Ўзбекистон ОДКБдаги аъзолигини тўхтатди

    Ўзбекистон Республикаси Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти фаолиятидаги ўзининг иштирокини тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг ушбу масала бўйича тегишли нотаси шу йилнинг 20 июнь куни Ташкилот Котибиятига юборилган. Бу ҳақда “Жаҳон” ахборот агентлиги расман ахборот берган.

    Ўзбекистон бу хатти-ҳаракатини Афғонистон билан боғлаган. Чунончи, Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги вакилигига таяниб “КоммерсантЪ” газетасининг ёзишича, Ўзбекистон ОДКБнинг Афғонистон бўйича стратегик режаларидан қониқиш ҳосил қилмаганлиги боис ушбу мамлакат билан икки томонлама ҳамкорликка кўпроқ урғу бермоқда. Қолаверса, расмий Тошкент ОДКбга аъзо-давлатлар ўртасида ҳарбий ҳамкорликнинг кучайиб бораётганига ҳам ўз эътирози борлигини қайд этган. Умуман, “Ўзбекистон ОДКБдан чиқиш сабабларини нотада тўлиқ акс эттирган”, деб маълумот беради Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигининг исми ошкор қилинмаган вакили. Шуни қайд этиш керакки, Ўзбекистон ОДКБ томонидан уюштирилган қатор ҳарбий машғулотларда фаол иштирок этишдан тийилиб келаётган эди.

    Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Ўзбекистон ОДКБ таркибидан чиқмади, балки ташкилот Уставида кўзда тутилганидек, ташкилотда аъзолигини тўхтатди. Бу атама замирида ҳам ўзига хос маъно бўлиши турган гап.

    Шуни алоҳида қайд этиш керакки, сўнгги вақтларда ОДКБ доирасида бир қатор қарорлар қабул қилиндики, ушбу ҳужжатлар унга аъзо давлатларнинг айрим қарорларни қабул қилишдаги мустақиллигини чеклаб қўяди. Хусусан, ОДКБга аъзо давлатлар ўз ҳудудида ташкилотга аъзо бўлмаган бошқа давлат ҳарбий базасини очиш учун бошқа аъзо давлатларнинг розилигини олиши талаб қилинади.

    Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Афғонистонда тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга кўмаклашиб келаётган НАТО шафелигидаги халқаро кучлар 2014 йилда ўз миссиясини якунлайди. 2001 йилда бошланган ҳарбий ҳаракатлар толиблар режимига барҳам берган бўлса-да, лекин улар ҳали ҳам нафақат Афғонистон, балки минтақа учун хавф бўлиб қолмоқда. Шу маънода айтганда, Ўзбекистон Афғонистон билан умумий чегарага эга бўлганлиги боис бу муаммога жиддий эътибор қаратади. Шу боис мамлакат ўз хавфсизлигини таъминлаш учун имкон қадар мақбул қарор қабул қилишга ҳаракат қилади.

    Россия оммавий ахборот воситаларида чиқиш қилаётган турли “экспертлар ва журналистлар” Ўзбекистон хатти-ҳаракатларида АҚШ ролини бўлиши мумкинлигини таъкидлашмоқда.

    SHARE