз номига мос равишда клубларимиз, миллий терма жамоамиз учун янгидан-янги юлдузларни тарбиялаб, Миржалол Қосимов сингари фидойи, шижоатли, жасур футболчиларни етиштириб беради, деб ният билдиради “Бунёдкор” футбол клуби веб-сайти.

SHARE